206

"Ўзбекистонда жамоатчилик фикрини ўрганиш ва шакллантиришнинг долзарб муаммолари: назария, услублар, амалиёт" илмий-амалий семинарининг “Ёшларнинг ҳаётий позицияларини ўрганиш жараёнида инновацион усулларни жорий этишнинг ўзига хос хусусиятлари” (жамоатчилик фикри сўровлари натижалари асосида) мавзусидаги мажлиси ҳақида

Ёшлар бу ўзгаришларнинг ҳақиқий ҳаракатдаги ижтимоий-сиёсий кучи ҳисобланади. Шу муносабат билан ёшлар доимий равишда кўплаб тадқиқотларнинг диққат марказида бўлиб келмоқда, чунки улар ҳаётга янги тенденция ва технологияларни олиб киришади. Ёшларга ўз салоҳиятини юзага чиқариш, келажак авлоднинг фаровон ҳаёти учун дунёни барқарор этиш вазифаси юклатилган.

Мамлакатимизда Янги Ўзбекистонни тараққий эттириш шароитида ёшларга оид давлат сиёсати масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда, жамият ҳаётининг барча жабҳаларида ёшларнинг салоҳиятини юксалтириш, шунингдек, ислоҳотларнинг конструктив мақсадларига мувофиқ ёшларнинг қадриятлари йўналишини шакллантириш унинг мақсади ҳисобланади.

Илмий-амалий семинар мажлисини очар экан, унинг иштирокчилари социология фанида ахборот технологияларини қўллаш орқали ёшларнинг қадриятлари йўналишини ўрганиш масалалари нисбатан янги йўналишлиги, хорижий амалиётда у “тармоқ таҳлили” номи билан маълумлигини таъкидладилар, чунки  қадриятлар анъанавий равишда социологик воситалар ёрдамида ўрганиб келинмоқда. Ёшларнинг ахборот технологияларига қизиқиши аниқ бўлишига қарамай, ёшларнинг қадриятлари йўналишини ўрганишга инновацион ёндашувлар ҳали қўлланилмасдан келмоқда. Тизимли, таркибий ва функционал ёндашув, қиёсий, Big Data таҳлили, Ўзбекистонда замонавий ёшларнинг қадриятлари йўналишини ўрганиш соҳасидаги социологик тадқиқотларнинг иккиламчи таҳлили каби тадқиқот усулларини қўллаш ёшларнинг ҳаётий позицияларини шакллантиришнинг асосий таркибий элементлари ва институционал асосларини очиб беришга, ёшларнинг қадриятлари йўналиши типологияси босқичларини ва моҳиятидаги ўзгаришларни аниқлашга имкон беради.

Семинар иштирокчилари эътиборига «Ижтимоий фикр» РЖФЎМ Тезкор тадқиқотлар бўлими раҳбари Мансур Сеитовнинг “Ёшларнинг ҳаётий позицияларини ўрганиш жараёнида инновацион усулларни жорий этишнинг ўзига хос хусусиятлари”  ва  ушбу бўлимнинг етакчи мутахассиси Азизбек Таджибаевнинг «Ўзбекистон ёшлари – асосий устуворликлар ва қарашлар» (социологик тадқиқотлар натижалари асосида)  мавзусидаги маърузалари ҳавола қилинди.

Маърузаларда ёшларнинг қадриятлари йўналишини  ўрганишга  инновацион усулларни жорий қилишнинг  назарий-услубий асослари, Янги Ўзбекистон ёшлари ҳаётий позицияларининг  тузилмаси, шахс ва ижтимоий гуруҳнинг жамият билан ўзаро алоқалари сифатидаги манфаатлари, қадриятлари, «Ижтимоий фикр» РЖФЎМ томонидан ишлаб чиқилган ва замонавий жамиятда  ёшлар онгининг ҳолатини аниқлаштиришга имкон берадиган методика асосида айрим ҳаётий фаолият соҳаларида уларнинг намоён бўлиши  ёритиб берилди.

Семинар якуни бўйича социологик тадқиқотлар олиб бориш амалиётида фойдаланиш учун методологик, услубий дастурлар ва моделларни янада такомиллаштириш бўйича тавсия ва таклифлар ишлаб чиқилди ҳамда қабул қилинди.