04.06.2021
387
2020 йилда 88 та эрта никоҳ ҳолати қайд этилган. Бу 2019 йилги кўрсаткичларга нисбатан деярли бир баравар камроқ. Шунингдек, ўтган йили 1044 та эрта туғруқ ҳолати қайд этилган.
Ўзбекистонда эрта турмуш қайси ҳудудларда ва қанча қайд этилаётгани маълум қилинди. Бу ҳақда «Маҳалла ва оила» илмий-тадқиқот институти директори ўринбосари Ҳамид Абдураҳмонов АОКАда бўлиб ўтган брифингда хабар берди.
Давлар статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2020 йилда 88 та эрта никоҳ ҳолати қайд этилиб, 2019 йилга нисбатан кўрсаткич 97 фоизга камайган.
Бунинг асосий сабабларидан бири 2019 йил 1 сентябрдан эркаклар ва аёллар учун никоҳ ёши тенглаштирилгани, туман, шаҳар хокими томонидан никоҳ ёшини 1 йилга камайтиришга рухсат берилган никоҳлар қайд этилганлиги билан изоҳланди.
«Лекин амалиёт аксарият ҳолатларда эрта никоҳ яширин тусга эгалигини кўрсатишини унутмаслигимиз даркор», — дейди Ҳамид Абдураҳмонов.
Таъкидланишича, эрта никоҳ ҳолатлари республиканинг барча ҳудудларида тарқалмаган, асосан Ургут, Самарқанд, Пастдарғом, Каттақўрғон, Денов, Шаҳрихон туманлари ҳамда Наманган, Самарқанд ва Андижон шаҳарларида кўп қайд этилган.
Маълум қилинишича, 2020 йилда 1044 та эрта туғруқ ҳолати қайд этилган бўлиб, 2019 йилга нисбатан 12,7 фоизга камайган. «Ҳудудлар кесимида эрта туғруқларнинг 43,1 фоизи Самарқанд ва Қашқадарё вилоятлари улушига тўғри келади», — дейди Абдураҳмонов.
Қайд этилишича, 2021 йилнинг февраль ойида Ургут, Самарқанд туманлари ва Самарқанд шаҳрида келинлар ўртасида социологик тадқиқот ўтказилган. Унга кўра, эрта никоҳнинг сабаблари — ота-оналар (70 фоиз), севги-муҳаббат (26 фоиз), эрта ҳомила (3,4 фоиз), диний қарашлар (1,5 фоиз) каби омиллар бўлган.
Эрта турмуш қуриш оқибатида 38,2 фоиз ўсмир қизларнинг соғлиги, 22,9 фоизида ота-оналар билан муносабатлар ёмонлашган. 25,2 фоизи иқтисодий қийинчиликларга дуч келган. Шунингдек, 9 фоиз ҳолатда яқин дўстлари билан алоқалар узилишига олиб келган.
Респондентларга «оила қурганингиздан кейин ўқишингизни давом эттирдингизми?», дея савол билан мурожаат қилинганида, сўровда иштирок этганларнинг фақат 37,6 фоизи ўқишларини давом эттирганлигини таъкидлаган. 17,1 фоизи давом эттиришни ўзлари хоҳламаган, 25,6 фоизига турмуш ўртоқлари рухсат бермаган, 13,3 фоизининг ўқишларига эса қайнона-қайноталари рухсат бермаган.
Социологик тадқиқот натижаларининг кўрсатишича, 41,6 фоиз респондент ҳомиладорлик ва ундан кейинги зарур тиббий ёрдамни тўлиқ олган. Аммо жами респондентларнинг 12,7 фоизи тўлиқ, 25,1 фоизи зарур даражада тиббий ёрдам олмаган. 7,2 фоиз респондент тиббий ёрдамга кўп маблағ сарфлаганини билдирган.
«БМТнинг „Аҳолишунослик жамғармаси“ томонидан мазкур тадқиқотга катта қизиқиш билдирилди. 2021 йил июнь-июль ойларида „Аҳолишунослик жамғармаси“ билан ҳамкорликда „Маҳалла ва оила“ илмий-тадиқиқот институти томонидан эрта турмуш ва эрта туғруқ ҳолатларининг энг кўп қайд этилаётган Қашқадарё, Тошкент вилоятлари, Наманган ва Тошкент шаҳрида ёшлар, ота-оналар, экспертлар иштирокида чуқурлаштирилган тадқиқот ўтказиш режалаштирилган», — дейди Ҳамид Абдураҳмонов.