15.10.2020
523
"Халқ сўзи" газетаси,
Мақола муаллифи:Бахтиёр ОМОНОВ,
сиёсий фанлар доктори.
Таълим жамиятга шахсни шакллантириб беради. Бу шахс давлат олиб бораётган ислоҳотлар жараёнларидан хабардор, ҳамқадам ва фаол бўлиши лозим. Шуни билиш лозимки, фуқаро дунёқараши жамият ва мамлакатда кечадиган жараёнлардан орқада қоладиган бўлса, давлат ҳокимияти томонидан қабул қилинган қонунлар “ишламайди”, ҳар қандай назорат ҳам кутилган натижани бермайди. Қачонки фуқаронинг дунёқараши ва интилиши амалдаги давлат ҳокимияти фаолиятидан олдинда бўлсагина, миллат ва мамлакат ривожланади, акс ҳолда, тараққиёт бўлмайди, жамият ҳаётида битта жойда депсиниш, турҚунлик содир бўлаверади.
Эсимда, 1998 йилда Давлат ва жамият қурилиши академиясида таҳсил олганимизда, японларнинг JIKA агентлиги икки ойлик семинар ўтказиб бўлгач, улардан: “Бизда ер ости ва ер усти бойликлари сероб, халқимиз ақлли, тиришқоқ ва меҳнаткаш бўла туриб, нега сизлардай ютуқларга эриша олмаяпмиз”, деб сўраганимизда, “Муаллимнинг маошини уч баравар кўтарсангиз, ҳаммаси изга тушиб кетади, ҳатто коррупция ҳам камаяди”, деган жавобни олган эдик. Орадан шунча вақт ўтиб, бу гаплар замирида нақадар улкан ҳақиқат мужассам эканини кўрмоқдамиз. Президентимиз Ш. Мирзиёев ташаббусига кўра, мактаб, лицей ва институт муаллимларининг маоши оширилиб, жамиятда ўқитувчининг обрў-нуфузини юксалтиришга эътибор қаратилаётгани нақадар тўғри қарор эканлигини англаб етмоқдамиз.
Ҳар бир мамлакатнинг тақдири муаллимга, таълим тизимининг сифатига боғлиқ. Зеро, Юртбошимиз таъкидлаганидек, ўқитувчи — келажак бунёдкори! Илм ва маърифатсиз одам йўлини йўқотиши, орзуларини рўёбга чиқаришига ақли ва тажрибаси етишмаслигини жадид боболаримиз жуда яхши англашган эди.
Жадидлар билган ички оғриқлар орадан юз йил ўтган бўлса ҳамки, миллий ривожланишга тўсиқ бўлиб турибди.
Шахс юксакликка етакловчи куч
Шахс жамиятда етакчи куч, аммо фикрлай бошласагина, у давлатга суянчиқ бўлади. Собиқ шўро тузумида таълимда фан предметлари миқдори ва ўқитувчи савияси талабга жавоб берса-да, мактабнинг мафкуралашганлиги давлатнинг ўзи каби жадал ўзгараётган тараққиётдан орқада қолди. Мустақилликни қўлга киритганимиздан кейин давлат томонидан таълимни ривожлантириш, уни дунёда ўсиб келаётган эҳтиёжларга жавоб беришга қаратилган бир қатор ҳужжатлар қабул қилинди, амалий ҳаракатлар ҳам бўлди. Аммо бу соҳа ҳам миллий давлатчилигимизнинг шаклланиш жараёнида амалга оширилиши зарур бўлган вазифаларга уйғун ҳолда, кўзланган иқтисодий натижаларга эришиш мураккаб кечганлиги боис, шахснинг ҳар жиҳатдан юксалишига олиб келмади. Албатта, бу моддий-техника база ночорлиги ва собиқ тузумдан мерос қолган психологик муҳит, ўқитиш усулларининг эскирганлиги билан боғлиқ жараёнлар эди. Ўзбекистон мустақилликка эришгандан кейинги қарийб 20 йил эски бошқарув андоза ва шаклларидан воз кечиш, демократик қадриятларга ўрганиш даври бўлди, десак хато бўлмайди. Хусусий мулкчилик ва шахс эркинлигига берилган кенг имкониятлар истиқлолнинг энг асосий неъмати бўлса-да, фақат сўнгги йилларда бу ҳуқуқдан кечикиб фойдаланилмоқда.
2016 йил охирида Шавкат Мирзиёев эркин сайловлар асосида Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайланиб, ҳокимият тепасига келганидан сўнг, андоза ва шакллар бугунги замонга мослашди. 2017 йилнинг февраль ойида тарихий ҳужжат — Ҳаракатлар стратегияси қабул қилинди, бу — мамлакатни ривожлантиришнинг такомиллашган модели бўлди. Юртбошимиз фуқаро, шахс ҳуқуқларини кенгайтириш йўлида дадил қадамларни ташлади. “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак!” деган ғоя, шиор кўпчиликнинг кўнглидаги узоқ йиллик орзулар эди. “Шахс ким?” деган саволга жавоб топилди.
