05.04.2020
329
"Daryo.uz" интернет нашри.
«Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази мониторинг режимида мамлакат фуқароларининг COVID-19 коронавирус инфекцияси тўғрисида хабардорлик даражасини аниқлаш ва Ўзбекистонда коронавирус тарқалишига йўл қўймаслик бўйича кўрилаётган чора-тадбирларнинг самарадорлиги тўғрисида ўзбекистонликларнинг фикрини ўрганиш мақсадида телефон сўровларини ўтказди.
Икки босқичда ўтказилган тадқиқотда (I босқич — 26 февралдан 2 мартгача, II босқич — 16—20 март кунлари) мамлакатнинг барча минтақаларида яшовчи, 18 ва ундан катта ёшдаги эркаклар ва аёллар, ёшлар ва катталар иштирок этди.
Телефон сўрови давомида аниқланишича, фуқароларнинг 75,4 фоизи коронавирус инфекцияси тўғрисида етарлича, тўла даражада хабардор, сўровнинг ҳар бешинчи иштирокчиси «нималарнидир эшитганини, лекин батафсил билмаслигини» билдирган.
Сўров иштирокчиларининг аксарият қисми (93,9 фоизи) инфекция ҳаво-томчи йўллари ва касалланган одам тегинган предметлар орқали юқишидан хабардор бўлган.
Коронавирус ҳақида хабарларнинг асосий манбаси телевидение бўлиб қолмоқда — респоденларнинг ҳар иккитадан биттаси (53,6 фоизи) вирусга оид маълумотлардан Миллий телерадиокомпания дастурлари орқали бохабар бўлган. 29,7 фоиз респондент COVID-19 ҳақида маълумотларни интернетдан ўқиган.
«Ўзбекистон ОАВларида коронавирус инфекцияси ҳақида етарлича маълумот берилаяптими?» деган саволга сўров иштирокчиларининг мутлақ кўпчилиги — 92 фоизи ижобий жавоб берган.
Аниқланишича, иштирокчиларнинг 68,1 фоизи давлатнинг коронавирус инфекциясидан огоҳлантириш, уни аниқлаш ва касалликнинг тарқалишига чек қўйишга йўналтирилган чора-тадбирларини ижобий баҳолайди. 13,8 фоизи эса кўрилаётган чоралар етарли эмас деб ҳисоблаган.
Минтақавий кесимда коронавирус инфекциясининг тарқалишига йўл қўймаслик бўйича қабул қилинаётган чора-тадбирлар юзасидан фуқароларнинг юқори баҳолари Қорақалпоғистон Республикасида (85,7 фоиз), Жиззах (81,3 фоиз), Навоий (81,3 фоиз) ва Сирдарё вилоятларида (76,9 фоиз) аниқланган, ушбу ҳудудларда уларнинг минтақаларида зарур барча чора-тадбирлар кўрилаяпти, деб ҳисобловчилар сони мамлакат бўйича ўртача кўрсаткичдан юқори.
Сўнгги маълумотларга кўра, Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони 55 кишига етган. Тўрт беморнинг аҳволи оғир эканлиги айтилмоқда. Илғор технологиялар маркази олимлари Ўзбекистонда коронавирусни аниқлаш бўйича тест тизими ишлаб чиқилганини маълум қилди.