17.08.2024
136
ОДАМ САВДОСИГА ҚАРШИ КУРАШИШ — ДАВР МУАММОСИ!
Мамлакатимизда одам савдосига қарши курашиш, ундан жабрланган шахсларни хар томонлама ҳимоя қилиш, мажбурий меҳнатнинг олдини олиш ва муносиб меҳнат тамойилларини илгари суриш борасида Давлат Раҳбари бошчилигида тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда ва соҳада аниқ натижаларга эришилмоқда.
Ўзбекистонда фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича самарали чора-тадбирлар кўрилмоқда, мамлакатда одам савдоси ва унинг эксплуатацияси бўйича ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва жиноятларга қарши курашиш бўйича ишлар, мажбурий меҳнатга барҳам бериш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Одам савдосидан жабрланганларни аниқлаш, ҳимоялаш ва ижтимоий реабилитация қилиш, бундай жиноятлардан жабрланганларга тиббий, психологик ва бошқа ёрдамлар кўрсатишда ҳуқуқни муҳофаза этувчи ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар томонидан юқори натижаларга эришилди.
Шунингдек, фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни кафолатлаш, давлатимизнинг халқаро майдондаги обрў-эътиборини ошириш мақсадида ушбу соҳада фуқаролик жамияти вакиллари, хорижий давлат ва нодавлат ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорликни таъминлаш борасида ҳам муайян ишлар олиб борилмоқда.
2024 йил 16 август куни «Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Марказида Одам савдоси жабрдийдаларига ёрдам бериш бўйича республика реабилитация маркази, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати, Республика “Истиқболли авлод” ижтимоий ахборот маркази, “Ватандошлар” жамоат фонди ҳамкорлигида “Ўзбекистонда жамоатчилик фикрини ўрганиш ва шакллантиришнинг долзарб муаммолари: усуллар, назария ва амалиёт” доимий илмий-амалий семинарининг илмий мажлиси бўлиб ўтди.
Семинарнинг мавзуси: «Одам савдоси: хабардорлик, сабаблар ва унга қарши курашиш».
Ушбу илмий тадбирнинг асосий мақсади социологик сўровлар натижалари асосида, мамлакатимизда одам савдоси ва унинг эксплуатацияси муаммоларини ҳал этишда мавжуд бўшлиқларни тўлдириш ва илмий асосланган чора-тадбирларни ишлаб чиқишга кўмаклашиш мақсадида одам савдосига қарши курашиш соҳасида юзага келаётган вазиятни ўрганиш, ушбу жиноят тури билан курашишда кўрилаётган чора-тадбирлар самарадорлигига аҳолининг берган баҳоси тўғрисида фуқароларнинг фикрини аниқлаш, одам савдоси каби жиноятларнинг сабаблари, кўринишлари ва улар ҳақидаги фуқароларнинг хабардорлик тасаввурини ўрганиш орқали огоҳликка чақириш бўйича таклифлар ва тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
Илмий-амалий семинар “Фуқаролар одам савдоси тўғрисида: хабардорлик, сабаблар ва унга қарши курашиш“ мавзусида ўтказилган социологик тадқиқотлар натижалари асосида тайёрланган маъруза ва видео-тақдимот тақдим этилди.
Одам савдоси жабрдийдаларига ёрдам бериш бўйича республика реабилитация маркази директори вазифасини бажарувчи - Қосимов Осимжон Абдухакимович «Oдам савдосидан жабрланган ёки жабрланган деб тахмин қилинган шахсларга кўрсатиладиган ёрдам турлари ва реабилитация хизматлари тўғрисида» маърузаси билан иштирок этди.
Республика “Истиқболли авлод” ижтимоий ахборот маркази юристи - Рахмонов Шохрух «Одам савдосига қарши курашда жамоат ташкилотларининг роли ва аҳамияти» мавзусида маъруза қилди.
Шунингдек, мазкур тадбир иштирокчилари ўртасида “Ўзбекистонда жамоатчилик фикрини ўрганиш ва шакллантиришнинг долзарб муаммолари: усуллар, назария ва амалиёт” илмий семинари доирасида, фуқаролардан ўтказилган тадқиқот натижалари асосида, "Одам савдосига қарши курашиш ва муносиб меҳнат тамойилларини кенг жорий этишга оид қўшимча чора-тадбирларда кўрсатилган устувор мақсадлар ва асосий вазифалар қизғин муҳокама қилинди.
Шунингдек, Семинар давомида аҳолини одам савдоси муаммолари ва унга қарши курашиш чора-тадбирлари тўғрисида хабардор қилиш муҳимлигини инобатга олган ҳолда, жамоатчилик фикрини ўрганишни доимий мониторинг қилиш, одам савдосидан жабрланганларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва реабилитатсия қилиш бўйича таклифлар билдирилди.
Ўтказилган семинар якуни бўйича одам савдосига қарши курашиш ва муносиб меҳнат тамойилларини кенг жорий этиш бўйича таклиф ва тавсиялар қабул қилинди.