Ҳа, шахс — буюк ислоҳотчи, жамиятни орқасидан эргаштирувчи, қудратли куч. Агар шахсга рақобат муҳити яратилса, ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоя қилинса, тадбиркорлик ишларининг ривожи учун ерлар, кредитлар ажратилиб, у ўзини-ўзи моддий ва маънавий таъминлашга ўта бошласа, бундан жамият ҳам, давлат ҳам катта наф кўради. Тўқ яшашни истаган тадбиркор, фермер, муҳандис, қурувчи ҳам, аслини олганда, илм ва маърифат зиёсидан озиқланган, ўқимишли, фикрловчи шахсдир.
Хитой, Япония, Сингапур каби давлатлар илм-фанни тизимли ривожлантириш, илм ва ишлаб чиқариш алоқасини мустаҳкамлаш, самарадор сиёсий тизимни яратиб, очиқ жамиятни қура бошлаганидан сўнг, инвестиция оқими мамлакатга оқиб кирди, қарабсизки, 30 — 40 йилда улар жаҳоннинг илғор мамлакатлари қаторидан ўрин олдилар. Янгиланаётган Ўзбекистон ҳам ҳозирда шу оқилона йўлни танлаган...
Билимсизлик – ёмонликлар манбаи
Мактаб – билим маскани. Болалик ва ўсмирликда олинган билим умр бўйи инсонга дўст, ҳамроҳ бўлиб хизмат қилади. Илм – шахс такомили, тараққиёт йўли демак. Алломаларимиз ёзишадики, билимсизлик – барча ёмонликлар манбаи, билимсиз инсон ўзига энг катта ёмонликни тилаган бўлади. Бугунги ўқувчи ёки талаба, катта ёшдаги киши билимдон бўлса, мамлакатимизда ва жаҳонда рўй бераётган воқеа-ҳодисаларга холис баҳо бера олади, тўғри хулоса чиқаради ва ўз ҳаётини ўзгартиришга қодир бўлади.
Билимли, маърифатли, кенг фикрли бўлишнинг асосий омили китоб — баланд чўққини эгаллашга қўйилган нарвонлардир. Бадиий, ўқув, илмий китоб ўқиш нафақат дунёқарашни кенгайтиради, балки дунёвий, диний саводхонлигимизни ошириб, ёзма ва оғзаки нутқнинг бойишига сабабчи бўлади. Мутолаани яхши кўрадиган, маданиятли киши билан суҳбат қуриш, ўзаро фикр алмашиш барчага завқ, ҳузур бағишлайди. Китоб ўқимайдиган одам ўзининг эмас, атрофдагилар, кўчанинг фикри билан яшайди, бошқалар кўрсатмасига асосан ҳаёти қандай ўтиб кетганини билмай қолади. Ёмон кўчаларга кириб қолиши осон кечади.
Мустақиллик йилларида билим олиш, китобхонлик бобида айрим муаммоларга дуч келдик. Хусусан: мамлакатда юзага келган иқтисодий муаммоларнинг мавжудлиги; одамларнинг кундалик ҳаёт эҳтиёжларидан маблағи ортмаганлиги; таълим (мактаб, коллеж, институт) моддий базасининг заифлашганлиги; билимли, тажрибали ўқитувчиларнинг таълим тизимидан бутунлай кетиб қолганлиги; таълимнинг нуфузи анча тушиб кетиши оқибатида ўсмир-ёшларнинг унга эҳтиёжи сўниб борганлиги, қизиқиши камайганлиги; таълим ва ишлаб чиқариш ўртасидаги алоқаларнинг ривожланмаганлиги; мамлакатимиз бозор муносабатларига ўтиши жараёнида бу қийинчилик олдида ёшларимизнинг билим олишга қизиқиши сўнганлиги ҳамда кундалик ҳаёт кечириш муаммоларига ўралашиб қолганлиги, албатта, ўзининг салбий таъсирини кўрсатди.
Бугун мамлакатимизда яна китоблар мутолааси маданиятини, нашр этиш ва тарқатиш ишини ривожлантиришга эътибор кучайганлиги замирида ҳам ҳар томонлама баркамол авлодни тарбиялаш масаласи ётибди. Аммо республикамизда китоб савдоси тизимининг издан чиққанлиги, мустақил қоҚоз саноатининг мавжуд эмаслиги омиллари жадидлар таъкидлаганидек, ноширлик, китобат тизимини заифлаштирди, айниқса, шоирлар, ёзувчилар, танқидчилар, таржимонлар ажойиб-ғаройиб ғояларининг китоб ҳолида омма қўлига етиб бормаётганлиги ёшлар қалбида она юртини Навоий, Бобурдай чин юракдан севиш, ардоқлаш, жонини фидо қилиш туйғуларини шакллантириш жараёнини анча кечиктириб юбормоқда.
