318

Ўқув-услубий семинар

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 22 февралдаги         ПФ-5667-сон «Социологик тадқиқотлар ўтказишни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2022 йил 20 декабрда Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасининг асосий қоидалари ижросини таъминлаш доирасида “Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази томонидан Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг «Социология» ва «Ижтимоий иш» кафедраси билан биргаликда ўқув-услубий семинарлар цикли бошланди. Унинг асосий мақсади 5667-сон Фармонга мувофиқ социологик тадқиқотлар ўтказишни ташкил этиш техникаси ва технологияларини ишлаб чиқиш, мослаштириш, татбиқ этиш ва уларнинг кенг усулларини қўллаш, жамоатчилик фикрини ўрганиш методологик асосларини таҳлил қилиш ва такомиллаштириш, социологлар ва бошқа ходимларнинг малакасини ошириш, олий таълим муассасаларининг ўқув дастурларига социология фанидаги энг янги ютуқларни ва социологик тадқиқотлар ўтказишнинг инновацион ёндашувларини жорий этиш бўйича улар билан ҳамкорлик қилишдан иборат.

2023 йил  1 февралда «Жамоатчилик фикрининг эмпирик социологияси» мавзусида биринчи ўқув-услубий семинар бўлиб ўтди. Масалалар доираси қуйидаги жиҳатларни қамраб олди: жамоатчилик фикрини ўрганишга нисбатан замонавий ёндашувлар, эмпирик тадқиқотлар дастури, методологияси ва услуби, танлов, натижаларни репрезентативлиги ва статистик аҳамияти, сўров натижаларини текшириш ва кодлаш, маълумотларни статистик ва мантиқий таҳлил қилиш, ҳисоботларни тайёрлаш.

«Социологик тадқиқотларни ахборот-математик таъминлаш бўлими» мудири Игорь Бокун олиб борган семинар якунида илмий ёндашувнинг моҳиятини ўзида намоён этувчи назария ва амалиётнинг узвий ўзаро боғлиқлиги мантиқий ва статистик моделлар/эмпирик тадқиқотларни лойиҳалаштириш ва амалга ошириш босқичларида шаклланадиган тартиботларнинг узвий ўзаро боғлиқлиги билан ифодаланганлиги таъкидланди.

Семинар бахс-мунозаралар руҳида ўтди, кўриб чиқилаётган масалалар интерактив форматда муҳокама қилинди, шунингдек фикр ва таклифлар алмашилди.