25.04.2020
355
"Халқ сўзи" газетаси.
Мақола муаллифи: Зиёда АШУРОВА
Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлиги — ўта муҳим долзарб масала. Бу бўйича аниқ таҳлилларга таянга ҳолда халқимиз манфаатларидан келиб чиқиб, ягона хулосага келиш мақсадга мувофиқ. Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида бу борада белгилаб берилган вазифалардан келиб чиқиб, парламент қуйи палатаси Кенгашининг шу йил 26 мартдаги қарори билан Ўзбекистон Республикасининг Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлигини йўлга қўйиш масаласини ўрганишни ташкил этиш бўйича ишчи гуруҳи таркиби тасдиқланиб, қуйи палата томонидан амалга ошириладиган тадбирлар Режаси қабул қилинган эди. Мухбиримиз бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал САИДОВ билан суҳбатлашди.
— Акмал Холматович, қабул қилинган Режага мувофиқ, айни пайтгача қандай тадбирлар амалга оширилди?
— Ҳақиқатан ҳам, Ўзбекистоннинг ЕОИИ билан ҳамкорлиги масаласи жиддий аҳамиятга эга бўлиб, айни пайтда парламент томонидан интеграциялашув жараёнлари ҳар томонлама чуқур кўриб чиқиляпти, очиқ таҳлил қилинмоқда. Бу бўйича қабул қилинган тадбирлар Режасига келадиган бўлсак, унга мувофиқ бир қатор йўналишларда аниқ ишлар олиб борилди.
Хусусан, Қонунчилик палатасининг 5 та фракциясида ЕОИИ билан ҳамкорлик масалаларига боғлиқ барча йўналишлар ўзларининг сайловолди дастури доирасида Ҳукумат вакиллари, мутасадди вазирлик ва идоралар раҳбарлари иштирокида кенг муҳокама қилинди.
Шунингдек, қуйи палатанинг 12 та қўмитасида 31 март — 6 апрель кунлари ўз соҳа йўналишлари бўйича ЕОИИ билан ҳамкорлик қилишда интеграциялашув жараёнларининг ижобий ва салбий жиҳатлари билан боғлиқ масалалар қизғин кўриб чиқилди. Албатта, бунда 40 дан ортиқ Ҳукумат вакиллари, тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари иштироки таъминланди.
Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар ҳамда Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмиталари ташаббуси билан соҳа йўналишлари бўйича туркум “давра суҳбат”лари ташкил этилди. Аҳамиятли жиҳати, уларда Ўзбекистоннинг ЕОИИ билан ҳамкорлик бўйича кўплаб ижтимоий долзарб саволлар ўртага ташланди.
10 апрель куни ўтказилган “Ҳукумат соати”да тегишли вазирлик, идоралар масъуллари иштирокида Ўзбекистоннинг ЕОИИ билан ҳамкорлик қилишдаги позицияси қизғин муҳокама қилинди.
Шу ўринда куни кеча “Парламент эшитуви”нинг биринчи маротаба видеоконференц алоқа шаклида ташкил этилганини алоҳида қайд этиш жоиз. Чунки бу ҳозирги коронавирус пандемияси шароитида парламентда иш тўхтаб қолмаслигига, аксинча, депутатларнинг масофадан туриб, электрон тарзда фаолият юритишларини таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятли. Шу боис “Парламент эшитуви”да Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари — иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири, Ташқи ишлар вазири, Ахборот технологиялари ва коммуникациялари вазири, Давлат божхона қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари, Инвестиция ва ташқи савдо вазирининг ўринбосари масофавий тарзда иштирок этди. Унда мутасаддилар депутатларнинг ЕОИИ билан ҳамкорликнинг Ўзбекистон учун қандай муҳим жиҳатлари борлигига оид саволларига батафсил, асосли жавоб беришди.
— Амалга оширилган ишлар жамоатчиликка қандай етказилди?
— Олиб борилган саъй-ҳаракатларни кенг жамоатчилик вакилларига, умуман, халқимизга етказишда оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар кўприк вазифасини ўтади, десам муболаға бўлмайди. Қонунчилик палатаси фракциялари ва қўмиталари томонидан ўтган бир ярим ой ичида Ўзбекистоннинг ЕОИИ билан ҳамкорлиги масаласи муҳокамаларига оид 152 дан зиёд материаллар ОАВда ёритилиб, кенг жамоатчиликка етказилди.