Бугун таълимга қўйиладиган талаблар
Олимларнинг таъкидича, кишида, аввало, бешта қобилият: кўриш, гапириш ва эшитиш, сезиш, диққат қилиш, фикрлаш яхши шаклланиши зарур экан. Аслида, фикрлаш ақлий меҳнатнинг бешинчи омили, яъни олдинги тўртта омилнинг бирга ишлаши демак. Бизнингча, мактаб муаллимининг асосий вазифаси ўқувчиларда ана шу фикрлаш санъатини эгаллаш, уни тезроқ шакллантириш бўлмоғи даркор. Бир аллома айтганидек, йигирма масалани бир йўл билан ишлагандан кўра, бир масалани йигирма йўл билан ишлаган афзалроқдир. Очиғи шуки, фикрламайдиган бола катта бўлса, ўз йўли ва мақсадига эришиши қийин кечади. Сабаби, фикр — инсон ботиний (ички) қиёфаси акс этган кўзгу ҳисобланади.
Фикрсизлик — маданият кушандаси, маънавий ўлим! Фикри йўқ одамнинг қиёфаси ҳам бўлмайди, дейдилар. Фикр йўқ жойда оломонлик ва жоҳиллик кўпчийди. Бу фикримизга дунёда бўлиб ўтаётган фавқулодда ҳолатлар гувоҳлик беради.
Энг ёмони, ўқимаган, фикрлашни хоҳламаган кишининг фарзандлари ва авлодлари ҳам шундай ҳолга тушади. Ўзбек мактаб тизимининг энг муҳим нуқсони, камчилиги кундалик ҳаётимизда ёшлар ўртасида мустақил фикрига эга бўлмаганларнинг пайдо бўлаётгани ҳодисаси. Бу ҳолатдан қутулиш учун боғча — мактаб — университетда “Тафаккур устахоналари” тизимининг ишлаши тарафдоримиз.
Жамиятда фикр бўлсагина, у янгиланади. Қотиб қолган ёки бир хил қолипдаги қарашлар ва фикрлар билан яшаш бир куни жамиятни ҳам иқтисодий, ҳам маънавий таназзулга олиб келади. Европа тараққий этишдан олдин унинг фикри ва санъати, фалсафаси тараққий этди, у ижтимоий фикрга туртки ва қувват берди, хилма-хил “ўзлик”лар орқали хилма-хил ғояларга йўл очилди. Бу ғоялар ичида, албатта, иқтисодий, техникавий, илмий ғоялар ҳам бор эди. Европа ана шу фикрларга ва ғояларга йўл берди, уни амалга оширишга имконият яратди.
Европаликлар билим, маърифат, тенглик, фидойиликни устувор санаб, унга амал қилиб, Шарқ халқлари илм-фани, китоблари ила озиқланиб, XVI асрлардан сўнг, тараққий эта бошладилар. Биз эса илм мактаблари яратган ўлкадан, хом ашё етиштирадиган камбағал мамлакатга айландик. Нега бундай бўлди, деган ҳақли савол туғилади. Жавоблар ҳаддан зиёд кўп, аммо...
Муаммо соҳа тизимида экан
Яқинда бир таҳлилий мақолани синчиклаб ўқиб чиқдим. Бизнинг иқтисодий тараққиётдан орқада қолишимизга асосий сабаб таълим тизимида экан. Исломободдаги илмий-тадқиқот маркази профессори, доктор Фаррух Салимнинг фикрича, Халқаро ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо 57 та давлатда 500 та университет, АҚШда 5578 та университет, бир миллион мусулмонга 230 нафар олим, АҚШда бир миллион кишига 4000, Японияда 5000 олим тўғри келар экан. Мусулмон дунёси илм-фанга ялпи ички маҳсулотининг 0,2 фоизини, Ғарб эса 5 фоизини сарфлайди. Буюк Британияда бир миллион кишига ҳар йили 2000 та янги китоб чоп этилса, Мисрда бир миллион аҳолига 20 та китоб нашр қилинади, демак, 100 баравар кам китоб ўқилади, дейди олим. Саудия Арабистони, Марокаш, Кувайт, Жазоир экспортининг 0,3 фоизи, Сингапур экспортининг 58 фоизи юқори технологияларга тўғри келади. Илм-фан, технологиялардан тўла фойдаланиш ва фойда кўриш ҳисобига АҚШ ялпи ички маҳсулоти 18, Хитой 16, Япония 4,2, Германия 3,4 триллион долларлик маҳсулот ишлаб чиқаради. Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо 57 давлатнинг бир йиллик умумий ялпи ички маҳсулоти 3 триллион долларга ҳам бормайди.
