344

Маҳалла фуқаролик жамиятининг ноёб институти

«Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази “Ўзбекистонликлар маҳалла ҳақида: тасаввурлар ва умидлар” мавзусида телефон сўрови ўтказди, унда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолияти тўғрисида респондентларнинг фикри ўрганилди, ўзини ўзи бошқариш органларининг ўз тасарруфидаги ҳудудни комплекс ижтимоий-иқтисодий ва маданий ривожлантиришнинг долзарб масалаларини ҳал этиши самарадорлигига аҳоли томонидан берилган баҳо аниқланди.

Тадқиқотда мамлакат барча минтақаларининг аҳолиси, эркаклар ва хотин-қизлар, ёшлар, ўрта ва катта ёшдаги фуқаролар, турли миллатлар ва ижтимоий қатламлар вакиллари иштирок этди.

Тадқиқот давомида олинган натижалар жамоатчилик фикрида маҳалла институти давлат ва жамиятни, ҳар бир фуқарони бирлаштирувчи муҳим бўғин ҳисобланиши ҳақидаги тасаввур етакчилик қилишини тасдиқлади. Ўзбекистонликлар маҳалла фуқароларининг ўзини ўзи бошқариш органи сифатида аҳолининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга ҳисса қўшади. Шунингдек, у аҳолининг долзарб масалаларини ҳал қилишда, муайян норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг у ёки бу қоидаларини амалга оширишда фуқаролар ва давлат тузилмаларининг вакиллари ўртасида ўзига хос "кўприк" вазифасини ўтайди, деб ҳисоблайдилар. Ўзбекистонда маҳалла аҳолининг бандлигини таъминлашда, жамиятда оила пойдевори ва барқарорлигини мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутади, тегишли ҳудудда яшовчи фуқароларга тадбиркорлик фаолиятини ташкил этишда кўмаклашади, вояга етмаганлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича жамоат ишларини ташкил этади, ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаролар ва кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлайди, байрамлар ва муҳим саналар билан боғлиқ оммавий тадбирларни ташкил этади.

Тадқиқот давомида замонавий маҳалла қандай бўлиши, у Янги Ўзбекистонда қандай вазифаларни бажариши кераклиги ҳақида фуқароларнинг фикри аниқланди. Олинган маълумотларга кўра, 45,2 фоиз фуқароларнинг онгида маҳалла – бу халқимизнинг асраб-авайланиб, келгуси авлодларга етказилиши лозим бўлган бойлигидир, замонавий маҳалла оилалар, ёшлар, аёллар, кекса фуқароларни қўллаб-қувватлаши, барча турдаги ёрдамни, жумладан, аҳолининг кам таъминланган ва ижтимоий заиф қатламларига моддий ёрдам кўрсатиши керак.

37 фоиз сўров иштирокчиларининг фикрига кўра, замонавий маҳалла – бу халқ билан давлат ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни амалга оширувчи фуқароларнинг энг самарали ўзини ўзи бошқариш органи. Респондентларнинг фикрича, маҳалла аҳолининг долзарб муаммоларини ва уларни ҳал этиш йўлларини муҳокама қилиш майдончасига айланиши, фуқароларни давлат бошқарувига жалб қилишга ёрдам бериши ва уларнинг қарорлар қабул қилишдаги иштироки даражасини ошириши, шунингдек, ҳукумат билан жамият ўртасида тўлақонли мулоқотни таъминлаши керак.

Телефон сўрови давомида 37,4 фоиз фуқаролар замонавий маҳалла – бу қишлоқ, шаҳарча, овул, микротуман, шаҳар чегарасидаги муайян ҳудуд аҳолисининг бирлашмаси бўлиб, унинг асосий функцияси фуқароларга энг долзарб масалаларни, жумладан, жамоат тартибини таъминлаш ва ҳудудларни ободонлаштириш, ижтимоий объектлар, хусусан, болалар майдончалари, ёшлар ва кекса авлод вакиллари учун дам олиш жойларини қуриш масалаларини ҳал қилишда ёрдам беришдан иборат бўлиши кераклигини таъкидладилар.

