9

Бутунжаҳон болалар куни муносабати билан мамлакатимизда болалар ҳуқуқлари, хавфсизлиги ва фаровон ўсишини таъминлашга қаратилган кенг қамровли маърифий ва ижтимоий тадбирлар ўтказилди. 20 ноябрь – Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги БМТ Конвенцияси қабул қилинган кун сифатида, Ўзбекистонда ҳам болалар манфаатларини устувор йўналиш сифатида белгилашга хизмат қилувчи муҳим сана ҳисобланади.

ЮНИСЕФнинг глобал ташаббуси доирасида пойтахт ва ҳудудлардаги қатор биноларнинг кўк рангда ёритилиши болалар ҳуқуқларига муносабатдаги эътибор ва масъулиятнинг рамзий ифодаси сифатида намоён бўлди. “Оламини кўк рангга бўяш” акцияси мамлакатимизда кенг ёритилиб, жамоатчилик диққатини болалар ҳаёти, таълим шароитлари, ҳуқуқий маданияти ва хавфсизлигига қаратди. Пойтахтда ўтказилган тадбирда халқаро ташкилотлар, дипломатик корпус ва болалар сиёсатига алоқадор тузилмаларнинг юздан зиёд вакиллари иштирок этди. Мулоқотлар давомида таълим, ижтимоий ҳимоя, рақамли хавфсизлик, болалар соғлиғи ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Мазкур тадбирда Бола масалалари бўйича вакил Шаҳноза Мирзиёева болалар манфаатларини давлат сиёсатининг марказий масаласи сифатида белгилаш зарурлигини таъкидлаб, шундай деди: “Ўзбекистонда ҳар учинчи фуқаро — бола. Демак, уларнинг қарор қабул қилиш жараёнларида иштирокини таъминлаш – мамлакатнинг барқарор тараққиёти учун стратегик аҳамиятга эга. Болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бир идора вазифаси эмас, балки бутун жамиятнинг умумий масъулиятидир”.

Куннинг муҳим йўналишларидан бири сифатида болалар ҳуқуқлари ва уларнинг ижтимоий муҳитдаги фаровонлигини баҳолашда жамоатчилик фикри тадқиқотларининг аҳамияти алоҳида қайд этилди. Аҳоли фикрини ўрганиш орқали оила, мактаб ва жамиятда болаларга нисбатан муносабат, уларнинг эҳтиёжлари ва ривожланишига таъсир этувчи омиллар ҳақида ишончли маълумотлар шаклланади. Бу эса болалар сиёсатида самарали ечимларни белгилаш учун мустаҳкам илмий асосдир.

Шу маънода “Ижтимоий фикр” Республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан амалга оширилаётган мониторинг тадқиқотлари алоҳида аҳамият касб этмоқда. Марказнинг сўровлари болалар ҳуқуқлари, таълим сифатидан қониқиш, ота-оналарнинг интилиш ва эҳтиёжлари, болаларнинг эмоционал ҳолати, рақамли муҳитдаги хавфсизлик, оила ва мактабдаги ижтимоий-психологик муҳит каби муҳим масалаларни қамраб олган. Ушбу тадқиқотлар орқали жамиятда болаларга оид янгиланишларга муносабат, аҳоли кутилаётган натижалар, мавжуд муаммолар ва ислоҳотларга бўлган ишонч каби кўрсаткичлар аниқ намоён бўлади.

Марказ томонидан йиғилаётган эмпирик маълумотлар болалар сиёсатига доир миллий стратегияларни такомиллаштириш, халқаро шериклар билан ҳамкорликни кенгайтириш ва мақсадли дастурларни илмий асосларга таянган ҳолда амалга ошириш имкониятини яратади.

Бутунжаҳон болалар куни муносабати билан ўтказилган ташаббуслар мамлакатимизда болалар овозини эшитиш, уларга муносабатда инсонийлик, адолат ва масъулиятни кучайтириш, ҳар бир бола учун хавфсиз ва фаровон келажак яратиш йўлида амалга оширилаётган ишлар самарасини яна бир бор намоён этди.