207

«Жамият барқарор ривожланишининг асоси сифатида таълимни таркибий модернизациялаш».

Жорий йилнинг 1 декабрь куни «Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Марказида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Ўзбекистон социологлари ассоциацияси, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ҳамкорлигида “Ўзбекистонда жамоатчилик фикрини ўрганиш ва шакллантиришнинг долзарб муаммолари: усуллар, назария ва амалиёт” доимий илмий-амалий семинарининг халқаро мажлиси бўлиб ўтди. Семинар мажлиси академик олима Раъно Убайдуллаева номидаги йиллик социологик ўқишлар доирасида ўтказилди.

Семинарнинг мавзуси: «Жамият барқарор ривожланишининг асоси сифатида таълимни таркибий модернизациялаш».

Семинардан кўзланган асосий мақсад, мамлакатимиз таълим мактабининг ижтимоий-иқтисодий мазмуни ва амалдаги фаолияти, таълим хизматлари бозорини шакллантириш ва уни Ўзбекистон иқтисодиёти шароитларига мослаштиришнинг ташкилий механизми ва бошқарув усулларини махсус ўрганиш, таълим соҳасини тез ва оғриқсиз модернизациялаш, илғор таълим технологияларига асосланган ҳолда ижтимоий соҳа ва иқтисодиёт тармоқларини ривожлантириш инклюзив таълимни шакллантириш ҳамда тўсиқсиз муҳитни барпо этишга оид тажриба алмашишдан иборат бўлди.

Халқаро семинарда даставвал семинарни очиш сўзини Г.В.Плеханов номидаги Россия Иқтисодиёт университетининг Тошкент шаҳридаги филиали директори, ЎзРФА академиги, и.ф.д., профессор Абдураҳмонов Қаландар Ходжаевич очиб бердилар. Шундан сўнг, Қозоғистон Республикаси Миллий фанлар академияси вице-президенти, Қозоғистон Республикаси МФА академиги, с.ф.д., профессор (Қозоғистон Республикаси) Шаукенова Зарема Каукеновна, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори ўринбосари, ф.ф.номзоди  Нуруллаева Шафоат Файзуллаевна, Бутун Россия жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази (ВЦИОМ) бош директори маслаҳатчиси, с.ф.н., (Россия) Михайлова Елена Александровна,  «Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази директори, и.ф.д. Рахимова Нигина Хайруллаевналар иштирок этиб мазкур семинар тўғрисида ўз фикрлари билан ўртоқлашди. 

Иштирокчилар халқаро илмий-амалий семинар улар учун ҳамкасблари билан анжуман мавзусининг долзарб масалаларни муҳокама қилиш ва уларнинг ечимини топиш имконини берган муҳим илмий воқеа бўлганлигини таъкидладилар.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси қошидаги Илмий кенгаш раиси, “Бошқарув   социологияси ва психологияси” кафедраси мудири, с.ф.д, профессор Бекмуродов Мансур Бобомуродович - “Янги Ўзбекистон – ижтимоий давлат социолог нигоҳида”, "Ижтимоий фикр" республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази тезкор тадқиқотлар бўлими раҳбари Сеитов Мансур Шерикбаевич - “Таълим сифатини модернизациялаш жамият  ривожланишининг асосидир” номли маърузалари билан иштирок этдилар.

Шунингдек семинарнинг тақдимот қисмида "Ижтимоий фикр" республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази, илмий ишлар ва инновация бўйича директор ўринбосари, социология фанлари бўйича фалсафа доктори PhD, профессор Алексеева Виктория Сергеевна - “Жамият барқарор ривожланишининг асоси сифатида таълимни таркибий модернизациялаш” мавзусидаги илмий тўплам тақдимотини қилдилар. Тўпламда социология ва жамоатчилик фикрини ўрганиш, иқтисод ва сиёсатшунослик, тарих ва этнография соҳасидаги етакчи тадқиқотчи ва амалиётчиларнинг илмий мақолалари ўрин олган.

 Шундан сўнг анжуман қатнашчилари келгусидаги вазифалар тўғрисида фикр алмашишди ва ўзаро ҳамкорликни янада кучайтириш ҳақида келишиб олинди.  

 Илмий-амалий семинар ҳозирги тарихий даврга хос бўлган жадал глобал ўзгаришлар шароитида мамлакатимиз таълим тизимини ислоҳ қилиш жараёнини ўрганиш юзасидан мунозараларга бой бўлиб ўтди.

 Семинар иштирокчиларнинг фикр-мулоҳазалар, таклиф ва тавсиялар, қизиқарли мунозаралар ва тажрибалари асосида қизғин тарзда бўлиб ўтди.