24.03.2021
500
Ўзбекистон Республикаси Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси ташаббуси билан «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, «Ижтимоий фикр» жамоатчилик маркази ва ҳамкор ташкилотлар билан ҳамкорликда 2021 йилнинг 23-26 март кунлари Тошкент вилоятида аҳоли, айниқса ёшлар ўртасида кийиниш маданиятини янада ривожлантиришга қаратилган «Нафосат» фестивали ўтказилмоқда.
Мазкур фестивалнинг дастлабки кунида Тошкент туманидаги Маданият марказида Тошкент вилояти дизайнерлари ва ҳунармандлари томонидан яратилган миллий либослар кўргазмасининг очилиши бўлиб ўтди. Унда сўнгги йилларда жамиятимизда хотин-қизларнинг мавқеини янада юксалтириш, уларнинг давлат ва жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш масалалари давлатимиз сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири сифатида белгиланганлиги алоҳида таъкидланди.Хусусан, ижтимоий ҳаётда аёлларнинг ўрни ортиб борган сари уларнинг кийинишига, ташқи кўринишига эътибор ҳам асосий ўринга чиқишига алоҳида тўхталиб, бугунги кунда хотин-қизлар ўртасида миллий ва замонавий руҳдаги, менталитетимизга мос равишдаги кийимлар андозасини мунтазам равишда тарғиб қилиб боришни даврнинг ўзи тақозо этаётгани қайд этилди.
Тошкент вилояти ёш дизайнерлари ўртасида миллий ва замонавий андозаларни чизиш бўйича «Ёш дизайнер» танлови ташкил этилди ҳамда ёшлар модаси, анъаналар ва замонавий йўналишлар мавзуларида аҳоли ва ёшлар орасида сўровномалар ўтказилди.Шунингдек, хорижлик ва ўзбекистонлик дизайнерлар, ёшлар ҳамда соҳа мутахассислари иштирокида ташкил этилган матбуот анжуманида мамлакатимизда фаолият юритаётган илғор ишлаб чиқариш корхоналари фаолияти тўғрисидаги «Made in Uzbekistan» номли лавҳа намойиш этилди.Бундан ташқари, фестиваль доирасида «Аёллар ва ёшлар орасида кийиниш маданияти» мавзусида семинар-тренинг бўлиб ўтди. Унда бир қатор маҳаллий ва чет эллик мутахассислар, илғор дизайнерлар «Етакчи мутахассислар ва ўзбек дизайнерлари томонидан замонавий ўзбек аёлининг имижи» каби бир қанча долзарб мавзулар юзасидан ўз маърузалари билан иштирок этди.Либослар кўргазмасида эса ёш дизайнерлар ўз коллекциялари билан иштирок этди.