Хусусан, ўрганиш жараёнида марказий нашрлар, хусусан, “Халқ сўзи”да 35 та мақола, телевидениеда фракциялар ва қўмиталар томонидан 3 та теледебатлар, интернет нашрларидаги материаллар сони 60 дан ортиқни ташкил қилди. Интернет сайтларида, хусусан, “Кun.uz”, “Daryo.uz”да бир қатор, шунингдек, парламентнинг расмий сайтида ҳам мунтазам материаллар бериб борилди.
Бундан ташқари, видеоконференц алоқа тарзида ўтказилган тадбирлар, хусусан, сиёсий партиялар фракциялари ва қўмиталарнинг кенгайтирилган жами 20 дан ортиқ йиғилишлари кенг жамоатчиликда катта қизиқиш уйғотди. Айниқса, улар томонидан ижтимоий тармоқларда ушбу масала бўйича аҳоли (электорат) билан доимий мулоқотлар ташкил этилаётгани эътиборга молик. Чунки фуқароларнинг мазкур қизғин жараёнга қизиқиши ортиб бораётганини билдирилаётган муносабатлардан ҳам яққол кўриш мумкин.
— Ўзбекистоннинг ЕОИИ билан ҳамкорлиги бўйича ўтказилган тадқиқот натижалари ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз.
— “Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан бу бўйича, энг аввало, ташаббусли тартибда сўров ўтказилган бўлса, бевосита Қонунчилик палатаси депутатларини қизиқтирган масалалар бўйича тайёрланган саволнома асосида Марказ томонидан иккинчи маротаба, яъни 7 – 12 апрель кунлари ижтимоий сўров ўтказилиб, қуйи палатага тақдим этилди.
Ўтказилган тадқиқот натижасига кўра, “Жамоатчилик фикри шу маънода якдилки, Ўзбекистонда мамлакатимиз Евроосиё иқтисодий иттифоқининг тўла ҳуқуқли аъзоси бўлгач, қўлга киритиладиган барча имтиёзлар ва барча эҳтимолий салбий оқибатлар чуқур таҳлил қилиниб, баҳоланганидан сўнггина узил-кесил қарор қабул қилинади”.
Бундан ташқари, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан ҳам социологик сўровлар ўтказилди. Бундай социологик сўровлар жамоатчиликнинг бу борадаги фикрини илмий тарзда ўрганишга асос бўлиб хизмат қилади.
— Тадбирлар Режасидан ташқари, ушбу йўналишда яна қандай ишлар рўёбга чиқарилмоқда?
— Ўзбекистоннинг ЕОИИ билан ҳамкорлиги масаласининг ижтимоий-сиёсий аҳамиятини инобатга олиб, апрель ойининг бошида “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг соҳалар бўйича қўмиталарининг Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлигига оид масалани ўрганиш бўйича вазифалари Тақсимоти” тасдиқланди. Ҳозирги кунда ушбу белгилаб олинган ишлар босқичма-босқич амалга оширилмоқда.
Шу ўринда яна бир жиҳатни қайд этиш жоиз. Ушбу долзарб масала муҳокамаларини сифатли ўтказиш мақсадида Қонунчилик палатасининг ички локал тармоғида “ЕОИИ” махсус тизими орқали Вазирлар Маҳкамаси томонидан ЕОИИга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, маълумотлар ва таҳлилий материаллар (уч минг бетдан ортиқ)нинг барчаси жойлаштирилди. Албатта, бу депутатларнинг ушбу ҳужжатлар билан танишишга имкон яратмоқда.
Ушбу кўрсатилган кўмак ва амалий ҳамкорлик учун Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Вазирлар Маҳкамасига ўз миннатдорчилигини билдиради. Зеро, ҳар бир масалани ўзаро ҳамкорликда ҳал этишдан мақсад — халқимиз манфаатларини таъминлаш, юртимиз тараққиётини юксалтириш саналади.