2

Коррупция – жамоатчилик фикри кўзгусида

“Ижтимоий фикр” Республика жамоатчилик фикрини ўрганиш марказида «Коррупция – жамоатчилик фикри кўзгусида» мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

“Ўзбекистонда жамоатчилик фикрини ўрганиш ва шакллантиришнинг долзарб муаммолари: усуллар, назария ва амалиёт” илмий-амалий семинари доирасида ўтказилган тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, депутатлар, олимлар иштирок этди.  

Давра суҳбати Ўзбекистон аҳолиси ўртасида ўтказилган сўров натижаларига асосланган ҳолда, коррупция ҳақидаги кенг жамоатчилик фикрини таҳлил қилиш, давлат вa жамият ўртасидаги ўзаро ишончни мустаҳкамлаш ҳамда  коррупцияга қарши самарали сиёсат юритишда социологик таҳлилларнинг ўрнини белгилашга қаратилди.  

“Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази директори Н.Раҳимова социологик тадқиқотларнинг фуқаролик позицияси ва давлат сиёсатини уйғунлаштиришдаги роли, соғлом жамиятни қуришда жамоатчилик фикрининг институционал ўрни ҳақида фикр билдирди.  

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш масалалари қўмитаси раиси Гулруҳ Агзамова, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси кенгаши раиси Камолиддин Ишанхўжаев ҳамда  Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши раиси Ф.Отахонов коррупцияга қарши амалга оширилаётган тизимли ислоҳотлар, шаффофликни таъминлаш ва фуқаролар иштирокини фаоллаштиришга доир механизмлар ҳақида маълумот берди.

“Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази вакиллари томонидан тайёрланган учта муҳим маъруза тақдим этилди.

Фуқароларнинг Ўзбекистонда коррупция ҳақидаги умумий қарашлари, уларнинг давлат тизимига ишончи ва шахсий ҳаётидаги тажрибалари таҳлил қилинди. Ушбу маъруза жамоатчилик онгида коррупциянинг қандай қабул қилиниши, унинг сабаблари вa оқибатларига нисбатан муносабатни очиб берди.

Мамлакат соғлиқни сақлаш муассасаларидаги коррупция ҳолатларига алоҳида эътибор қаратилди. Маърузада тиббий муассасаларда яширин тўловлар, хизмат кўрсатишдаги адолатсизлик ва аҳолининг ҳуқуқий онги даражаси чуқур таҳлил қилинди.  

Туғуруқхоналардаги коррупция ҳолатлари, оналар ва болалар ҳуқуқларининг бузилиши ҳамда фуқароларнинг бу ҳақдаги фикрлари ҳақида фикр юритилди.  

Мазкур тадбир, таъбир жоиз бўлса, коррупция муаммосини жамият кўзгусида кўриш имконини берди. Жамоатчилик фикрининг таҳлили орқали давлат органлари фаолиятини баҳолаш, ҳуқуқий ислоҳотларни асослаш ва самарали  жавобгарлик тизимини шакллантириш мумкин. Бу жараёнда оммавий ахборот воситаларининг роли, фуқароларнинг ахборотга бўлган эркин кириши ва фаол фуқаролик позицияси ҳал қилувчи аҳамиятга эга.

Семинар якунида умумлаштирилган хулосалар ва амалий тавсиялар шакллантирилди, улар асосида давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари вa оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликда аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди.  

“Коррупция – жамоатчилик фикри кўзгусида” мавзусидаги мазкур илмий-амалий мажлис коррупцияга қарши миллий сиёсатда жамоат назорати, фуқаролик фаоллиги ва илмий ёндашувлар уйғунлигининг самарали намунаси бўлиб хизмат қилади.  

Н.Абдураимова, ЎзА

Манба