26.05.2023
219
ХАЛҚАРО ИЛМИЙ-АМАЛИЙ КОНФЕРЕНЦИЯ
Жорий йилнинг 25 май куни Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети кутубхонасининг анжуманлар залида Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг «Ижтимоий фанлар» факультети «Социология» кафедраси билан «Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази ҳамкорлигида «Замонавий дунёнинг ижтимоий-маданий манзараси ва ижтимоий тузилмаларнинг трансформацияси» мавзусида ташкил этилган халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди. Унинг мақсади сўнгги 20 йил ичида замонавий жамиятдаги ижтимоий жараёнлар динамикасини ва рақамлаштириш давридаги замонавий таҳдидлар муносабати билан шахс ва жамиятнинг ўзгаришини таҳлил қилишдан иборат эди.
Конференцияда мамлакатимиз, шунингдек, Марказий Осиё мамлакатлари олимлари, давлат ҳокимияти органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари, хусусан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси ва Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик палатаси, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети, «Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази, Н.Гумилев номидаги Евроосиё Миллий университети, М.O.Ауэзов номидаги Жанубий Қозоғистон давлат университети, Жусуп Баласагин номидаги Қирғизистон миллий университети ва «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати вакиллари, миллий ва хорижий олий таълим муассасалари ўқитувчилари, докторантлари ва магистрантлари иштирок этдилар.
Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг фан ва инновациялар бўйича проректори Ё.С.Эргашев конференцияни кириш сўзи билан очди ва халқаро конференция иштирокчилари ҳамда меҳмонларини ялпи мажлиснинг бошланиши ҳамда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ташкил этилганлигининг 105 йиллиги билан табриклади.
Конференция иштирокчилари эътиборига қуйидаги мавзулардаги маърузалар тақдим этилди:
- Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Д.Р.Ташмуҳамедованинг «Мактабда ўсмирларнинг руҳий саломатлиги ва руҳий-ижтимоий мувозанати»;
- «Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази директори, и.ф.д. Н.Х.Рахимованинг «Замонавий Ўзбекистон жамияти ижтимоий тузилмасининг ўзига хос хусусиятлари»;
- Н.Гумилев номидаги Евроосиё Миллий университети «Сиёсатшунослик» кафедраси профессори, п.ф.н. Р.A.Нуртазинанинг «NEET тоифасидаги ёшларнинг бандлигига кўмаклашиш соҳасида Қозоғистоннинг давлат сиёсати»;
- Н.Гумилев номидаги Евроосиё Миллий университети «Сиёсатшунослик» кафедраси профессори, с.ф.н. Г.M.Бураканованинг «Раҳбарнинг имижи»;
- М.O.Ауэзов номидаги Жанубий Қозоғистон давлат университети “Сиёсатшунослик» кафедраси доценти, ф.ф.н. С.A.Мажинбековнинг «М.O.Ауэзов номидаги ЖҚДУ ва Мирзо Улуғбек номидаги ЎзМУ ўртасида кафедралараро ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари»;
- Жусуп Баласагин номидаги Қирғизистон миллий университети «Социология ва ижтимоий иш» кафедраси мудири, с.ф.н., доцент А.Р.Жусубалиевнинг «Замонавий жамиятнинг ижтимоий жипслашувида тилларнинг роли»;
- М.O.Ауэзов номидаги Жанубий Қозоғистон давлат университети доценти, ф.ф.н. С.С.Коргановнинг «ШҲТга аъзо-мамлакатларнинг таълим соҳасидаги ҳамкорлиги истиқболлари»;
- «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати раисининг ўринбосари, ижрочи директори А.M.Маматхоновнинг «Янги Ўзбекистонни қуриш: ислоҳотларнинг биринчи босқичи якунлари ва келгуси тараққиёт вазифалари» мавзусидаги маърузалари ва ҳ.к.
Хусусан, конференцияда сўзга чиққан «Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази директори ўринбосари М.K.Хаджимухамедов сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг этник, диний, маърифий, гендер, ёш ва бошқа кўплаб кесимларни ўз ичига олган ижтимоий тузилмасида динамик ўзгаришлар юз бераётганини, аммо ижтимоий-маданий макондаги табақаланиш янада ёрқин намоён бўлаётганини таъкидлади. Ушбу ўзгаришларнинг тенденциялари бир хил эмас, улар кўп турли ҳисобланади, уларнинг қонуниятларини билмасдан ва англамасдан туриб бошқарувнинг самарали моделини деярли шакллантириб бўлмайди, шу муносабат билан сифатли социологик маълумотларга ва жамоатчилик фикрининг мониторинг тадқиқотларига бўлган эҳтиёж тобора ортиб бормоқда.
Ялпи мажлиснинг якунлари бўйича иштирокчилар таклифлар ва изоҳлар учун махсус резолюция тайёрлаш ҳақида келишиб олдилар.
Конференция иши офлайн ва онлайн платформаларда тақдим этилди ҳамда анжуман ўзининг навбатдаги мажлисларини шўъбаларда давом эттирди.