401

“Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази ходимлари Ўзбекистон халқининг Иккинчи жаҳон урушида кўрсатган буюк жасорати тарихи билан чуқурроқ танишиш ва ўз аждодларига ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш мақсадида 9 Май - Хотира ва қадрлаш куни ҳамда Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган буюк Ғалабанинг 76 йиллиги байрами арафасида Тошкент шаҳридаги Ғалаба боғига ташриф буюрдилар.

Мамлакат Президентининг ташаббуси билан 2020 йилда буюк Ғалабанинг 75 йиллиги байрамига бағишлаб бунёд этилган Ғалаба боғи мажмуаси ўзининг бетакрорлиги ҳамда меъморий ва тарихий-маънавий жиҳатдан ноёблиги билан ходимларни ҳайратга солди. Айниқса, уруш давридаги жанггоҳларни эслатадиган баланд тепалик устида биринчи ўзбек генерали Собир Раҳимов каби ҳарбий қўмондонлар, ўзбекистонлик барча ботир жангчиларнинг сўнмас хотирасига эҳтиром рамзи сифатида “Мангу жасорат” номи билан барпо этилган улуғвор монумент ҳар бир кишига фахр-ифтихор туйғусини бағишлади.

Марказ ходимлари боғ марказидаги “Шон-шараф” музейида бўлдилар ва Иккинчи жаҳон урушидаги қонли жангларда халқимизнинг мард фарзандлари кўрсатган жасорат намуналари, фронт ортидаги машаққатли меҳнати ва фидойилигини акс эттиришга бағишланган кенг кўламли тарихий-бадиий экспозициялар билан яқиндан танишдилар.

Энг қирғинбарот, қонли уруш бўлиб тарихга кирган Иккинчи жаҳон урушида 57 та мамлакат иштирок этди, урушга жалб этилганлар сони                  1,7 млрд. кишидан ошиб кетди. Турли ҳисоб-китобларга кўра, урушда ҳалок бўлганлар сони ҳарбийлар ва аҳоли сонини қўшиб ҳисоблаганда,                                   50 миллиондан 80 миллионгача бўлган рақамни ташкил этади. Ўтда ёнган, кули кўкка совурилиб, вайрон бўлган шаҳар-қишлоқларнинг сон-саноғига етиб бўлмайди. Фашист газандалари инсоният бошига беҳисоб кулфатлар солди. Урушнинг аччиқ алами кириб бормаган бирон-бир хонадон қолмади. Ўша пайтда ҳар 3 нафар ўзбекистонликнинг биттаси – жами 1 миллион 951 минг киши қўлида қурол билан фашизмга қарши жангга кирди. Улардан                          538 мингдан ортиғи ҳалок бўлди ва 158 минг нафар юртдошимиз урушда бедарак кетди.

Уруш йилларида 200 мингдан ортиқ ўзбекистонлик жангчилар жанговар орден ва медаллар билан тақдирланди. 301 нафар ўзбекистонлик Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвонига сазовор бўлди. 70 нафар юртдошимиз учала даражадаги “Слава” ордени нишондори бўлишди.

Музей экспонатларида акс этганидек, бутун Ўзбекистон халқи уруш йилларида “Ҳамма нарса – фронт учун”, “Ҳамма нарса – Ғалаба учун!” деган шиор билан яшади. Ўзбекистон фронт ортидаги мустаҳкам таъминот базасига айланди. Мамлакат халқи жанг майдонларига катта миқдорда қурол-яроғ, озиқ-овқат, кийим-кечак, дори-дармон ва бошқа зарур маҳсулотларни етказиб берди. Кўпмиллатли аҳолимизнинг фидокорона меҳнати билан республикамиздаги 300га яқин корхонада ҳарбий маҳсулотлар ишлаб чиқарилди. Шу даврда юртимизга 151 та завод кўчириб келтирилди ва қисқа фурсатларда ишга туширилди.

Ўзбекистонга 1 миллион 500 минг киши, жумладан, 250 мингдан зиёд бола эвакуация қилинди. Музей экспонатлари орқали ёрқин акс эттирилганидек, халқимиз бу одамларнинг барчасига чинакам меҳр ва эътибор кўрсатди, сўнгги бурда нонини ҳам улар билан баҳам кўриб, юксак инсонпарварлик фазилатларини намоён этди.

Боғда хонободлик Зулфия Зокированинг инсоний жасоратига бағишлаб бунёд этилган “Матонат мадҳияси” монументи зиёратчиларда унутилмас таассурот қолдирди. “Ўзбеккино” миллий агентлиги томонидан яратилган “Илҳақ” бадиий фильми лавҳалари беихтиёр қайта-қайта ёдга тушди.

Марказ ходимлари Ғалаба боғидан Ўзбекистон халқи учун катта ғурур ва ифтихор туйғуси билан қайтдилар. Ҳеч шубҳа йўқки, ушбу ёдгорлик мажмуаси барча ўзбекистонликлар каби Марказ ходимлари, айниқса, ёшлар учун қутлуғ зиёратгоҳга, оила, севги-муҳаббат, вафо ва садоқат деган муқаддас тушунчалар тимсолига айланиб қолади ҳамда ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш ишига хизмат қилади.