04.11.2021
553
2021 йил 4 ноябрь куни “Жамоатчилик фикрини ўрганиш ва шакллантиришнинг долзарб муаммолари: назария, услублар, амалиёт” мавзусидаги доимий илмий-амалий семинарнинг дунёга таниқли олима, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиги, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор Раъно Аҳатовна Убайдуллаеванинг ёрқин хотирасига бағишланган йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилиш мавзуси “Ўзбекистонда социология фанининг шаклланиши – академик Раъно Убайдуллаеванинг ҳиссаси” деб номланди.
Академик Раъно Аҳатовна Убайдуллаева Ўзбекистон хотин-қизлари орасида биринчи иқтисодиёт фанлари доктори, Ўзбекистон ва Марказий Осиё республикалари меҳнат ресурсларидан фойдаланиш, демография ва аҳоли бандлиги масалалари бўйича минтақавий комплекс муаммолар тадқиқотлари ташкилотчиларидан бири эди.
Раъно Аҳатовна Ўзбекистонда жамоатчилик фикри социологиясини ўрганиш, шакллантириш ва ривожлантиришнинг илк босқичида - 1998 йилда “Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш Марказига раҳбар этиб сайланди. Бугун жамоатчилик фикри социологиясининг ўзбек мактаби кенг жамоатчилик томонидан нафақат Ўзбекистонда, балки МДҲ мамлакатлари ва хорижда ҳам тан олинган, узоқ 1998 йилда эса буларнинг ҳаммасини бошидан бошлаш керак бўлди. Бу ҳам тадқиқотлар методикаси ва методологиясини ишлаб чиқиш, ҳам жаҳон тажрибасини ўрганиш, ҳам миллий хусусиятларни, айнан ўзбекистонликларга хос менталитет ва бошқа кўплаб жиҳатларни инобатга олиш, дегани эди. Ўзининг 24 йилдан ортиқроқ фаолияти давомида Марказ социология фанининг турли усуллари орқали 650дан зиёд комплекс тадқиқотлар ўтказди.
Раъно Аҳатовна Ўзбекистон социологларининг бир неча авлоди таълим олган ва замонамиз социологлари фойдаланаётган қатор китоблар муаллифи. Олима томонидан жамоатчилик фикри социологияси соҳасида мамлакатда ва хорижда кўплаб монография, методика ва илмий асарлар эълон қилинган. Уларнинг энг муҳимлари “Ўзбекистонда жамоатчилик фикрини ўрганиш ва шакллантиришнинг долзарб муаммолари”, “Ўзбекистонда жамоатчилик фикрини ўрганиш методологияси”, “Жамоатчилик фикрининг социологик сўровлари танлови методикаси”, “Ўзбекистонда жамоатчилик фикрини ўрганиш методологиясини такомиллаштириш муаммолари”, “Жамоатчилик фикри: жамият ва давлат ўртасидаги мулоқот”, “Ўзбекистонликларнинг замонавий ўзига хослиги” ва бошқалардир. Олиманинг “Камбағалликни қисқартириш чора-тадбирлари контекстида аҳолининг ижтимоий тузилмаси таҳлили” (2020) фундаментал асари эса Ўзбекистонда социология фанининг ривожланишига улкан ҳисса бўлиб қўшилди.
Раъно Аҳатовна мамлакатимиз тараққиётига, демократик давлат ва фуқаролик жамиятининг шаклланишига ўз ҳиссасини қўшиш шарафига муяссар бўлганидан жуда фахрланарди, у то умрининг охиригача ўз идеаллари ва она-юртига сидқидилдан садоқат билан хизмат қилиш, ўз соҳасидаги билимларни тинимсиз такомиллаштириб бориш, оиласи, одамлар ва умуман ҳаётни севишдек ҳаётий маслакларига содиқ қолди.
Раъно Аҳатовна ҳамиша “Эришилган маррада тўхтаб қолмасдан, доимо олға интилиш, она юртингга виждонан ва ҳалол хизмат қилиш ҳамда кўтаринки руҳда меҳнат қилиш керак!” деб таъкидларди.
Илмий-амалий семинар ишида Ўзбекистон ва яқин ҳамда узоқ хориж мамлакатларидан етакчи давлат арбоблари, сиёсатчилар, социология, сиёсатшунослик, иқтисодиёт, тарих, ҳуқуқшунослик соҳаси олимлари иштирок этдилар.
Семинар доирасида иштирокчилар эътиборига “Академик Раъно Убайдуллаеванинг илмий ва интеллектуал мероси” мавзусидаги маъруза тақдим этилди. Тадбир давомида академик Раъно Аҳатовна Убайдуллаеванинг илмий ва профессионал фаолиятига бағишланган китоб ва видеоролик тақдимоти ўтказилди.
Ўзбекистонда жамоатчилик фикрини ўрганиш ва шакллантиришга ҳамда социология тараққиётига қўшган беқиёс ҳиссасини инобатга олиб, тадбирда ўзбек социология мактабининг асосчиларидан бири - академик Раъно Аҳатовна Убайдуллаеванинг хотирасини абадийлаштириш мақсадида 4 ноябрь кунини академик Р.А.Убайдуллаева номидаги йиллик социологик ўқишлар куни деб эълон қилиш ҳақида қарор қабул қилинди. Илмий ўқишларнинг бундай шакли ўзининг узоқ ва самарали ҳаёти давомида жамоатчилик фикрини ўрганиш жараёнида академик Раъно Аҳатовна Убайдуллаева бошлаган ишни давом эттириш, олима шакллантирган фикрлар, ғоялар, таклифларни амалга ошириш имконини беради.