14.03.2024
210
Сўнгги йилларда юртимизда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг мамлакатимиз иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳаётининг барча соҳаларида фаоллигини янада ошириш, оила ва оналикни қўллаб-қувватлаш, гендер тенгликни таъминлаш мақсадида кенг имкониятлар яратилмоқда.
Шунингдек, мамлакатимизда хотин-қизларнинг тадбиркорлик ва бизнес фаолиятини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясининг 69-мақсадида хотин-қизларнинг таълим ва касбий кўникмалар олишлари, муносиб иш топишларига ҳар томонлама кўмаклашиш, тадбиркорлигини қўллаб қувватлаш, иқтидорли ёш хотин-қизларни аниқлаш ва уларнинг қобилиятларини тўғри йўналтириш вазифалари белгиланган.
Ўзбекистон-24 телеканалининг Таҳлилнома дастурида Ижтимоий фикр республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази директорининг фан ва инновациялар бўйича ўринбосари, социология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) В.С.Алекссева билан хотин-қизларнинг ижтимоий қўллаб-қувватлаш мавзусида бўлган суҳбатда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, хотин-қизларни ижтимоий ҳимоя қилишнинг самарадорлиги, мамлакатимиз ҳудудларида қизларни ўқитиш ва тарбиялаш учун зарур шарт-шароитларнинг мавжудлиги, хотин-қизларни тадбиркорликка жалб этиш, уларнинг саломатлигини муҳофаза қилиш шунингдек, Президентимиз Ш.М.Мирзиёевнинг 8-март хотин-қизлар куни муносабати билан йўллаган табрик нутқидаги таклифлар ва ташаббуслар тўғрисида фикр-мулоҳазаларини билдирган.
Миллий дастур Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Ўзбекистон Республикасининг "Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида", "Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида", "Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятлар кафолатлари тўғрисида"ги қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг “2030 йилга қадар Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегиясини тасдиқлаш ҳақида”ги қарорига, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган тамойиллари ва нормалари, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари қоидалари ва бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ ишлаб чиқилган.