11.02.2021
479
“Рақамлаштириш билан шуғулланмасдан ривожланиш мумкин эмаслигини, бусиз келажагимиз йўқлигини тушуниб етиш керак”.
Ш.М. Мирзиёев
2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантиришнинг устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегиясида фуқаролар ҳаёти сифатини яхшилаш учун барча соҳаларга инновацион ечимлар, ахборот технологиялари ва рақамли иқтисодиётни жорий этиш бўйича чора-тадбирларни изчил ва интенсив равишда амалга ошириш масалалари ҳам ўрин олган.
Маълумки, 2020 йилнинг 17 сентябрь куни “Ўзбекистонда жамоатчилик фикрини ўрганиш ва шакллантиришнинг долзарб муаммолари: услублар, назария ва амалиёт” мавзусидаги доимий республика илмий-амалий семинари доирасида “Жамиятни рақамли жадаллаштириш: социологик нуқтаи назар” мавзусида халқаро илмий-амалий семинар бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси социологик ҳамжамиятининг етакчи вакиллари қатнашган анжуманда жамият ижтимоий ҳаётида замонавий АКТларнинг ривожланиши, АКТларнинг фуқаролар ҳаётига таъсири, рақамлаштиришнинг ижтимоий оқибатларини ўрганиш усуллари билан боғлиқ жараёнларни ўрганиш юзасидан ўзаро тажриба ва фикр-мулоҳазалар алмашдилар.
Шунингдек, анжуманда “Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази директори, иқтисод фанлари доктори Н.Х.Рахимова, Марказ ижрочи директори М.К.Хаджимухамедов, Марказ директорининг илмий ишлар бўйича ўринбосари, социология фанлари бўйича (PhD) фалсафа доктори В.С.Алексеева, Марказнинг матбуот хизмати раҳбари У.В.Зуннунов ва бошқа илмий ходимлар ўз мақолалари билан иштирок этишди. Семинар давомида жаҳон миқёсида рақамлаштиришга бўлган эҳтиёжнинг кучайиши ва рақамли иқтисодиёт ҳамда электрон ҳукуматнинг амалиётга кенг жорий этилиши заруриятига замонавий муносабат масалалари муҳокама қилинди.
Илмий-амалий семинар якунлари бўйича АКТнинг жамият ва фуқароларга таъсирини ўрганишни давом эттириш юзасидан бир қатор тавсиялар ишлаб чиқилди, давлатнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётига, давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятига интернет-технологиялари кириб келишининг ижобий ва салбий оқибатлари кўрсатилди, замонавий жамиятда илмий-техник инновацияларнинг мисли кўрилмаган кўлами ва тарқалиш тезлигининг натижаси бўлган энг муҳим хусусиятлар аниқланди.
“Жамиятни рақамли жадаллаштириш: социологик нуқтаи назар” халқаро илмий-амалий семинар материаллари жамланган китобни қуйидаги ҳавола орқали юклаб олишингиз мумкин:
Анжуман натижалари акс эттирилган ушбу китоб Россия илмий иқтибос индекси (РИНЦ)га тегишли тизим базасига ҳам жойлаштирилди.