10.03.2024
148
Давлатимиз конституциясида Ўзбекистон — бошқарувнинг республика шаклига эга бўлган суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат деб белгилаб қўйилган.
Дунёвий давлат сиёсатининг энг муҳим устувор йўналишларидан бири сифатида фуқароларга миллати ва диний эътиқодидан қатъий назар, тенг ҳуқуқ ва имкониятлар яратиш белгиланган. Шунингдек, Конституциямизда ҳар бир инсон ҳақ-ҳуқуқи ва эркинлиги кафолатлангани хусусида шундай дейилган: “Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар бир инсон хоҳлаган динига эътиқод қилиши ёки ҳеч қандай динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди”.
«Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази мамлакат фуқароларининг мутлақо турли-туман масалалар, жумладан, Инсон ҳуқуқ ва эркинликлари: баҳолар, фикрлар ва муносабатлар, мамлакатда гендер тенгликнинг таъминланиши ҳақида, оила ва оилавий қадриятларнинг роли ҳақидаги фикр ва тасаввурларини аниқлаш мақсадида тадқиқотлар олиб бормоқда. Хусусан, Марказ ҳар йили миллатлараро бағрикенглик муносабатлари, оилавий, шахслар-аро муносабатлар, гендер тенглик, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, эр-хотин, ота-она ва фарзандлар ўртасидаги ўзаро муносабатлар, ёшларнинг ҳаётий позицияларини ўрганиш мониторингини амалга оширади.
«Dunyo bo`ylab» телеканалининг «Бевосита мулоқот» дастурида «Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази директорининг ўринбосари Марат Каримович Ходжимуҳамедов билан “Ўзбекистон: дунёвий давлат – янада тараққиёт ва фаровонлик гаровидир” мавзусида бўлган суҳбатда Ўзбекистон дунёвий давлатлиги, дин давлатдан, сиёсатдан ажратилганлиги, хар бир фуқаро миллати, тили, дини ва ижтимоий келиб чиқишидан қатьий назар қонун олдида тенг ҳуқуқлилиги ва тенг шароитлар яратилганлиги, гендер тенглик ва ёшлар дунёқараши ҳақида сўз борди.