48

Жорий йилнинг 28-ноябр куни “Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Марказида Ўзбекистон республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди, Ўзбекистон социологлар ассоциацияси, Ўзбекистон республикаси Фанлар академияси, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон республикаси  Миллий Маркази ҳамкорлигида "Ўзбекистонда жамоатчилик фикрини ўрганиш ва шакллантиришнинг долзарб муаммолари: усуллар, назария ва амалиёт" доимий илмий-амалий семинари доирасида "Янги Ўзбекистон ёшлари: қадриятлар йўналишлари ва ўзини ўзи рўёбга чиқариш истиқболлари" мавзусида "Академик Раъно Убайдуллаева номидаги йиллик социологик ўқишлар" бўлиб ўтди.

Қадриятлар йўналишлари афзалликлари ва ёшларнинг ижтимоий-маданий маконга интеграциялашуви масалаларини тадқиқ этиш гуманитар билимлар соҳасида муҳим ўрин тутади. Ёшлар исталган мамлакат аҳолисининг ҳар қандай ижтимоий-иқтисодий лойиҳаларга анча осон жалб этиладиган энг ижтимоий фаол қисми ҳисобланади. Ёшлар жамиятнинг ривожланиш даражасини мерос қилиб оладилар, келажак моделини шакллантирадилар, шунинг учун ҳам давлат ёшларни мамлакатнинг узоқ муддатли истиқболда изчил ривожланиши учун локомотив вазифасини бажарадиган ва ҳаётнинг барча соҳаларида ролини ҳисобга олиш керак бўлган инновацион салоҳият деб қабул қилади.

Мамлакатимизнинг келажаги эса кўп жиҳатдан ёшлар ўртасида таълим орқали қандай қадриятлар шаклланишига боғлиқдир. Ўзбекистон Президенти Ш.M.Мирзиёев 2024 йилни “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили” деб эълон қилиши билан мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида ёшларнинг ролини кучайтиришга интилишини билдирди.

Мазкур семинар Ўзбекистон республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди кўмагида ташкил этилди.

Илмий-амалий семинар иштирокчилари ҳозирги тарихий даврга хос жадал глобал ўзгаришлар шароитида миллий таълим тизимини ислоҳ қилиш жараёнини ўрганиш бўйича фикр ва тажриба алмашдилар.

Семинар давомида янги воқелик шароитида Ўзбекистон жамиятини ривожлантириш стратегияси, жамият тараққиётининг ҳозирги босқичида ёшларнинг қадриятлар йўналишлари динамикаси муаммолари муҳокама қилинди.

Мажлисда жамоатчилик фикрини ўрганиш социологияси соҳасидаги етакчи тадқиқотчилар ва амалиётчиларнинг ўз маърузалари билан иштирок этишди. Маърузаларнинг  мавзулари ёшлар ва уларнинг ижтимоий муаммоларига  эътиборни кучайтириш зарурати, ёшлар билан ишлаш воситалари, шакл ва усулларини аниқлаш масалаларига мувофиқ бўлиб, улар ушбу аҳоли гуруҳининг иқтисодий, ёш, психологик ва ижтимоий хусусиятларини, унинг ижтимоий мавқейини билиш билан бевосита боғлиқдир.

Мазкур семинардаги илмий маърузаларнинг аҳамияти шундаки, уларда замонавий ёшлар қадриятлари ва қадриятлар йўналишларининг социологик таҳлили амалга оширилган; ёшларнинг ҳаётий қадриятлари ва йўналишларига таъсир қилувчи асосий омиллар аниқланган; таълим, Интернет-макон, санъат ва ҳ.к.ларнинг ёшларнинг ҳаётий қадриятларини шакллантиришга таъсири таҳлил қилинган.

Шунингдек, иштирокчилар "Янги Ўзбекистон ёшлари: қадриятлар йўналишлари ва ўзини ўзи рўёбга чиқариш истиқболлари" мавзусидаги халқаро илмий-амалий семинарни долзарб масалаларни ҳамкасблари билан муҳокама қилиш, уларни ҳал этиш йўлларини топиш, назарий ва амалий масалаларда ўз касбий даражасини ошириш имконини берган муҳим илмий тадбир сифатида баҳоладилар.

Илмий-амалий семинар якунлари бўйича Ўзбекистонда ёшларнинг ўзини ўзи рўёбга чиқариши учун шарт-шароитларни яхшилаш бўйича қатор тавсиялар ишлаб чиқилди. Илгари аниқланган муаммоларни бартараф этиш учун давлат, таълим муассасалари ва жамиятнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари орқали амалга ошириш имкони бўлган бир нечта ечимлар таклиф қилинди.