Бунинг устига глобаллашув шароитида яна бир маънавий хавф-хатар исканжасига тушиб қолдик. Тахминан 2000 йилдан бошлаб, интернет ёрдамида “оммавий маданият” ва оммавий тафаккурнинг ёпирилиб келиши миллий таълим ва тарбия ишини туб моҳиятидан чалғитди. Ҳақиқий маънавият, адабиёт, санъат, илм ўрнини шоу-бизнес тафаккур тарзи эгалламоқда. Телевидение, интернет, ижтимоий тармоқлардаги енгил-елпи, савиясиз оломонга мўлжалланган, пул тўплашдан бошқа мақсади бўлмаган “сохта маданият” шу кунгача ота-боболаримиздан мерос бўлиб келаётган миллий ғурур, дид ва фаросатимизни ўтмаслаштириб қўйди, назаримизда. Бундан, айниқса, билим ва маърифати заиф ёшларимиз кўпроқ маънавий жабр кўрмоқдалар...
Глобаллашув ота-оналарни ҳам ўз комига тортмоқда. Миллий кино, миллий адабиёт, хусусан, боғча, мактаб тизими у қадар ривожланмаганлиги боис ўарб мафкураси турли йўл ва усуллар билан болалар ва ёшларни, ҳатто катталарни қизиқиш доирасига торта бошлади. Хорижий фильмлар мафкураси бизнинг миллий мафкура ва фикрлаш тарзимизга кўп ҳам тўғри келмаслигини яхши билсак-да, оилавий можаролардан иборат фильмлар (шахс дунёқарашини бойитувчи бадиий бақувват киноленталарни Европа давлатларига, бизга эса саёзларини “совға” қилишади)нинг доимий истеъмолчисига айланиб улгурдик.
Мактаб ўқитувчиси ва оналар ҳам шу енгил-елпи киносериалларни йиллар давомида ўта қизиқиш билан кўрганидан кейин ўқувчи, фарзандининг кўнгли, раъйига қарши борармиди? “Ҳар бир оила ўз фарзандларини ҳар қандай мафкуравий тажовузкорликдан ҳимоя қилишга тайёр бўлиб туриши керак”, деган эди буюк қирғиз адиби Чингиз Айтматов. Демак, бу борада ҳам маънавий “бўшлиқ” вужудга келганлигидан кўз юмолмаймиз.
Нобель мукофоти соҳиби бўлиш учун нима қилмоқ керак?
Жадид бобомиз Абдулла Авлоний “Ким нимани яхши кўрар?” номли бадиасида бундан юз йил муқаддам жамиятдаги ҳолатни шундай баҳолаган: “Эҳтимол, бизнинг халқ илму маърифатни, тарбия ва таълимни, ҳунар ва саноатни яхши кўрар, деб ўйлайдурғондурсиз? Йўқ, бу фикрингиз янглиш... Оналаримиз билим ва тарбия ўрнига эрлари ила урушуб-талашуб қизлариға мол қилмакни яхши кўрурлар”.
Ҳа, ўша вақтдаёқ, жамиятга ёт унсурлар кириб келган, мақсад сари интилиш ўрнига озгина чаласаводлигимиз туфайли “майдалашиш”, моддиятчиликка интилиш жараёни бошланган экан-да.
Японларда wa (уйғунлик) тушунчаси мавжуд. Мамлакатда сиёсий модернизация “япон руҳияти — Ғарб техникаси” (вакон-ёсай) шиори остида кечган. Бунда “вакон” анъанавий маданият, маънавий қадриятга боғланиб дунёни идрок этиш, “ёсай” — замонавий маданият, цивилизация маъносини англатади. Япон прагматизмининг бошқалардан фарқли жиҳати шундаки, анъанавий миллий қадриятларини сақлайди, эҳтимолий ҳалокатларни эҳтиёткорлик билан четлаб ўтган ҳолда, янгиликларни қабул қилаверади. Аҳолининг янгича шароитга мослашиш қобилияти: бошқа цивилизациялар унсурларини яхши ўзлаштириши, уларни ўз миллий қадриятларининг таркибий қисмига киритиши билан белгиланади. Улар 1950 йилларда Европа ва АҚШ технологияларини ўзлаштириш бараварида, миллий руҳиятини сақлаган ҳолда, Ғарбни иқтисодиётда қувиб ўтди. Бундай кўрсаткичлар илдизида эса илм-фан ва технология уйғунлиги ётади. Хитойлар ҳам, корейслар, немислар ҳам фақат шу йўл билан қолоқ давлатдан бой давлатга айланди. Таълим тизими уларни қутқарди ва юқори даражага олиб чиқди. Эртанги кун билимни чуқур эгаллаган жамиятларники бўлиб қолади. Биз ўзбеклар ҳам эътиборимизни илм-фан, таълим тизимининг ривожланишига қаратишимиз зарур, назаримда.
