22.11.2025
9
Жорий йилнинг 20-ноябрь куни Тошкент давлат иқтисодиёт университетида “Барқарор иқтисодий ўсиш шароитида инсон капиталини ривожлантириш” мавзусида Республика илмий-амалий конференцияси ўтказилди. Мазкур анжуман мамлакатда инсон капиталини тизимли ривожлантиришга қаратилган давлат сиёсатининг долзарб йўналишларини илмий жиҳатдан таҳлил қилиш, меҳнат бозоридаги замонавий ўзгаришлар, рақамли трансформация жараёнлари ҳамда глобал трендларни муҳокама қилиш учун муҳим платформа вазифасини ўтади.
Тадбирни университет ректори, профессор Тешабаев Тўлқин Закирович очиб берди. У ўз нутқида барқарор иқтисодий ўсишнинг замонавий модели инсон капитали сифати ва ҳажмини ошириш, таълим-тадқиқот инфратузилмасини кучайтириш, инновациялар талафотларини камайтириш орқали ривожланишга эришиш билан белгиланишини қайд этди.
Мазкур конференцияда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиги Абдурахманов Каландар Ходжаевич, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси раиси Ходжаева Мовлюда Исламовна ва олимлар, ушбу соҳада етакчи мутахассислар илмий маърузалар билан қатнашди.
Анжуманда бир қатор олимлар илмий маърузалар билан иштирок этишди. Жумладан, Тошкент давлат иқтисодиёт университети Илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректор, и.ф.д., профессор — Абдурахмонова Гулнора Қаландаровна “Рақамли трансформатсия даврида таълим ва илм-фан соҳасида инсон капиталини ривожлантириш стратегиялари” номли мавзу билан иштирок этди.
Шунингдек, “Ижтимоий фикр” Республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази директорининг илмий ишлар ва инновациялар бўйича ўринбосари, социология фанлари бўйича фалсафа доктори (ПҳД) Сеитов Мансур Шерикбаевич ҳам “Ўзбекистон бугун: ички ислоҳотлар ва янги авлод инсон капиталини шакллантириш — билимли, мобил ва рақобатбардош кадрлар” номли маърузаси билан иштирок этди. Маърузада марказ томонидан ўтказилган кузатувлар ва ижтимоий сўровлар натижалари кенг ёритилиб муҳим хулосалар билдирилди.
Тадбир давомида профессор-ўқитувчилари ва илмий марказлар вакиллари томонидан таълим ва илм-фан соҳасида инновацион ёндашувлар, демографик ўзгаришлар шароитида меҳнат бозорини диверсификация қилиш, рақамли иқтисодиёт ва сунъий интеллект таъсирида инсон капиталига қўйилаётган янги талаблар юзасидан 10 дан ортиқ илмий маърузалар тингланди. Конференция дастурига кўра 4 та тематик шўбалар фаолият юритди ва ҳар бир йўналиш бўйича амалий таклифлар ишлаб чиқилди.
Анжуман иштирокчилари инсон капитали ривожланиши бўйича миллий ва халқаро тажрибаларни солиштирган ҳолда рақамлаштириш, таълимнинг сифат мезонларини янгилаш, меҳнат ресурслари рақобатбардошлигини ошириш, экологик омиллар ва демографик мувозанатнинг иқтисодий ўсишга таъсири каби стратегик масалаларни муҳокама қилдилар. Тадбир якунида фаол иштирокчиларга сертификатлар топширилди.




