211

«Жамоатчилик фикрини ўрганиш ва шакллантиришнинг долзарб муаммолари: назария, усуллар, амалиёт» мавзусидаги илмий-амалий семинарнинг ПОСТ-РЕЛИЗИ

2023 йил 23 февраль куни “Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Марказида илмий-амалий семинарларнинг чораклик туркуми доирасида «Жамоатчилик фикрини ўрганиш ва шакллантиришнинг долзарб муаммолари: назария, усуллар, амалиёт» мавзусида илмий-амалий семинар бўлиб ўтди, унинг мақсади амалий тадқиқотларни тайёрлаш ва ўтказиш давомида юзага келадиган касбий, эмпирик вазифаларнинг ечими юзасидан илмий мунозара ташкил этиш ва уни ёритишдан иборат эди. Марказ томонидан сўнгги ойларда олиб борилаётган тадқиқотлар илмий мунозара асоси бўлди.

Семинарда бўлинмалар ва бўлимлар бошлиқлари, таҳлилчилар ва Марказ ходимлари иштирок этдилар.

Семинар иштирокчилари эътиборига экспресс-тадқиқотлар бўлими раҳбари Мансур Сеитов ва етакчи таҳлилчи Азиз Таджибаевнинг «Ўзбекистонда нодавлат нотижорат ташкилотлари: фуқаролик фаоллиги, жамоатчилик назорати ва давлат билан ижтимоий шериклик» ҳамда «Фуқаролар мамлакат Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномаси тўғрисида» мавзуларидаги социологик сўровлар мисолида эмпирик тадқиқотларни тайёрлаш ва ўтказишнинг ўзига хос жиҳатлари ҳамда механизмлари ҳақидаги маъруза-тақдимотлари ҳавола этилди.

Хусусан, тадқиқотни тайёрлаш жараёнида амалга оширилган қуйидаги ишлар таъкидлаб ўтилди: режалаштирилган сўровда иштирок этиш имконияти ва хоҳиш-истагини аниқлаш учун интервьюерлар билан музокаралар олиб борилди; тадқиқотнинг ишчи воситалари тайёрланди, тасдиқдан ўтказилди, таржима қилинди, тадқиқот жараёнини бошлаш учун ахборот берилди. Сўнгра саволномани CATI платформасига 14 тадан ортиқ позиция бўйича 2 тилда киритиш, саволномалар тўлдирилишининг тўғрилигини текшириш учун базани ҳар куни назорат қилиш (мантиқий назорат) ишлари амалга оширилди, 175 та аудиоматериаллар тингланди, сўров якунида база бўшатилди – кейин ишлов бериладиган қўнғироқларнинг умумий сони 732 тани, тасодифий терилган рақамларга қўнғироқлар сони эса 2089 тани ташкил этди ва  натижали саволномаларнинг якуний маълумотномаси тайёрланди.

Семинарда тақдим этилган маърузалар муҳокамаси бўлиб ўтди ва унда 2023 йилда дала тадқиқотларини ўтказиш технологияси ва интервьюерларнинг жойларда ишлаш технологиясига доир илмий-услубий қўлланмани тасдиқлаш тўғрисида таклиф билдирилди.