07.12.2022
309
«Инсон ҳуқуқлари бўйича таълим» глобал форуми
Беш йил аввал Самарқандда инсон ҳуқуқлари бўйича биринчи Осиё форуми ташкил этилиб, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги глобал муаммолар муҳокамаси бошланган эди. 2020 йилда Самарқандда онлайн шаклда ўтказилган иккинчи форум ёшлар ҳуқуқларига бағишланган эди.
Ҳозирги учинчи форумда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан БМТ Бош Ассамблеясининг 76-сессияси ва Инсон ҳуқуқлари кенгашининг 46-сессиясида илгари сурилган ташаббуслар асосида инсон ҳуқуқлари бўйича таълимни ривожлантириш муаммолари муҳокама қилинади.
Глобал форумни оча туриб, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов «Инсон ҳуқуқлари бўйича таълим: Декларациядан – амалиётга» шиори остида тадбир ўтказишни таклиф қилди.
Очилиш маросимида БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Фолькер Тюркнинг видеомурожаати, БМТнинг Ўзбекистондаги Доимий мувофиқлаштирувчиси Мунир Мамедзоданинг табриги, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши раиси, элчи Федерико Виллегаснинг видеомурожаати, ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси директори Маттео Мекаччиг табриги, Европа Кенгашининг инсон ҳуқуқлари ва қонун устуворлиги бўйича Бош директори Христос Гиакоумопоулоснинг видеомурожаати эшиттирилди .
МДҲ Ижроия қўмитаси раиси – бош котиби Сергей Лебедевнинг нутқини МДҲ Ижроия қўмитаси раисининг ўринбосари – Ижрочи котиби Бекетжан Жумаханов ўқиб эшиттирди.
Самарқанд шаҳридаги «Буюк Ипак йўли» халқаро сайёҳлик марказида бўлиб ўтаётган «Инсон ҳуқуқлари бўйича таълим» глобал форумида соҳа мутахассислари ва дунёнинг турли бурчакларидан хорижий экспертлар, давлат идоралари, халқаро ва минтақавий ташкилотлар, ихтисослаштирилган таълим муассасалари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти институтлари вакиллари иштирок этмоқда.
Глобал форумда халқаро, минтақавий ва хорижий ташкилотларнинг 100 дан ортиқ вакиллари офлайн ва онлайн форматда иштирок этмоқда. Жумладан, унда 10 та халқаро ва 6 та минтақавий ташкилотлар, 30 мамлакатдан етакчи хорижий экспертлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича профессор-мутахассислар қатнашмоқда.
Форум иштирокчилари орасида 150 та миллий ташкилотнинг 2 мингдан ортиқ вакиллари ҳам бор. Булар асосан 20 та вазирлик ва идоралар, мамлакатимизнинг барча минтақаларидаги 50 та олий ўқув юртлари ва илмий ташкилотлар, 60 дан ортиқ фуқаролик жамияти институтлари, жумладан, ёшлар ташкилотлари фаолларидир.
Иштирокчиларга инсон ҳуқуқлари бўйича таълимга оид ўндан ортиқ нашрлар ва «Демократия ва инсон ҳуқуқлари» журналининг махсус сони тақдим этилди.
Икки кунлик тадбир кун тартибидан соҳадаги илғор тажрибалар, амалиёт ва инновацион ёндашувлар тақдимоти, инсон ҳуқуқлари бўйича таълим тизимини халқаро, минтақавий ва миллий даражада такомиллаштириш юзасидан фикр алмашиш, зарур тавсиялар ишлаб чиқиш ўрин олган.
Тантанали очилиш маросимида БМТнинг мамлакатимиздаги Доимий мувофиқлаштирувчиси вазифасини бажарувчи Мунир Мамедзода сўзга чиқиб, форум БМТ шафелигида гибрид форматда ўтказилаётгани, бутун дунёдаги кенг аудитория учун Самарқанд билан виртуал мулоқот қилиш, яъни муҳокамаларда ва сессияларда иштирок этиш имконияти яратилганини таъкидлади.
Форумда «Ижтимоий фикр» Республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази директорининг ўринбосари М.K. Хаджимухамедов иштирок этмоқда, форум иши доирасида у «Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун» кўкрак нишони билан муносиб тақдирланди.