Сўров иштирокчиларига: "Сизнинг фикрингизча, маҳалла жамиятга фойда келтирадими, фуқароларнинг долзарб муаммоларини ҳал қилишда ёрдам берадими ёки йўқми?", деган савол берилди. Олинган натижаларга кўра, аксарият респондентлар – 80,9 фоиз – "маҳалла фуқароларга ёрдам беради, аҳоли манфаатларидан, унинг тарихий ва маҳаллий анъаналаридан келиб чиқиб, жамият ва давлатга катта фойда келтиради", маҳаллалар ҳудудида аҳолининг қулай ҳаёт кечириши учун шароит яратишга, фуқаролар ҳар куни дуч келадиган муаммоларни ҳал қилишга ёрдам беради, деб ҳисоблайдилар.

Олинган натижалар бугунги кунда маҳалла одамлар ҳаётининг ажралмас қисмига айланганини, мамлакатимизда фаолият юритаётган фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолини манзилли ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича кўплаб масалаларни самарали ҳал этаётганини тасдиқлаб турибди: 38,3 фоиз респондентлар фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг аҳоли долзарб муаммоларини ҳал этиш борасидаги иши даражаси ва самарадорлигига ижобий баҳо бердилар, 36,5 фоиз сўралганлар маҳалланинг фаолиятини баҳолашга доир саволга "ижобий деган бўлардим", деб жавоб беришди.

Жамоатчилик фикрида ўзини ўзи бошқариш органларининг фаолиятига берилган ижобий баҳолар устуворлик қилмоқда, айни вақтда телефон сўрови давомида 13 фоиз респондентларнинг маҳалла фаолиятига салбий баҳо берганлиги аниқланди, 9,6 фоиз сўралганлар ушбу саволга "салбий деган бўлардим", деб жавоб беришди.

Сўнгги йилларда фуқароларни жамият ҳаётига жалб этишга кўмаклашувчи ташаббуслар сони ортиб бормоқда, аҳоли кенг қатламларининг жамият ҳаётида ва қарорлар қабул қилишда иштирок этиши учун зарур шарт-шароитлар яратилмоқда.

Сўров натижаларига асосан, тадқиқот иштирокчиларининг ярмидан кўпроғи ҳозирги вақтда ўз маҳалласи фаолиятида шахсан иштирок этишини билдирди.

Телефон сўрови “одамларга, жамиятга ёрдам бериш, уларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг муаммолари ҳамда масалаларини ҳал қилишда самимий ва беғараз ёрдам бериш истаги” аҳолини фуқаролик фаоллигини намоён этиш ва маҳалла ҳаётида иштирок этишга ундовчи асосий туртки эканлигини кўрсатди. 60,4 фоиз респондентлар ана шундай деб ҳисоблайди. Шунингдек, фуқаролар жавобларида ўз маҳалласининг иши ва ҳаётида иштирок этишининг сабабларидан бири – бу, умуман, жамиятга ҳамда қўллаб-қувватланиш ва ёрдамга муҳтож бўлган муайян инсонларга фойда келтириш истаги эканлигини қайд этдилар.

Телефон сўрови шуни кўрсатдики, маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органларининг фаолияти ва маҳалланинг ҳаётида фаол иштирок этмайдиган фуқароларнинг ярмидан кўпроғида (54,4 фоиз) иштирок этиш истаги мавжуд, улар маҳаллий ўзини ўзи бошқаришнинг долзарб масалаларини ҳал қилишда иштирок этишга, маҳалла қўмиталарининг ишида ёрдам беришга, маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органларига таклифлар, шикоятлар билан мурожаат қилишга, йиғилиш ва мажлисларда иштирок этишга, ҳудудларни ободонлаштириш, аҳолининг бўш вақтини ташкил этиш ва фаолиятнинг бошқа турларида иштирок этишга тайёр.

Телефон сўрови натижаларига кўра, жамоатчилик фикрида ўзини ўзи бошқариш органлари ходимлари, маҳалла оқсоқоллари ва фаолларининг ижобий қиёфаси шаклланган: 60,9 фоиз респондентларнинг фикрига кўра, булар – одамларга ёрдам кўрсатишдан манфаатдор, самимий, беғараз ва инсофли, жамият ва давлат манфаати учун ишлайдиган кишилардир.