“Ўзбеклардан ҳам Нобель мукофоти совриндорлари чиқиши мумкинми”, деган саволга келсак, бунинг учун илмга, илмлиларга, ўқитувчиларга рағбат тизими яратилиши лозим. Юртимизда илк марта ташкил этилган Президент мактаблари, ижод мактаблари, математика мактаблари битирувчилари билими, ғайрати ҳар томонлама қўллаб-қувватланса, ушбу орзу-ниятларимиз амалга ошади, деган умиддамиз.
Ривожланиш заминида маърифат ётади
Миллатимиз нимага эришса ёки қайси жабҳада оқсаса, унинг илдизида маърифат ва таълимнинг тараққиёти ёки оқсаши ётибди, деб айтиш мумкин. Шу боисдан Президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келганидан сўнг, таълим ва тарбия борасида мисли кўрилмаган ўзгаришларни амалга оширишни кўзламоқда. Бунинг сабаби маълум: мактаб, университет — жамият устуни!
Кейинги йилларда жаҳонда ва Ўзбекистонда таълимни ривожлантириш, уни тубдан қайта ўзгартиришда аниқ йўналишлар пайдо бўлди. Уларнинг биринчиси, таълимни тубдан демократлаштириш; иккинчиси, узлуксиз таълим ғояси, сўнг “таълим — бир умрга” ғоясини “таълим — бутун умр давомида” ғоясига алмаштириш; учинчиси, бу нафақат мутахассисларни тайёрлаш воситаси, балки жамиятга онгли, фидойи инсонларни етказиб бериш; тўртинчиси, таълимнинг глобаллашувига эришиш; бешинчиси, таълимни ахборотлаштириш.
Мамлакатимизда таълим давлат сиёсати даражасига кўтарилган, қолаверса, миллатни асраш масъулиятини ўзининг зиммасига олган тизим. Бу борада сўнгги уч йилда юртимизда сезиларли қадамлар ташланди. Мисол учун, 2019 йил 1 сентябрдан бошлаб, мамлакатимизда Президент мактаблари очилди. Бундан кўзланган асосий мақсад таълим жараёнида илғор технологияларни қўллаш орқали иқтидорли болаларни аниқлаш ва ўқитиш тизимини шакллантириш, маънавий бой ва интеллектуал ривожланган авлодни тарбиялаш кафолатларини таъминлашдан иборат. Республиканинг 14 ҳудудида биттадан очилаётган ушбу мактабларга умумтаълим муассасаларининг тўртинчи синф битирувчилари орасидан қобилиятли ҳамда иқтидорли болалар танлов асосида қабул қилинмоқда. Президент мактабларига қабул Кембриж университети имтиҳон кенгаши (Буюк Британия) томонидан ўтказилмоқда.
Дунё тажрибасини кўрсак, Америка, ўарбий Европа ва Жануби-Шарқий Осиёнинг ривожланган давлатлари тараққиётида, биздан фарқли равишда, фан ва ишлаб чиқаришнинг уйғунлиги, трансформация жараёнлари ўзаро боғлиқликда амалга оширилган. Мисол учун Германия — узоқ асрларга бориб тақалувчи илмий мактаблари, Гёте, Гегел, Бетховен, Нитше, Эйнштейн, Гумболдт сингари олим ва ижодкорлари билан тилга тушган. Халқаро доирада эътироф этилган немис таълим даргоҳларида мустақил фикр, кенг дунёқараш шаклланишига алоҳида эътибор берилади. Германияда мактабгача таълим муассасалари давлат тизимига кирмайди. Демак, фуқаролар бой, миллатни тарбиялаш масаласини ўзининг зиммасига олган. Болалар боғчаси хайрия жамҚармалари, маҳаллий ҳокимият ҳамда черков васийлигида фаолият юритади. Шу сабабдан, немислар боғчаларни “тафаккур устахонаси” деб атайди.
