15.10.2021
431
2021 йилнинг 14-15 октябрь кунлари Нурcултон шаҳрида Қозоғистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллигига бағишланган "Мустақил Қозоғистон: ижтимоий ўзгаришлар ва келажак истиқболлари" мавзусида Қозоғистон социологларининг VII Конгресси бўлиб ўтди, Қозоғистон мустақиллиги йилларида рўй берган ижтимоий ўзгаришларнинг натижаларини муҳокама қилиш ва Қозоғистон ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий ривожланишини таъминлаш учун янги илмий ва амалий вазифаларни муҳокама қилиш унинг асосий мақсади бўлди.
Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида самарали маданий ва илмий ҳамкорлик доирасида, Қозоғистон социологлар ассоциацияси вице-президенти, Қозоғистон Республикаси Таълим вазирлиги Фан қўмитасининг фалсафа, сиёсатшунослик ва диний тадқиқотлар институти Бош директори, с.ф.д., профессор, Қозоғистон Республикаси Миллий фанлар академияси академиги Серик Турарович Сеидумановнинг таклифига мувофиқ Қозоғистон социологларининг VII Конгресси ялпи эксперт сессиясида "Ижтимоий фикр" РЖФЎМ директори, и.ф.д. Нигина Хайруллаевна Раҳимова "Янги Ўзбекистонда жамоатчилик фикрини ўрганиш ва шакллантириш" мавзусида маъруза қилди, у 2021 йилда Ўзбекистон ва Қозоғистон халқлари давлат мустақиллигининг 30 йиллигини нишонлашлариини қайд этди. Бу давлатлар тараққиёти тарихидаги энг муҳим босқич бўлиб, дўстона халқлар тақдирида туб ўзгаришларни белгилаб берди. Шу муносабат билан жамоатчилик фикрини ва фуқароларнинг давом этаётган янгиланиш ва ўзгаришларга муносабатини аниқлашга қаратилган социологик тадқиқотлар ўтказиш алоҳида долзарблик касб этади. "Ижтимоий фикр" РЖФЎМ томонидан олиб борилган кенг қамровли социологик тадқиқотлар натижаларининг кўрсатишича, ислоҳ қилиш ва модернизациялаш жараёнлари нафақат ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий соҳаларга, балки фуқароларнинг онги, тафаккури ва хулқ-атворига ҳам ижобий таъсир кўрсатмоқда, мамлакатимизни янада барқарор ривожлантириш истиқболлари ҳақида жиддий мулоҳаза юритиш ва фундаментал назарий хулосалар чиқариш учун муҳим эмпирик материал бўлиб хизмат қилмоқда.
Қозоғистон социологларининг VII Конгресси давомида, қуйидагилар видеомурожаат йўллашди: жаноб Сари Ҳанафий - Халқаро социологик ассоциация Президенти; жаноб Марат Муханбетказиевич Тажин - Қозоғистон социологлар ассоциацияси Президенти, Қозоғистон Республикаси Миллий фанлар академияси академиги; жаноб Ҳаёти Тюфекчи ўғлу - Туркий тилли мамлакатлар социологлар Иттифоқи Президенти; Зарема Каукеновна Шаукенова хоним – Қозоғистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Қозоғистон стратегик тадқиқотлар институти директори, Қозоғистон Республикаси Миллий фанлар академияси академиги, социология фанлари доктори, профессор.
Конгрессда халқаро илмий социологик жамоалар ва институтлар томонидан тақдим этилган маърузачиларнинг маърузалари тингланди: Галина Георгиевна Силласте - Россия социологлар жамияти тадқиқот қўмитаси раҳбари (РСЖ), Россия Федерацияси ҳукумати ҳузуридаги Молия университети Социология бўлими илмий раҳбари (Москва), "Аёллар ва тараққиёт" халқаро уюшмаси Президенти, фалсафа фанлари доктори, профессор; Анна Владимировна Андреенкова - Қиёсий ижтимоий тадқиқотлар институти директори ўринбосари (Москва), социология фанлари доктори; жаноб Омуралиев Нурбек Ашимканович - Қирғизистон Республикаси Миллий фанлар академияси фалсафа, ҳуқуқ ва ижтимоий-сиёсий тадқиқотлар фалсафа институти ижтимоий тадқиқотлар маркази раҳбари (Бишкек), Қирғизистон Социология ассоциацияси бошқаруви аъзоси, социологик фанлар доктори ва бошқа маърузачилар.
Конгресс якунлари бўйича фундаментал ва амалий социологияни ривожлантириш доирасида социологик тадқиқотлар ўтказиш тажрибаси, келгусидаги мамлакатлараро ташаббуслар ва самарали ҳамкорлик юзасидан жонли муҳокама форматида фикр алмашилди.