31.12.2020
412
"Uza.uz" интернет нашри.
Гулноза БОБОЕВА,
“Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази “Ўзбекистон: жамоатчилик фикри - 2020” мавзуида комплекс социологик тадқиқот ўтказди.
Унда «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили»да мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий ривожланиши ҳақида аҳолининг фикри ўрганилди. Халқимизнинг ижтимоий кайфияти ҳамда давлат ва жамият ҳаётининг асосий соҳаларида эришилган натижалардан аҳолининг қониқиш даражаси аниқланди.
2020 йил якунлари бўйича ўтказилган жамоатчилик фикри сўровининг кўрсатишича, ўтаётган йил мамлакат ва жамият, ҳар бир ўзбекистонлик оиласи учун синов бўлди, кўпчилик томонидан у мисли кўрилмаган мураккаб йил сифатида қабул қилинмоқда. Фуқаролар «унинг тезроқ тугаши» истагини ҳис қилмоқда, лекин дуч келинган барча муаммо ва қийинчиликларга қарамасдан, сўров иштирокчиларининг фикрича, бу йил «кутилган даражада ёмон йил бўлмади», кўпчиликнинг ҳаёти бир маромдаги изга тушди.
Коронавирус пандемияси билан боғлиқ қийинчиликларга қарамасдан, 61,3 фоиз фуқаролар мамлакатда мавжуд ижтимоий-иқтисодий аҳволни ижобий баҳолади ҳамда мамлакат раҳбарияти қабул қилаётган чора-тадбирлар туфайли Ўзбекистонда ишлаб чиқариш қувватларининг узлуксиз фаолият кўрсатиши ва иқтисодиётнинг барқарорлиги таъминланаётганини таъкидлади.
Сўров иштирокчилари ўтказилаётган кенг кўламли иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий ислоҳотлар мамлакатни янада ривожлантириш, давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш, иқтисодиётни эркинлаштириш, мамлакатнинг инвестициявий салоҳиятини ривожлантириш, саноат ва аграр секторни модернизациялаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, аҳолининг фаровонлик даражасини оширишга ёрдам беришига ишонади.
Тадқиқот натижаларини таҳлилидан келиб чиқиб таъкидлаш зарурки, жамоатчилик фикрида аҳолининг долзарб муаммоларини ҳал қилиш бўйича давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолиятига ижобий баҳолар устуворлик қилади. Масалан, мамлакатнинг 62,3 фоиз аҳолиси уларнинг ишини «яхши», деб баҳолади, сўралганлардан учдан бир қисмининг ҳисоблашича, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолиятини «қониқарли», деб баҳолаш мумкин.
Ўтказилган сўровнинг кўрсатишича, 69,7 фоиз иштирокчининг фикрига кўра, коронавирус пандемияси мамлакатимизда касалликнинг тарқалишига йўл қўймаслик ҳамда унинг фуқаролар ҳаёти ва соғлигига салбий таъсирини камайтириш бўйича давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг куч-ғайратларини жипслаштирди.
Мамлакат фуқаролари давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш, ҳар бир фуқаро ва умуман, жамият ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва таъминлашга қаратилган иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотлар Ўзбекистондаги ҳар бир оиланинг ҳаётига ижобий таъсир кўрсатишига ишонади. Сўров иштирокчилари кириб келаётган йилда ўз оиласининг моддий аҳволидаги ўзгаришлар истиқболларини некбинлик билан баҳолади. Ҳар иккинчи респондент (50,5 фоизи) 2021 йилда ўз оиласининг фаровонлиги ўсишига ишонади, 29,1 фоизи респондентларнинг фикрича, турмуш даражаси аввалги ҳолатда қолади.
Ўзбекистонликлар «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили» Давлат дастурини амалга оширишнинг самарадорлигини ижобий баҳолайди, сўров иштирокчилари кўрилаётган чора-тадбирлар иқтисодиётнинг ривожланиши ва ўсишига, аҳолининг долзарб муаммоларини ҳал қилиш бўйича давлат тузилмалари фаолиятининг самарадорлигини ошириш, мамлакат ҳаётида фуқаролик жамиятининг иштирокини кенгайтириш, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳасида давлат хизматлари кўрсатишни яхшилаш, мамлакатнинг банк, молия, энергетика ва қишлоқ хўжалиги тармоқларини модернизациялаш, шунингдек, инвестицияларни ўстириш, ҳам хорижий, ҳам мамлакат ичидаги инвестицияларни жалб қилиш, қўшимча иш ўринлари яратиш ва модернизациялашга ёрдам беришига ишонади.
Сўровнинг кўпчилик иштирокчилари (69,4 фоизи) Ўзбекистоннинг бундан кейин ҳам танланган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар йўлидан боришига ва келаётган 2021 йилда нафақат эришилган ривожланиш суръатларини сақлаб қолишига, балки ижтимоий-иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий тараққиётнинг сифат жиҳатидан янги босқичига чиқишига ишонишини билдирди.