Юртимизда ҳам довруғ ёйган билим, маърифат масканлари анчагина. Бухоро вилояти Қоракўл туманидаги математика лицей-мактаби шулар жумласидан. Неча йилдирки, мазкур мактабда таҳсил олган абитуриентларнинг 90 фоизи талаба бўлмоқда. Шу ўринда, “Нега Қоракўл мактабидан 90 фоиздан ортиғи олий ўқув юртларига киради-ю, бошқа мактабларда бу кўрсаткич 45 — 50 фоизни ташкил қилади”, деган ўринли савол туғилади. Бунинг сабаблари кўп. Биринчидан, адолат принципига таяниб, ўқувчилар қабул қилинади ва таниш-билишликка йўл қўйилмайди; иккинчидан, дарслар Буюк Британия, Россия, Сингапур каби илғор мамлакатларнинг таълим дастурларига кўра, ишлаб чиқилган аниқ фанлар бўйича махсус дастурлар асосида ўқитилади; учинчидан, республика ва халқаро фан олимпиадаларининг ғолиблари бўлган малакали тренер-ўқитувчилар фаолият юритади. Улар умумтаълим мактабларининг 5 — 11-синф ўқувчиларини математика, физика ва кимё фанларидан шаҳар, республика ҳамда жаҳон миқёсидаги фан олимпиадаларига, Президент мактабларига тайёрлашади. Ўозирги кунга қадар марказ ўқувчилари нуфузли жаҳон фан олимпиадаларида 2 та олтин, 8 та кумуш ва 10 та бронза медалларни қўлга киритишди. Муҳими, меҳнати ва кўрсаткичига қараб, ўқитувчиларга ҳам катта мукофот берилади; тўртинчидан, ютуқларнинг яна бир калити ўқув марказида ўқувчилар ва абитуриентларнинг билимларини назорат қилиш бўйича мунтазам мониторинг ва тизимли таҳлил йўлга қўйилган бўлиб, баҳолашда коррупция ҳолати юз бермайди.
Яқинда қутлуғ даргоҳга Халқаро математика мактаби мақоми берилганини эшитиб, роса қувондим. Эндиликда тажрибадан ўтган, шаклланиб улгурган шу тизимнинг тажрибасини аниқ фанларга ихтисослаштирилган барча мактабларга қўлланилишини таклиф этган бўлардим.
Замонавий даражага кўтариш имконияти
Мақола бошида айтганимиз — япониялик мутахассислар бундан 20 йил олдин Тошкентда орзу қилган вазифа ниҳоят рўёбга чиқмоқда: муаллимнинг иқтисодий муаммоси ҳал этилиб, ойлик маоши бирмунча ошмоқда. Ўқитувчи ўқувчининг барча қизиқиши, салоҳиятини кўра биладиган ҳамда юксалиши учун бор кучини берадиган жамиятда етакчи шахсга айланмоқда. Унинг вазифаси — болага билим бериш, ўқувчиларини индивидуалликдан маҳрум қилмаслик ва шахсий фикрга эга бўлишини ман этмасликдир.
“Мен ҳеч қачон ўз ўқувчиларимни ўқитмайман, бор-йўғи улар ўқиб-ўрганиши учун шароитни таъминлашга ҳаракат қиламан”, деган эди Нобель мукофоти соҳиби, физик олим Альберт Эйнштейн.
Дарсни қизиқарли ўтиш — санъат. Қадимги юнон файласуфи Суқрот: “Мен ҳеч кимга ҳеч нарса ўргата олмайман, бор-йўғи уларни фикрлашга мажбур қила оламан”, деганида мутлақо ҳақ эди. Демак, бир аср олдин тизимга мажбуран киритилган ёдлаш усулларидан воз кечиш, ўқувчи ва талабани мустақил фикрлашга ўргатиш, фикрини чархлашга доир бутунлай янги педагогик усулларни татбиқ этиш, ўқитувчини рағбатлантиришни ҳам давом эттириш вақти келди.
“Таълим тизимини, айниқса, олий таълимни коррупция иллатидан буткул ҳалос этишимиз зарур. Таҳлилларга кўра, олий таълимда коррупция ҳолатлари деярли барча босқичларда мавжуд, — деб баёнот берди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоева Сенатнинг 2020 йил августда бўлиб ўтган 6-ялпи мажлисида. — Таълим сифатида бу ҳолатлар салбий таъсир кўрсатибгина қолмай, мамлакатимиз олий ўқув юртларининг халқаро рейтинглардаги ўрнини ҳам туширяпти”. Ўзбекистон олий ўқув юртлари бу рейтингда паст кўрсаткичга эга бўлмоқда. Бу ҳаққоний фикрлар, расмий баёнотлар тизимни замон талаблари асосида бутунлай қайта ислоҳ қилиш зарурлигини тақозо этмоқда.
Тўғри, бугунги пандемия шароитида таълим соҳасида кескин ўзгариш қилишнинг имконияти йўқ. Аммо бизнингча, вазият юмшагандан кейин олий ўқув юртларида ўқитишнинг сифатини юксалтириш учун бир қатор вазифаларни адо этиш тарафдоримиз. Жумладан: ўзлаштирмаган талабани курсдан курсга қолдириш, имтиҳонни (баллни) топширолмаган талабанинг ҳар бир ўзлаштирмаган фани учун расмий пул тўлашини таъминлаш; талабанинг эрталаб соат 9 дан то соат 17 гача олий ўқув юртида бўлиб, ўз устида тинимсиз ишлаши учун шарт-шароитни яратиш ва бошқалар. Булар ҳаммаси соҳада коррупциянинг кескин камайишига олиб келиши мумкин.
