15.05.2021
534
Ҳар йили 15 май куни бутун дунёда Халқаро оила куни нишонланади. Ушбу байрам оиланинг кўп сонли муаммоларига кенг жамоатчиликнинг эътиборини жалб қилиш, уларнинг ечимига барча ресурсларни сафарбар этиш, оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш мақсадида 1993 йилда БМТ Бош Ассамблеясининг резолюцияси билан эълон қилинган. Давлатлар ва халқаро ташкилотлар томонидан оила масалаларига қаратилган диққат-эътибор жамият ва шахснинг барқарор ривожланишида оиланинг тутган ўрни билан бевосита боғлиқдир. Амалга оширилаётган халқаро ва миллий давлатлар стратегияси ҳамда чора-тадбирлари доирасида фуқароларнинг оила ва оилавий қадриятларга муносабати хусусиятларини тадқиқ қилиш муҳим аҳамиятга эга.
«Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази томонидан оила масалаларига бағишлаб ўтказилаётган мажмуавий социологик тадқиқотлар доирасида жорий йилда никоҳ ва оилавий муносабатларнинг долзарб масалалари кўтарилган қатор тадқиқотлар ўтказилди.
Ушбу тадқиқотлар фуқароларнинг оила ижтимоий институтига муносабатини, замонавий жамиятда оиланинг роли ва ўрнини аниқлашга ҳамда замонавий инсон, айниқса, ёшлар нигоҳи билан оилани ўрганишга, йигит ва қизларнинг никоҳга киришга тайёрлик даражасини ҳамда оила институти ва оила-никоҳ муносабатларининг ўзгаришини тадқиқ этишга қаратилган.
“Оила тўғрисида фуқароларнинг фикри: кўрсатмалар, ўзаро муносабатлар, йўналишлар” мавзусидаги тадқиқотда, энг аввало, респондентларнинг оила қуриш сабаблари ва шартлари, оиланинг мустаҳкамлиги ва барқарорлигига таъсир кўрсатувчи омиллар, никоҳга кираётган ва оила қуришни режалаштираётган ёшларнинг тиббий ва ҳуқуқий саводхонлиги масалаларига тўхталиб ўтилган. Фуқароларнинг “никоҳ шартномаси” каби воқеликка, яъни эр-хотиннинг барча моддий ва бошқа ҳуқуқларини назарда тутадиган келишувга, шунингдек, ёшларни оилага, оилавий ҳаётга ким, қандай тарзда тайёрлаши керак, деган саволга муносабати аниқланди.
“Оилавий ажримлар, уларнинг сабаб ва оқибатлари тўғрисида ўзбекистонликларнинг фикри” мавзусидаги тадқиқотда фуқароларнинг оилавий ажримлар тўғрисидаги фикри, уларнинг ёши, маълумот даражаси ва гендер мансублигидан келиб чиқиб, ажримга бўлган муносабатлари хусусиятлари аниқланди. Сўровда оилада кўпинча можароли вазиятлар ва зўравонликка олиб келадиган келишмовчиликларнинг пайдо бўлиши, уларни ечиш йўллари, оиланинг бузилиши сабаблари, ажримнинг эр-хотин, фарзандлар ва умуман жамият учун келиб чиқадиган оқибатлари ўрганилди.
“Эрта турмуш, унинг сабаб ва оқибатлари тўғрисида ўзбекистонликларнинг фикри” мавзусидаги тадқиқотда қайси ёш йигит ва қизлар учун никоҳга кириш бўйича эрта ҳисобланиши, ёшлар эрта никоҳининг эҳтимолий оқибатлари, эрта никоҳларнинг олдини олиш чора-тадбирлари каби саволларга жавоб берилади. Сўров натижалари кўрсатганидек, эрта никоҳнинг салбий оқибатлари тўғрисида хабардорликни ошириш орқали эрта никоҳлар амалиёти профилактикасини олиб бориш, ўсмирлар ва ёшларни эркак ва аёл муносабатлари, оилавий ҳаёт, репродуктив саломатлик ва уни муҳофаза қилиш усуллари тўғрисида хабардор қилиш бўйича турли тадбирлар ўтказиш зарурлиги ҳақидаги якдил фикр ўзбекистонликларга хосдир.