29.03.2025
31
Жорий йилнинг 28 март куни “Ижтимоий фикр” Республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази мажлислар залида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш масалалари қўмитаси, жамоат ташкилотлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари, ихтисослаштирилган олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари иштирокида илмий-амалий семинар бўлиб ўтди.
Замонавий глобаллашув шароитида жамоатчилик фикрини ўрганиш ва шакллантиришга оид илмий-амалий тадқиқотларнинг роли тобора ортиб бормоқда. Ушбу жараён, айниқса, Ўзбекистон жамиятининг ижтимоий-иқтисодий, маданий ва сиёсий трансформациялари шароитида, долзарб масала сифатида кўриб чиқилмоқда. Шу нуқтаи назардан, "Ижтимоий фикр" Республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан ташкил этилган доимий илмий-амалий семинар доирасида "Замонавий Ўзбекистон жамиятида ижтимоий воқеликнинг хусусиятлари" мавзусида навбатдаги давра суҳбати ўтказилди.
Мазкур давра суҳбатини “Ижтимоий фикр” Республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази директори Рахимова Нигина Хайруллаевна қутлов сўзи билан очиб бердилар ва замонавий дунёда жамоатчилик фикри нафақат ижтимоий ва сиёсий жараёнларнинг ўлчовчи индикатори, балки ислоҳотларнинг самарадорлигини баҳоловчи муҳим мезон сифатида намоён бўлаётганлигини таъкидладилар ва семинар ишига муваффақият тиладилар.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш масалалари қўмитаси раиси Агзамова Гулрух Анваровна сўзга чиқиб, - жамоатчилик фикрининг илмий таҳлили асосида ташкил этилаётган ушбу давра суҳбати нафақат назарий, балки амалий аҳамиятга ҳам эга. Унда билдириладиган таклиф ва мулоҳазалар мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини бойитишга, фуқароларнинг ижтимоий фаровонлиги ва ҳуқуқий онгини юксалтиришга хизмат қилиши шубҳасиз. Ишонаманки, бугунги тадбир очиқ ва конструктив мулоқот, илмий фикрлар ва амалий таклифларга бой ўтади деб таъкидладилар ва семинар ишига муваффақият тиладилар.
Бугунги Ўзбекистон – жадал ривожланаётган, ислоҳотлар жараёни кенг кўламда амалга оширилаётган мамлакатдир. Сўнгги йилларда Ўзбекистон ҳукумати демократик институтларни ривожлантириш, фуқаролик жамиятини мустаҳкамлаш, коррупцияга қарши курашиш ва аҳолининг ижтимоий-иқтисодий фаровонлигини ошириш борасида муҳим қадамларни ташламоқда. Бу жараёнлар, ўз навбатида, жамоатчилик фикрининг шаклланиши ва ўзгаришига бевосита таъсир кўрсатмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган "Янги Ўзбекистон" стратегияси доирасида инсон ҳуқуқлари, очиқлик ва ошкоралик тамойилларига асосланган ислоҳотлар илгари сурилмоқда. Фуқароларнинг жамият ҳаётидаги фаоллиги ортиб бораётган бўлса, ижтимоий тармоқлар ва оммавий ахборот воситалари орқали очиқ мулоқот маданияти шаклланмоқда. Ушбу ижтимоий ва сиёсий ўзгаришлар жамоатчилик фикрининг шаклланишида янги тенденсияларни юзага келтирмоқда.
Мазкур жараёнларни илмий ўрганиш ва таҳлил қилиш долзарб аҳамият касб этиб, “Ижтимоий фикр” Республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан олиб борилаётган тадқиқотлар ушбу масалаларни чуқур ёритишга хизмат қилади.
Семинар доирасида етакчи экспертлар томонидан муҳим илмий маърузалар тақдим этилди ва атрофлича муҳокама қилинди. Хусусан, қуйидаги маърузалар тингланди ва таҳлил қилинди:
Алексеева Виктория Сергеевна – “Ижтимоий фикр” РЖФЎМ директорининг биринчи ўринбосари, социология фанлари бўйича фалсафа доктори, PhD. “Жамоатчилик фикри – 2022-2024” (ўтказилган социологик тадқиқот натижалари асосида) номли маъруза билан иштирок этди.
Сеитов Мансур Шерикбаевич – “Ижтимоий фикр” РЖФЎМ директорининг илмий ишлар бўйича ўринбосари, социология фанлари бўйича фалсафа доктори, PhD. – “Коррупция ва коррупциявий ҳолатларнинг жамият ҳаётига тарқалганлик даражаси жамоатчилик онгида идрок этилишини баҳолаш” номли маъруза билан иштирок этди.
Таджибаев Азизбек Баходир ўғли – “Ижтимоий фикр” РЖФЎМ таҳлилий бўлим мудири – “Замонавий оила ва никоҳнинг барқарорлиги масалаларини ўрганишдаги айрим тенденциялар” номли маърузаси билан иштирок этди.
Муратов Тимур Равилевич – “Ижтимоий фикр” РЖФЎМ ахборот технологиялари ва ахборот хавфсизлиги хизмати раҳбари – “Рақамли макондаги таҳдидлар ва даъватлар” номли маъруза билан қатнашди.
Мазкур семинар доирасида жамоатчилик фикрининг шаклланиши ва унинг ижтимоий жараёнларга таъсирини чуқур илмий таҳлил қилиш билан бирга, замонавий социологик тадқиқот услублари орқали жамиятнинг долзарб муаммоларини аниқлаш ва уларга илмий-амалий ёндашувлар ишлаб чиқиш муҳокама қилинди. Шу билан бирга, семинар доирасида жамиятдаги ижтимоий трансформацияларни комплекс ўрганиш, жамоатчилик фикри ривожланишига таъсир этувчи ички ва ташқи омилларни таҳлил қилиш масалалари ҳам атрофлича ўрганилди.
Семинар давомида етакчи социологлар, сиёсатшунослар, ижтимоий психологлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда фуқаролик жамияти институтлари мутахассислари томонидан долзарб илмий маърузалар ва таҳлилий ҳисоботлар тақдим этилди. Мазкур илмий-амалий семинар ижтимоий фанлар соҳасидаги янги илмий натижалар билан танишиш, амалий тажриба алмашиш ҳамда келажакдаги илмий тадқиқотлар учун мустаҳкам пойдевор яратиш имкониятини тақдим этади.
Семинар якунида иштирокчилар томонидан жамоатчилик фикрини ўрганишнинг долзарб масалалари юзасидан илмий ва амалий фикр-мулоҳазалар билдирилди. Тадбир давомида муҳокама қилинган мавзулар бўйича таклифлар илгари сурилди ҳамда келгусида амалга оширилиши лозим бўлган тадқиқот йўналишлари белгилаб олинди. Иштирокчилар Ўзбекистонда ижтимоий воқеликни чуқур таҳлил қилиш, жамоатчилик фикрининг шаклланиши ва унинг жамият тараққиётига таъсирини ўрганишда замонавий илмий ёндашувлар муҳимлигини таъкидладилар.
Тадбир доирасида соҳа мутахассислари ва илмий-тадқиқот муассасалари ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш, эмпирик тадқиқотлар самарадорлигини ошириш ҳамда жамиятнинг ижтимоий эҳтиёжларига мос илмий тавсиялар ишлаб чиқиш юзасидан келишиб олинди.