Узоқ йиллик таҳлиллар ва тажрибадан келиб чиқиб, таълим тизимини такомиллаштиришга оид қуйидаги таклифларни ҳам билдириб ўтмоқчимиз: биринчидан, моддий базани кучайтириш; иккинчидан, ўқитувчининг моддий фаровонлиги ва нуфузини ошириш; учинчидан, жамиятда зиёли аҳлининг обрў-эътиборини янада кўтариш, хусусан, хорижга кетиб қолишларнинг олдини олиш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш ва амалиётга киритиш; тўртинчидан, хусусий таълимни ривожлантириш учун имкониятларни яратиш; бешинчидан,ўқувчи ва талабага билим бериш, ўқитишда асосий мезон сифатида тизимни мустақил фикр юритишга йўналтириш; олтинчидан, таълим тизимини замонавийлаштиришда миллийликнинг барбод бўлишига олиб келмаслигини таъминлаш кабилар стратегик вазифамизга айланиши лозим.
Халқнинг, мамлакатнинг буюклигини тараннум этади
Юртбошимиз 2018 йилдаёқ “иқтисодиёт шиддат билан ривожланаётган бир пайтда, олий таълим тизими тараққиётнинг локомотиви бўлиш ўрнига, замон билан ҳамқадам бўлмаётгани ачинарлидир”, деб тизимни кескин танқид қилган эди. Шундан сўнг, таълимда сезиларли ислоҳотлар амалга ошганига қарамасдан, илм-фан ва ишлаб чиқаришнинг интеграцияси йўналишида ишлар охирига етказилмай қолди. Янги очилган Инновацион ривожланиш вазирлиги якка ўзи йирик саноат, ишлаб чиқариш, хизматлар соҳасига ихтироларни жорий этиш билан боғлиқ бу оғир масалани ҳал қилишга кучи етмайди.
Мамлакатимизда Ҳаракатлар стратегияси, Маъмурий ислоҳотлар концепцияси қабул қилингани, парламент устуворлигига эришиш йўлида қадамлар ташлангани, вазирлик, ҳокимлик тизимларининг функциялари нодавлат ташкилотларига оширилаётгани жаҳон жамоатчилиги томонидан эътироф этилмоқда. Шу ўринда, мазкур сиёсий ҳужжатларнинг асосий ижрочиси бўлган халқимизнинг демократик асосий тушунчалари, бозор иқтисоди тамойилларини қабул қилишга тайёргарлик даражаси ҳолати ҳақидаги чуқур таҳлилий маълумотларга катта эҳтиёж туҚилмоқда. Бу келгуси ислоҳотлар режасини пухта ишлаб чиқишда жуда асқатади, деган фикрдамиз. Бизнингча, узоқ йиллардан буён фаолият олиб бораётган “Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш марказига муқобил бўлган марказлар ташкил этилса, мақсадга мувофиқ бўларди. Мамлакатимизда барча соҳада кечаётган жадал ўзгаришлар билан бир вақтда, фуқароларимиз онги, дунёқараши ва хатти-ҳаракатларида шаклланаётган янгича қарашлар, ўзгараётган Ўзбекистондаги янги босқичларнинг имкониятлари ана шундай институт ва марказларни ташкил қилиш заруриятини келтириб чиқармоқда. Бу давр талаби, жамиятнинг эҳтиёжи.
Фуқаро — жамият — давлатнинг ўзаро муносабатларини мувозанатлаштириш бобида соҳибқирон Амир Темурнинг илм-фан, маърифатни ривожлантиришга доир инқилобий ислоҳотлари моҳиятини илмий ўрганиш, хулосалар чиқариш йўналишида ҳам қиладиган ишларимиз талайгина. Республикамизда Амир Темур меросини ўрганиш илмий маркази ташкил этилиб, бу тадқиқотларнинг натижаси ижтимоий-сиёсий ҳаётимизда қўлланилишига эришсак, жамият ва фуқароларимиз ижтимоий фаолиятида маънавий-руҳий уйҚониш, келажакка ишонч кайфияти пайдо бўларди.
