5

“Ижтимоий фикр” Республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази мамлакат ёшларининг ижтимоий кайфияти, ҳаётий мақсадлари, фаоллари ва қадриятлар тизимини ўрганишга қаратилган “Ўзбекистон ёшлари — 2025” номли кенг қамровли социологик тадқиқот ўтказишни бошлади.

Бугунги глобал ўзгаришлар, рақамли иқтисодиёт ривожи, ёшлар миграцияси, жамиятдаги ижтимоий кайфият, янги қадриятлар шаклланиши ва меҳнат бозоридаги глобал ўзгаришлар шароитида ёш авлоднинг фикри ва ҳолати – мамлакатнинг стратегик барқарорлиги учун ҳал қилувчи аҳамият касб этади.

Ўзбекистон ёшлари аҳолининг салмоқли қисмини ташкил этгани боис, уларнинг хаётий мақсадлари, муаммолари, имкониятлари ва кутилмалари ҳақида холис маълумотга эга бўлиш — давлат сиёсати, таълим ислоҳотлари, меҳнат бозоридаги стратегиялар ва ижтимоий дастурларни тўғри шакллантириш учун зарур.

Айнан шунинг учун “Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази ушбу тадқиқотни амалга ошириб, жамиятнинг энг муҳим қатлами — ёшларнинг реал ҳолати, кайфияти ва йўналишларини илмий асосда ўрганишни мақсад қилган. Шунингдек, Ўзбекистон ёшларининг ижтимоий кайфияти, фаоллиги, қадриятлари, ҳаётий мақсадлари, муаммолари ва имкониятларини комплекс ўрганиш, уларнинг мамлакатдаги ислоҳотларга муносабатини аниқлаш тўғрисида фикр-мулоҳозаларини ўрганишдан иборат.

Тадқиқот сўровномаси бир неча йирик блоклардан иборат бўлиб, ҳар бири мамлакат ёш авлодининг муҳим йўналишлардаги фикр ва эҳтиёжларини ўрганишга қаратилган. Мазкур тадқиқот мамлакатнинг барча ҳудудларида, шаҳар ва қишлоқлардан тортиб, турли ижтимоий қатлам ва ёш гуруҳларини қамраб олган ҳолда ўтказиш кўзда тутилган.