358

"Gazeta.uz" интернет нашри.

«Ижтимоий фикр» сўров ўтказган 54 фоиз респондентлар озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари коронавирус сабабли ошганини маълум қилди. Айниқса, Бухоро, Андижон, Наманган ва Самарқанд вилоятлари аҳолиси нарх ошганини қайд этган.

«Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази ўтказган телефон сўровлари давомида 54 фоиз респондентлар мамлакатда коронавирус билан касалланганлар аниқлангач, асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари ошган, деб ҳисобламоқда. 38 фоизи нархлар ошмаган, деб жавоб берган. Сўров якунлари марказ томонидан «Газета.uz»га хабар қилинди.

Сўров 16 мартдан 20 мартгача ўтказилган. Унда мамлакатнинг барча минтақаларида яшовчи, 18 ва ундан катта ёшдаги эркаклар ва аёллар, ёшлар ва катталар иштирок этди. Марказ респондентларнинг аниқ сонини маълум қилмади.

Минтақавий кесимда асосий озиқ-овқат маҳсулотларининг нархи бўйича фуқароларнинг фикрлари ҳар хил бўлди. Бухоро ва Андижон вилоятларида яшовчи ҳар иккинчи респондент ва Наманган вилоятида яшовчи фуқароларнинг 47,3 фоизи кейинги пайтда асосий озиқ-овқат маҳсулотларининг нархи ошди, деб ҳисоблайди. Навоий ва Сурхондарё вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида телефон сўрови озиқ-овқат маҳсулотлари нарх-навосининг ошганлиги ҳақида фикр билдирган фуқаролар сонининг энг паст кўрсаткичини аниқлади.

Сўров фуқароларнинг коронавирус инфекцияси юқишидан ҳимояланиш йўллари ҳақидаги хабардорлик даражасини аниқлади. 42,1 фоиз фуқароларнинг фикрича, коронавирусни юқтирмаслик ва касаллик профилактикасининг асосий йўли шахсий гигиена қоидаларига риоя қилишдир, ҳар учинчи респондент тиббий ниқоблар касалликни юқтирмасликка ёрдам беришига ишонади. 15,9 фоиз иштирокчилар одамлар гавжум жойларга боришдан чекланиш керак, деб ҳисоблайди. Шунингдек, телефон сўрови давомида респондентлар коронавирусга қарши курашда халқ табобати, эфир мойлари ва тўғри овқатланиш ёрдам бериши ҳақидаги фикрни билдирдилар.

Шунингдек, фуқароларнинг кўпчилиги — 88 фоизи — коронавирусдан ўзини ва яқинларини ҳимоя қилиш учун зарур шахсий ҳимоя воситалари (тиббий ниқоблар)га эгадирлар. 4,3 фоиз сўров қатнашчилари уларни ҳали сотиб олишолмаган, 6,3 фоиз респондентлар эса бу ишни энди қилишмоқчи.

Мақолага ўтиш