346

"Халқ сўзи" газетаси.
Ўзбекистон Республикаси
Олий мажлиси ахборот хизмати

2019 йил 28 декабрь куни Олий Мажлис Сенатида Ўзбекистон Республикаси Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссиясининг мажлиси бўлиб ўтди.

​Унда Комиссия аъзолари, вазирлик ва идоралар, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Мажлисни Ўзбекистон Республикаси Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси Раиси, Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева олиб борди.

Мажлисда Комиссиянинг 2019 йилдаги фаолияти ҳамда 2020 йил учун иш режаси кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, Комиссия Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 7 мартдаги “Хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори билан тузилган эди. Гендер тенглик – самарали иқтисодий ва ижтимоий тараққиётнинг омили. Шу боис  мамлакатимизда хотин-қизларнинг ўз имкониятларини тўлақонли рўёбга чиқаришлари учун барча шарт- шароитларни таъминлаш давлат сиёсати даражасига кўтарилди.

Ўтган қисқа вақт мобайнида Комиссия томонидан ҳамкор тузилмалар билан биргаликда  мамлакатда гендер тенгликни таъминлаш ва аёлларнинг ижтимоий турмуш шароитларини яхшилаш, оила институтини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш, аёллар ҳуқуқлари камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш бўйича умумэътироф этилган халқаро нормаларни миллий қонун ҳужжатларига имплементация қилиш, шунингдек аёллар ҳуқуқий маданиятини ошириш каби йўналишларда қатор амалий ишлар олиб борилди.

Хусусан, жорий йилда мамлакатимизда бу борада муҳим қадамлар қўйилди. Ўзбекистон Республикасининг “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги ҳамда “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунлар қабул қилинди, Сенатда Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси тузилди.

Қонунларнинг ижросини таъминлаш ва  аҳоли орасида уларни кенг тарғиб қилиш – Комиссия фаолиятининг   муҳим йўналишларидан бири бўлди. Жумладан, соҳага оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги ҳамда “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқлаштирилди. Комиссия томонидан қатор нуфузли ҳалқаро ташкилотлар билан биргаликда халқаро форум, турли анжуманлар, шунингдек “Биз зўравонликка қаршимиз” шиори остида акциялар ташкил этилди.

Шунингдек,  ҳимоя ордерини бериш тартибини жорий қилиш ва амалиётга татбиқ қилиш мақсадида хорижий тажриба ўрганилиб, унинг лойиҳаси ишлаб чиқилди ва Вазирлар Маҳкамасига тақдим этилди.

Шу билан бир қаторда, аёлларга нисбатан зўравонликка барҳам беришда идоралараро ҳамкорлик стандартларини маҳаллий шароитга мослаштириш бўйича ишчи гуруҳ ташкил этилди. Унинг аъзолари томонидан соғлиқни сақлаш, ҳуқуқни муҳофаза қилиш, психологик-ижтимоий кўмак кўрсатишнинг минимал стандартларини жорий этилиши юзасидан халқаро тажриба ўрганилмоқда.  Бундан ташқари, “Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан “Ўзбекистонда гендер тенглик соҳасидаги муаммолар” мавзусида   ижтимоий сўров ўтказилди.

Ўтган қисқа даврда Комиссия томонидан жойларда 197 та Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш маркази ташкил этилди. Оғир турмуш шароитида яшаётган 1454 нафар хотин-қизнинг уй-жой учун бошланғич бадали Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ҳисобидан тўлаб берилди ҳамда ушбу мақсадларга 25 млрд. 194 млн. сўм маблағ йўналтирилди. Шунингдек, бундай тоифадаги 13 мингдан зиёд аёлларнинг ишга жойлаштирилиши таъминланди. Бандлик дастурига мувофиқ 250 мингдан ортиқ хотин-қизлар иш билан таъминланди.

Сиёсий ва ҳуқуқий билимли, инновацион ғояларга ва ташкилотчилик қобилиятига эга бўлган хотин-қизлардан иборат 6 минг нафардан ортиқ кадрлар захираси шакллантирилиб, хотин-қизларнинг жорий йил 22 декабрь куни бўлиб ўтган сайловда депутатликка номзод сифатидаги фаол иштироки таъминланди.

Мажлисда таъкидланганидек, хотин-қизларнинг иқтисодий мустақиллигини таъминлаш – уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг энг муҳим омилидир. Шу жиҳатдан аёллар бандлигини таъминлашга янги ёндашув доирасида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан биргаликда  мамлакатимизнинг 14 та ҳудудида Хотин-қизлар қўмиталари қошида “Хотин-қизлар тадбиркорлик марказлари” ташкил этилди. Ушбу марказларда 27 мингдан зиёд аёлларга кўмак кўрсатилди. 10500 нафар аёл қисқа ўқув курсларида ўқитилди. Ушбу тадбирлар натижасида 2,1 минг хотин-қизларнинг ишга жойлашишига эришилди.

Мажлисда хотин-қизларнинг бошқарув, бизнес ва тадбиркорлик соҳаларидаги иштирокини кенгайтириш, шунингдек оилавий бизнес ва касаначиликни ривожлантириш орқали иш билан таъминлаш мақсадида олиб борилган ишлар ҳам таҳлил қилинди. Бу борада эришилган натижалар республикамизнинг ҳар бир вилояти мисолида аниқ рақамлар асосида кўриб чиқилди. Қайд этилганидек, хотин-қизлар ўртасида кичик бизнесни ривожлантириш ва янги иш ўринларини яратиш мақсадида Бухоро ва Самарқанд вилоятларида қишлоқ жойларда яшовчи хотин-қизлар учун кичик грантлар ажратилди. Танлов якунларига кўра 60 дан ортиқ бизнес режалар қабул қилиниб, шулардан 50 таси амалга ошириш учун танлаб олинди. 

Вазирлик ва идораларнинг жамият ҳаётида аёллар ўрнини мустаҳкамлаш, ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, меҳнат муносабатларида фаоллигини ошириш юзасидан комплекс дастурлар ижросини таъминлаш бўйича фаолиятини таҳлил қилиш – Комиссия томонидан алоҳида эътибор қаратилган яна бир йўналиш бўлди. Хусусан, ўтган даврда Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Хотин-қизлар қўмитаси раҳбариятининг ахбороти эшитилди.

 Бундан ташқари, Комиссия томонидан миллий ва халқаро стандартларни ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистонда Гендер тенглик  стратегияси лойиҳаси ишлаб чиқилди. Унинг мақсади мамлакатимизда аёллар ва эркаклар учун ижтимоий, иқтисодий, сиёсий соҳада тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлашдан иборат.  Мажлис доирасида унинг тақдимоти ўтказилди.

Мажлисда Комиссиянинг бошқа фаолият йўналишлари ҳам танқидий нуқтаи назардан таҳлил этилди.

Сўзга чиққанлар таъкидлаб ўтганларидек, Комиссия томонидан амалга оширилган ҳар бир тадбир ва келтирилган рақамлар ортида зарур ёрдамга эга бўлган, ўз ҳақ-ҳуқуқларини таниган ва шу туфайли ҳаёти изига тушган хотин-қизлар тақдири мужассам.

Муҳокамада сўзга чиққанлар ўз фикрларини билдирдилар, шунингдек Комиссия қошида хотин-қизлар клубини ва  ННТ клубини тузиш таклифи билдирилди.

Барча кўриб чиқилган масалалардан келиб чиққан ҳолда Комиссиянинг истиқболдаги фаолият йўналишлари ва вазифалари белгилаб олинди.

Мақолага ўтиш.