8

«Ижтимоий фикр» Республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази мамлакат аҳолиси орасида ҳаво сифати, атмосфера ифлосланиши ва экологик хавфсизлик масалаларига бағишланган комплекс ижтимоий сўров ўтказишни бошлади.

Тадқиқотда респондентларнинг шахсий тажрибаси, экологик вазиятга муносабати ва уни баҳолаш стандартлари аниқланиши мазкур муаммонинг жамиятда қай даражада аҳамият касб этаётганини кўрсатади. Экологик муаммоларнинг аҳоли онгида қай тарзда акс этиши ва кундалик турмуш сифатига таъсири долзарб ижтимоий масала сифатида намоён бўлмоқда.

Мазкур тадқиқотнинг асосий мақсади аҳолининг ўз яшаш ҳудудидаги ва мамлакатдаги умумий экологик вазият ҳақидаги хабардорлик даражасини, ҳаво ифлосланишининг долзарблигини ва унинг асосий сабаблари тўғрисидаги фикрлари ҳамда баҳолашларини аниқлашдан иборат.

Шунингдек, тадқиқот доирасида аҳолининг саломатлик билан боғлиқ шахсий кузатишларини, жумладан нафас олишда қийинлашув, аллергик реакциялар, кўз ёниши, бош оғриғи ва умумий чарчоқ каби симптомларни қай даражада кузатилаётганлигини ўрганиш вазифаси қўйилган.

Шу билан бирга, фуқаролар томонидан атмосфера ифлосланишига таъсир кўрсатувчи асосий омилларни аниқлаш, давлат томонидан амалга оширилаётган экологик сиёсатнинг самарадорлигига нисбатан респондентларнинг муносабатини ўрганиш ҳам тадқиқотнинг муҳим йўналишларидан бирини ташкил этади.

Тадқиқот доирасида фуқароларнинг фикрича, экологик вазиятни яхшилаш учун давлат томонидан амалга оширилиши зарур бўлган қўшимча чора-тадбирларни белгилаш, уларнинг мунтазам равишда олиб борилиши зарур бўлган ишлар юзасидан таклиф ва мулоҳазаларини таҳлил қилиш ҳам назарда тутилган. Бу вазифалар аҳолининг экологик хавфларга муносабати, хабардорлик даражаси ва экологик сиёсатга бўлган ишончини комплекс тарзда баҳолаш имконини беради.