05.11.2022
231
«Ўзбекистонда жамоатчилик фикрини ўрганиш
ва шакллантиришнинг долзарб муаммолари:
усуллар, назария ва амалиёт»
доимий илмий-амалий семинарининг
«ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН:
ЎЗБЕКИСТОН ЖАМИЯТИНИНГ ЗАМОНАВИЙ ЖАРАЁНЛАРИГА СОЦИОЛОГИК НИГОҲ»
мавзусидаги халқаро мажлиси
2022 йил 4 ноябрь куни «Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Марказида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Ўзбекистон социологлари ассоциацияси, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ҳамкорлигида “Ўзбекистонда жамоатчилик фикрини ўрганиш ва шакллантиришнинг долзарб муаммолари: усуллар, назария ва амалиёт” доимий илмий-амалий семинарининг халқаро мажлиси бўлиб ўтди. Семинар мажлиси академик олима Раъно Аҳатовна Убайдуллаева номидаги йиллик социологик ўқишлар доирасида ўтказилди.
Семинарнинг мавзуси: «Янги Ўзбекистон: Ўзбекистон жамиятининг замонавий жараёнларига социологик нигоҳ».
Бугун Ўзбекистон 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегиясида ўз аксини топган сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ислоҳотларнинг янги босқичига қадам қўйди. Улар давлат ва жамият ривожланишининг деярли барча соҳаларига, жумладан, сиёсий жараёнлар, ижтимоий муносабатлар, фан ва технологиялар, маданият ва ахборот соҳаларига ҳам дахлдордир. Ва барча соҳалардаги барча ислоҳотларнинг марказида инсон турибди.
Янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегиясининг асосий моҳияти шундаки, барча ислоҳотлар “Инсон қадри учун” тамойили асосида амалга оширилмоқда.
Мамлакат Президенти бир неча бор таъкидлаганидек, “инсон манфаатларини таъминлаш учун, аввало, одамлар билан, халқ билан мулоқот қилиш, уларнинг дарду ташвишлари, орзу-ниятлари, ҳаётий муаммо ва эҳтиёжларини яхши билиш керак”.
Давлат ва жамият ривожланишининг замонавий босқичида мамлакатда юз бераётган воқеалар ва ўзгаришларга фуқароларнинг муносабати ва жамоатчилик фикрини, мамлакат раҳбарияти томонидан қабул қилинаётган қарорларга аҳолининг баҳосини аниқлашга қаратилган социологик тадқиқотлар, сўровларни ўтказиш алоҳида долзарблик касб этмоқда.
Жамоатчилик фикри сўровлари - фуқаролик жамиятининг фуқаролар ижтимоий кайфияти ва орзу-умидларини акс эттирувчи ва узатувчи, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига сиёсий соҳада, бизнес, мамлакат ижтимоий ҳаётида тўғри қарорлар қабул қилишда кўмаклашувчи муҳим воситаси ҳисобланади. Жамоатчилик фикрини ўрганишнинг кўп йиллик тажрибаси шубҳасиз бир фактни тасдиқлайди: ижтимоий тизимда инсон роли ва ўрнининг ўсиб бориши билан боғлиқ ҳолда фуқароларнинг фикрини тадқиқ этишнинг ривожланиши яна ҳам долзарблашади, ҳар бир кишининг фикри шунчаки илмий қизиқиш уйғотибгина қолмай, балки истиқболда ижтимоий ривожланишнинг мақсад ва йўналишларини танлашда катта амалий аҳамиятга эга бўла боради.
Халқаро семинарнинг очилишида унинг иштирокчилари таъкидлашганидек, «Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази Ўзбекистонда биринчилар қаторида жамоатчилик фикрини ўрганишни бошлади ҳамда ҳозирги кунда давлат ва жамият ҳаёти фаолиятининг энг турли-туман масалалари бўйича мамлакат фуқароларининг фикри ва тасаввурларини ўрганишга қаратилган долзарб мавзули тадқиқотларни ўтказиб келмоқда.
Марказнинг устувор вазифаси – мамлакатда юз бераётган энг долзарб воқеалар бўйича жамоатчилик фикрини тезкор ўрганиш ва Ўзбекистон жамиятининг ушбу жараёнларга муносабати тўғрисидаги батафсил маълумотларни тақдим этишдан иборат.
Бугунги кунда "Ижтимоий фикр" РЖФЎМ кенг доирадаги энг долзарб масалалар бўйича жамоатчилик фикрини ўрганиш соҳасида етакчи тадқиқот ташкилоти ҳисобланади.
Семинар иштирокчилари эътиборига “Ижтимоий фикр” РЖФЎМнинг профессионал, илмий-тадқиқот ва методологик фаолиятига 25 йил тўлганлиги муносабати билан тайёрланган видеоматериал ва “Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази директори, и.ф.д. Н.Х.Раҳимованинг маърузаси тақдим этилди. Маърузада таъкидланганидек, мамлакатнинг суверен тараққиёти, “Янги Ўзбекистон” Концепциясининг амалга оширилиши шароитида миллий хусусиятлар ва менталитетни ҳар томонлама инобатга олган ҳолда методологик асосларга таяниб жамоатчилик фикрини мунтазам равишда мониторинг қилиш муҳим аҳамиятга эга. Бу, ўз навбатида, жамоатчилик фикрини ўрганиш методологиясини доимий равишда такомиллаштириб боришдек долзарб вазифани илгари суради.
Социологик тадқиқотлар натижалари демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини шакллантириш йўлида мамлакатимизнинг янада барқарор ривожланиши истиқболлари тўғрисидаги жиддий мулоҳазалар ва фундаментал назарий хулосалар учун муҳим эмпирик материал бўлиб ҳисобланади.
Семинарда:
-
“Ўзбекистонда жамоатчилик фикрини ўрганиш: қадамма-қадам” монографияси, Т.: 2022.;
-
Академик Раъно Аҳатовна Убайдуллаева номидаги 1-социологик ўқишнинг илмий мақолалари тўплами “Янги Ўзбекистон: Ўзбекистон жамиятининг замонавий жараёнларига социологик нигоҳ” Т.: 2022. мавзусидаги янги китоблар тақдимоти ўтказилди.
Семинар қизғин мунозаралар, фикрлар, таклиф ва тавсиялар алмашинуви асосида қизиқарли тарзда ўтди.