17.11.2021
359
«Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази “Ўзбекистонда жамоатчилик фикрини ўрганиш ва шакллантиришнинг долзарб муаммолари: усуллар, назария ва амалиёт” мавзусида ўтказилган халқаро илмий-амалий семинар базасида “Академик Раъно Убайдуллаева номидаги социологик ўқишлар”нинг биринчи машғулоти доирасида “Янги Ўзбекистон: Ўзбекистон жамиятининг замонавий жараёнларига социологик нигоҳ” мавзусидаги илмий мақолалар тўпламини нашр этиш режалаштирилаётганлигини маълум қилади.
Илмий мақолаларнинг асосий йўналишлари:
- Ўзбекистон жамияти: тараққиётнинг замонавий тенденциялари ва ўзгаришлар, ислоҳотлар натижалари.
- Таълим ва маърифат – замонавий жамият барқарор ривожланишининг бош омили.
- Ижтимоий сиёсат ва аҳолининг ижтимоий ҳимояси: устуворликлар ва янги механизмлар.
Тўпламда ўз мақолалари билан иштирок этишга тадқиқотчилар, олимлар, ОТМ профессор-ўқитувчилари, амалиётчи мутахассислар, илмий ходимлар, докторантлар, изланувчилар, магистрлар таклиф этиладилар.
Мақолани расмийлаштириш учун талаблар:
Ташкилий қўмита тўпламда нашр этиш учун муаллиф (ёки муаллифлар)нинг “Янги Ўзбекистон: Ўзбекистон жамиятининг замонавий жараёнларига социологик нигоҳ” мавзусидаги илмий, илгари нашр этилмаган мақолаларни ўзбек, рус ёки инглиз тилларида қабул қилади. Мақолалар электрон кўринишда тақдим этилади: MS WORD матнида, А4 форматида, асосий шрифт - Times New Roman, кегль – 14, қаторлар оралиғи – 1,0, икки тарафдан текисланади; хатбоши – 1,25 см, барча ҳошиялар - 2 смдан. Саҳифалар рақамланмайди. Мақола ҳажми 7 бетдан кам ва 10 бетдан кўп бўлмаслиги керак.
Мақоланинг номи катта ҳарфлар билан, бўғин кўчирмасдан, ярим қора рангда келтирилади; кейин бир қатор ташлаб, ўртада - муаллиф (ёки муаллифлар) исми, шарифи, отасининг исми (қисқартма ҳолда); яна бир қатор ташлаб, илмий даражаси, унвони, ташкилот, шаҳар номи ва муаллиф (ёки муаллифлар)нинг е-mail ёзилади.
Тагида мақоланинг умумий йўналиши ва асосий натижаларини акс эттирувчи (100-120 та сўздан иборат) резюме уч хил тилда жойлаштирилади. Кейинги қаторда калит сўзлар келтирилади.
Яна бир қатордан сўнг – мақоланинг асл матни. Адабиётларга ҳаволалар квадрат қавсларда кўрсатилади. Адабиётлар рўйхати бўлиши шарт. Бўғин кўчирилмайди.
Жадваллар ўзининг номига ва тартиб (араб) рақамига эга бўлиши керак. Зарурат бўлганда, тушунтиришлар ва изоҳлар киритилади.
Адабиётга ҳаволалар матнда араб рақамлари билан квадрат қавсларда кўрсатилади. Адабиётлар рўйхати (ҳар бир манба муаллифининг исми-шарифи, ишнинг, тўплам ёки журналнинг номи ва ҳ.к. кўрсатилади ) мақоладан кейин жойлаштирилади, нашр этилган жой (шаҳар ва нашриёт), нашр этилган йил ва бетлар рақами ёзилади.
Расм, схема ва графиклар электрон кўринишда уларга матнда қилинган ҳаволадан кейин стандарт график шаклларда, расм остидаги ёзувлари билан ва алоҳида кенгайтирилган *.jpeg, *.tif файлларда 300 dpi дан кичик бўлмаган ҳолда кўрсатилади.
Мақолалар барча талабларга риоя қилинган ҳолда синчиклаб таҳрир қилинган бўлиши керак. Расмийлаштириш талабларига мос келмайдиган ва белгиланган муддатдан кеч тақдим этилган мақолалар тўпламга киритилмайди ва муаллифларга қайтарилмайди.
Ташкилий қўмита мувофиқ келмаган мақолаларни рад этиш ҳуқуқини ўзида қолдиради.
Мақолалар (“Социологик ўқишлар” белгиси билан) science@ijtimoiyfikr.uz электрон манзилида 2021 йилнинг 25 декабригача қабул қилинади.