Оққан дарё оқаверади
Кейинги йилларда умумтаълим, ўрта махсус ва олий таълим тизимида сезиларли ижобий ўзгаришлар юз берди. Давлатимиз раҳбари қарорига мувофиқ, мактабгача таълим тизими янгитдан шакллантирилгани, мактаб, академик лицейлар фаолияти такомиллашуви, хорижнинг олий ўқув даргоҳлари очилиб, олий таълимга қабул квоталарининг кенгайтирилгани, устоз-мураббийларнинг моддий ҳамда маънавий рағбатлантирилгани жамиятда муаллимнинг обрў ва нуфузини ошириб юборди. Шунингдек, атоқли шоир-ёзувчиларнинг ижод мактаблари, Президент мактаблари, Адиблар хиёбони ташкил этилди. Дарҳақиқат, жамият ҳаётида янгича қарашлар, ўзига хос ёндашувлар пайдо бўлмоқда. Масалан, умумий ўрта таълим босқичида касбга ўргатиш тизими меҳнат бозори талабларига мослаштирилмоқда. Олий таълимда ҳам назария ва амалиёт бирлигига эришиш, битирувчиларни иш билан таъминлаш борасида ҳаракатлар бошланган. Пировардида, ушбу ташкилий-ҳуқуқий ишларнинг натижаси Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотида тезроқ намоён бўлиши ва халқимиз фаровонлигининг юксалишига хизмат қилажагига ишонамиз.
“Мен Сингапурда мўъжиза яратмадим. Мен фақат Ватаним олдидаги бурчимни бажардим, холос. Давлат бюджетини таълимга йўналтирдим, — дейди Сингапур бош вазири Ли Куан Ю. — Муаллимни энг қуйи табақадан Сингапурдаги энг юқори мартабага кўтардим. Давлатдаги “мўъжиза”ларни қилган инсонлар муаллимлардир. Улар илм, ахлоқ, меҳнат ва ҳақиқатни севадиган, камтар авлодни етиштириб чиқардилар. Бунинг учун улардан миннатдормиз!”.
Ўзбекистон — улкан имкониятлар мамлакати. Таълим тизимининг ўзида минглаб ислоҳотлар, буюк ўзгаришлар навбат кутиб ётибди. Мамлакатимиз Марказий Осиёда “таълим марказ”ларидан бири бўлишга даъвогарлик қилмоқда. Бунинг учун халқаро рейтингларга кирган университетларимиз қани? Республикамизда илмий натижаларни, ихтироларни тижоратлаштиришнинг самарадор механизми ҳозирга қадар яратилмаганини ҳам айтиб ўтмоқчимиз. Биргина шу омилнинг ўзиёқ, қўшимча кўплаб маблағларни келтириб, университетлар, Фанлар академияси илмий-тадқиқот институтларининг иқтисодий ривожи учун яхши хизмат қилиши мумкин. Ўзбекистонда интеллектуал мулк ҳуқуқи бозори (ихтиролар, фойдали моделлар, саноат намуналари, шунингдек, кино, адабиёт ва санъатга оид муаллифлик ҳуқуқи эгаларига сотилган, телеэфирга узатилган маҳсулотларига доимий ҳақ тўлаш) ҳам шаклланмаган. Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига киришининг талабларидан бири — муаллифлик ҳуқуқига эгаликни таъминлашдан иборат. Бу борада қўшнимиз Хитой ёки исталган давлатларнинг бой тажрибасини ўрганиб, ўзимизда қўллашга нима халақит беради?
Бугунги кунда республикамиз олдида анъанавий унсурлар ва Қарбий инновацияларни, ўзбек руҳияти ва ўарб технологияларини ўзида бирлаштирган янги мамлакат қиёфасини шакллантиришдек муҳим вазифа турибди. Ушбу модернизация жараёнида шахс ҳаракатлантирувчи, етакчи куч, локомотив бўлиб хизмат қилишини унутмайлик. Энг муҳими, мамлакатимизда жамиятнинг устувор тармоқларида йирик қадамларни ташлашга, ота-боболаримизнинг шавкатини тиклашга имконият мавжуд. Президентимиз таъбири билан айтганда, халқнинг, мамлакатнинг буюклигини тараннум этадиган жиҳатларимиз кўп. Аввало, жаҳон андозасига жавоб берадиган рақобатбардош кадрлар тайёрловчи мукаммал таълим тизимини барпо этиш учун Хитой, Япония, Сингапур, Малайзия давлатларининг таълим тизими тажрибасини ўрганадиган илмий-амалий марказларнинг ташкил этилиши бу борада улкан қадам бўлади, деб ҳисоблаймиз.
“Оққан дарё оқаверади”, деган ҳикматда гап кўп. Кўп асрлик танаффусдан кейин алломалар етишган қадимий ўлкамиздан яна Самарқандийлар, Хоразмийлар, Бухорийлар, Термизийлар, Насафийлар, жаҳон эътироф этган олимлар ва ихтирочилар, етти иқлимни қалами билан олган маънавият арбоблари, диний уламолар етишиб чиқишига ижодий замин ва муҳит яратилгани миллатдошларимизга ишонч ва умид туғдирмоқда.