118

2024 йил 27 июн куни «Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Марказида Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ва Юксалиш ҳаракати нодавлат нотижорат ташкилоти ҳамкорлигида “Ўзбекистонда жамоатчилик фикрини ўрганиш ва шакллантиришнинг долзарб муаммолари: усуллар, назария ва амалиёт” доимий илмий-амалий семинарининг илмий мажлиси бўлиб ўтди.

Семинарнинг мавзуси: «Коррупция жамоатчилик фикри кўзгусида».

Шахс, жамият ва давлатнинг ўзаро муносабатлари соҳасидаги коррупцияга қарши фаолият муаммоларини кўриб чиқиш Янги Ўзбекистоннинг замонавий шароитида алоҳида ва долзарб аҳамият касб этади.

Мамлакатимиз Президенти Ш.M.Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган давлат сиёсатининг устувор вазифалари қаторида жамият онгини ўзгартириш, фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш орқали жамиятда коррупциянинг барча кўринишларига нисбатан муросасизлик муҳитини яратиш, давлат органлари, ташкилотлар ва фуқаролик жамияти институтларининг коррупцияга қарши курашиш, жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупциявий ҳолатларнинг олдини олиш масалалари юзасидан ўзаро ҳамкорлигини кучайтириш зарурлиги белгиланди.

Ўзбекистонда давлат органлари, ташкилотлари ва фуқаролик жамияти институтларининг коррупцияга қарши курашиш чора-тадбирлари самарадорлигини оширишга, жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупция ҳолатларига йўл қўймасликка, жамиятда коррупциянинг барча кўринишларига нисбатан муросасиз муносабатни яратишга йўналтирилган кенг кўламли чора-тадбирлар қабул қилинмоқда.

Мазкур илмий тадбирнинг асосий мақсади социологик сўровлар натижалари асосида коррупция, порахўрлик ва тамагирликка қарши курашиш самарадорлигини ошириш, давлат ташкилотлари, муассасалари, жамоат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари учун умуман бутун мамлакат аҳолиси, шунингдек, алоҳида ижтимоий қатламлар, айниқса, ёшлар онгида коррупция ва порахўрликка нисбатан салбий муносабатни ҳамда коррупция ва порахўрликнинг ҳар қандай шаклларига қарши фаол равишда муросасиз бўлишни шакллантириш бўйича таклифлар ва тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.

Илмий-амалий семинар иштирокчиларига «Фуқаролар Ўзбекистонда коррупция тўғрисида» мавзусида  ўтказилган социологик тадқиқотлар натижалари асосида тайёрланган маъруза ва видео-тақдимот тақдим этилди.

Шунингдек, ушбу тадбир иштирокчилари ўртасида “Ўзбекистонда жамоатчилик фикрини ўрганиш ва шакллантиришнинг долзарб муаммолари: усуллар, назария ва амалиёт” илмий семинари доирасида, фуқаролардан ўтказилган тадқиқот натижалари асосида, Ўзбекистон - 2030 стратегиясида кўрсатилган устувор мақсадлар ва асосий вазифалар қизғин муҳокама қилинди. 

Ўтказилган семинар якуни бўйича коррупция ва порахўрликка нисбатан фаол қарши курашиш бўйича таклиф ва тавсиялар қабул қилинди.