405

"Халқ сўзи" газетаси,

2019 йил 20 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси мажлиси бўлиб ўтди.

Унда Соғлиқни сақлаш вазирининг жойларда аёллар соғлиғини мустаҳкамлаш, уларнинг репордуктив саломатлигини мониторинг қилиш, оилаларнинг тиббий маданиятини ошириш борасидаги ишларнинг ҳолати юзасидан ахбороти эшитилди.

Мажлисда Қўмита аъзолари, тегишли вазирлик, идора ва ташкилотлар вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Таъкидланганидек, хотин-қизлар ва фарзандлар соғлиги ҳар қандай мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиёти даражасини кўрсатувчи муҳим омил ҳисобланади. Миллат генофондини сақлаб қолиш ва ривожлантириш ҳам айнан шу жиҳатга боғлиқ. Шу боис республикамизда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, аёлларнинг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида доимий диққат марказида туради.

Бу борада “Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилиниши аҳоли репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом оилани шакллантириш, баркамол авлодни вояга етказишда муҳим ҳуқуқий пойдевор ҳисобланади.

Шунингдек, сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу масалага оид қарор ва фармонларида белгиланган вазифалар доирасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборотида ҳам буни тасдиқловчи қатор рақамлар келтирилганлиги мажлисда қайд этиб ўтилди.

Бироқ шунга қарамай, тақдим этилган маълумотларда қатор масалалар ўз аксини топмаганлиги сўзга чиққанлар томонидан таъкидланди. Хусусан, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тақдим этилган ахборотда болалар саломатлигини сақлаш борасида олиб борилаётган комплекс тиббий тадбирлар ёритилмаган.

Мактабгача ва мактаб ёшидаги болаларни чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиш, улар орасида профилактик эмлаш тадбирларини ташкил этиш масалалари ҳам ёритилмаган.

Аёлларда кузатилаётган бепуштлик ҳолатларини даволаш замонавий тиббиёт олдида турган долзарб вазифа эканлиги мажлисда алоҳида айтиб ўтилди. Бунда ёрдамчи репродуктив технологиялардан фойдаланиш тартиби, ҳомиладаги нуқсонларга эрта ташхис қўйиш мақсадида янги перинатал технологияларни жорий этиш билан боғлиқ масалалар муҳим ўрин тутади. Бироқ бу мавзуга ҳам эшитилган ахборотда урғу берилмаган.

Шунингдек, республикада мавжуд перинатал марказларнинг моддий-техника таъминоти, юқори технологик тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланганлик ҳолати, соҳанинг юқори малакали кадрлар билан таъминланганлик даражаси ўрганилмаган.

Вазирлик ахборотида оғир ижтимоий шароитда яшаётган, шунингдек одам савдосидан жабр кўрган хотин-қизлар ва болаларга кўрсатилаётган тиббий-ижтимоий хизматлар кўлами очиб берилмаганлиги ҳам айтиб ўтилди.

Шу билан бир қаторда мажлис иштирокчилари томонидан аҳолининг тиббий маданиятини ошириш, ёшларнинг ҳуқуқий ва тиббий маърифати соҳасидаги ишларни кучайтириш масаласи муҳокама қилинди.

Жумладан, “Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан ўтказилган сўров натижаларига кўра, респондентларнинг аксарияти “репродуктив саломатлик” ва “репродуктив ҳуқуқ” тушунчалари ҳақида етарли даражада хабардор эмас. Сўровда иштирок этганларнинг 53 фоизи туғуруқлар оралиғи тиббиёт амалиётида қабул қилинган нормаларга мувофиқ камида 3 йилни ташкил этиши лозимлигидан бехабар.

Шулардан келиб чиқиб, Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитасининг мажлисида эшитилган ахборотда ўз аксини топмаган масалалар ҳам атрофлича муҳокама этилди.

Мажлисда кўриб чиқилган масала бўйича Қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.

Мақолага ўтиш.