2022 йил Ўзбекистонда "Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили" деб эълон қилинган. Жамоатчилик фикрида устувор йўналиши фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш, адолатли ижтимоий сиёсатни амалга ошириш, кам таъминланган оилаларга ижтимоий ёрдам кўрсатиш, аҳолининг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этиш учун маҳалланинг имконият ва ваколатларини кенгайтириш орқали унинг аҳоли орасида нуфузини оширишдан иборат бўлган 2022 йилги Давлат дастурининг ижроси доирасида амалга оширилаётган чора-тадбирларни қўллаб-қувватлаш ва маъқуллашнинг юқори даражаси устуворлик қилмоқда.

Сўровда иштирок этган 40,8 фоиз фуқароларнинг қайд этишича, «Сиз ўз маҳаллангиз фаолиятида нимани ўзгартиришни хоҳлардингиз?» деган саволга жавобларда, биринчи навбатда, маҳалла инфратузилмасини модернизациялаш, маҳаллаларни меъморий режалаштиришни такомиллаштириш ва уларнинг қиёфасини яхшилаш, арзон уй-жой ва ижтимоий соҳа иншоотларини қуриш, барча аҳоли учун қулай ва хавфсиз муҳитни яратиш зарурлиги таъкидланди.

Фуқароларнинг фикрича, маҳаллаларда аҳоли даромадлари ва бандлиги даражасини ошириш, маҳаллаларда аҳолини, айниқса, ёшлар ва хотин-қизларни иш билан таъминлаш бўйича ҳаракатларни фаоллаштириш, янги корхоналар, хизмат кўрсатиш ва савдо объектларини ишга тушириш орқали янги иш ўринлари яратиш зарур.

Кўрсатилаётган уй-жой коммунал хизматлари сифатини такомиллаштириш сўров иштирокчилари учун долзарб ҳисобланади. Уларнинг фикрича, ҳар бир маҳалла аҳолиси электр энергиясидан, ичимлик суви ва иситиш тизимидан узлуксиз фойдаланиш имконига эга бўлиши зарур.

Сўров доирасида иштирокчиларнинг фуқаролар йиғинига бўлажак сайловдан хабардорлиги ҳақидаги фикрини ўрганиш масаласи қўйилди. Сўров респондентларнинг кўпчилиги (63,5 фоиз) 2022 йилда бўлиб ўтадиган фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови ҳақида хабардор эканлигини кўрсатди.

Телефон сўрови фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайловида фуқароларнинг шахсан иштирок этиш бўйича фаоллигини аниқлашга имкон берди. Сўров жараёнида респондентларга: «Сиз фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайловида иштирок этишни режалаштираяпсизми?», деган савол берилди, унга 87,8 фоиз фуқаролар ижобий жавоб беришди.

Умуман олганда, тадқиқот натижаларининг тасдиқлашича, жамоатчилик фикрида “маҳалла фуқаролик жамиятининг ноёб институти ҳисобланади, у фуқароларнинг ўз яшаш жойларида ҳаёт асосларини таъминлаш, аҳолини манзилли ижтимоий қўллаб-қувватлаш, хусусий тадбиркорлик ва оилавий бизнесни ривожлантириш, жамиятда ўзаро ҳурмат, дўстлик ва тотувлик муҳитини вужудга келтириш масалаларига дахлдор самарали қарорлар қабул қилмоқда, шунингдек, ёш авлодни тарбиялаш, оилани мустаҳкамлаш, хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш вазифаларини самарали бажармоқда”, деган фикр етакчилик қилади.

Ўтказилган телефон сўрови "Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили" Давлат дастурида белгиланган вазифалар фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг самарали механизми сифатида маҳалла фаолиятини янада такомиллаштиришга ёрдам беришини кўрсатди. Маҳалланинг вазифаларини кенгайтириш, унинг давлат ҳокимияти органлари билан яқин ҳамкорлигини таъминлаш мамлакат аҳолиси томонидан қўллаб-қувватланмоқда ҳамда аҳолининг фуқаролик онгини оширишга, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига 2022 йил май ойида бўлиб ўтаётган сайловда аҳолининг электорал фаоллиги ва ташаббускорлигини оширишга ёрдам бермоқда.

«Ижтимоий фикр» республика

жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази.

ЎзА

БАТАФСИЛ

МАНБА Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (ЎзА)