748

Малакали кадрлар тайёрлаш – замон талаби

Ҳозирги глобаллашув ва бозор иқтисодиёти шароитида юксак салоҳиятли, билимли, масъулиятли, рақобатбардош кадрларни етиштириш ҳар қачонгидан долзарб масалага айланган. Ҳар қандай давлатни иқтисодий, сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ривожланишида юксак малакали кадрлар муҳим ўрин тутиши ҳеч кимга сир эмас.

Бу борада Ўзбекистонда “Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази юқори малакали кадрлар тайёрлашни самарали бошқариш ва давр талабларига мувофиқ рақобатбардош кадрларни етиштириш мақсадида Олий ўқув юртлари билан ҳамкорликда тизимли ишларни йўлга қўйган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Социологик тадқиқотлар ўтказишни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2019 йил 22 февралдаги ПФ-5667-сонли Фармони, 2017 йил 20 апрелдаги “Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” ПҚ-2909-сон, 2017 йил 27 июлдаги “Олий маълумотли мутахассислар тайёрлаш сифатини оширишда иқтисодиёт соҳалари ва тармоқларининг иштирокини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида” ПҚ-3151-сон ҳамда 2018 йил 5 июндаги “Олий таълим муассасаларида таълим сифатини ошириш ва уларнинг мамлакатда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларда фаол иштирокини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-3775-сонли қарорлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг “Олий таълим муассасалари талабаларининг малака амалиётини ўташ тартиби тўғрисида”ги Низомга мувофиқ “Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази билан Ўзбекистон Миллий Университети, Ўзбекистон Халқаро Ислом академияси ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида тузилган шартномага асосан ҳар йили амалиёт амалга оширилиб келинади.

Марказнинг асосий мақсади – мамлакат ривожланишининг барча соҳаларида жамоатчилик фикрининг асосий тенденцияларини аниқлаш, таҳлил қилиш ва комплекс ўрганишдан иборат бўлиб, талабаларнинг назарий билимларини амалиётда қўллаш кўникмаларига эга бўлишлари учун барча амалиёт турлари йўлга қўйилган.

Жорий йилнинг 1 февралидан бошлаб “Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Марказида Ўзбекистон Миллий университетининг “Социология" ва  "Ижтимоий иш" йўналишида таҳсил олувчи рус ва ўзбек гуруҳи талабалари амалиёт ўташни бошладилар.

Амалиётни илк кунида Марказ томонидан тайинланган масъул ходим ташриф буюрган талабаларни қабул қилиб олиб, улар билан йиғилиш ўтказди. Талабаларни Марказ фаолияти, ички тартиб ва техник хавфсизлик қоидалари билан таништириб, уларни тегишли бўлимларга тақсимлади.

Масъул ходим талабалар томонидан бажарилган ишларни кундалигига қайд этиб боришини назорат қилди ва улар билан жамоатчилик фикри ҳақидаги умумий тасаввурлар, уни “Ижтимоий фикр” Марказида ўрганишнинг амалий усуллари ва ёндашувлари ҳақида давра суҳбати бўлиб ўтди. Шунингдек, талабалар “Маълумотларни танлаш, киритиш, қайта ишлаш ва тақдим этиш усулларини қўллаш” мавзусидаги семинар-тренингда фаол иштирок этишди.

Амалиёт давомида социолог талабаларни “Ижтимоий фикр” Марказининг қуйидаги бўлимлари:

  • раҳбарият (директор, директор ўринбосарлари);
  • кадрлар бўлим, умумий бўлим, бухгалтерия;
  • амалий тадқиқотларни ташкил этиш ва ўтказиш бўлими;
  • социологик тадқиқотларни информацион-математик таъминлаш бўлими;
  • илмий-таҳлилий бўлим;
  • тезкор тадқиқотлар бўлими (call-марказ);
  • ОАВ мониторинги ва халқаро алоқалар бўлими;
  • матбуот хизмати;
  • таҳририят-нашриёт бўлими;
  • босмахона;
  • маъмурий-хўжалик бўлими

кесимидаги  фаолияти билан таништириш ишларини амалга ошириш режалаштирилган.

Талабаларнинг билим олишга бўлган иштиёқлари, келажакда моҳир социолог бўлиб етишиш йўлидаги интилишлари амалий дарслар жараёнида яққол намоён бўлди. Келажакда ушбу талабалар юксак маҳоратли кадрлар бўлиб етишиб, юртимиз ривожи учун чин дилдан хизмат қилишларига ишонамиз.