12

Анонс

1 сентябрь мамлакатимизнинг ҳар бир фуқароси учун ўзгача кун ҳисобланади. Бу кун тақвимдаги шунчаки бир оддий сана эмас, балки кечмишимиз билан фахрланиш, истиқболга ишонч ва Ватанга нисбатан чуқур ҳурмат ҳамда меҳр-муҳаббат туйғуларини ўзида мужассам этган байрамдир. Бу кун ҳар бир ўзбекистонлик мамлакатнинг буюк тарихига ўзининг дахлдор эканлигини ҳис қиладиган, мустақил ва озод Ўзбекистонда яшаётганини қадрлайдиган кун.

Бу йил ўзбекистонликлар Ўзбекистон Мустақиллигининг 34 йиллигини “Ватан учун, миллат учун, халқ учун!” деган эзгу ғояни ўзида мужассам этган байрам тадбирлари билан нишонлайдилар. Ушбу ғоя биз яшаётган даврнинг – жамиятда чуқур ўзгаришларни амалга ошириш, тинчлик, дўстлик ва тотувлик муҳитини мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини, шаъни ва қадр-қимматини таъминлаш, минтақада яхши қўшничилик муносабатларини янада ривожлантириш, жаҳон мамлакатлари билан фаол ҳамкорлик қилиш, она Ватанимизнинг халқаро майдондаги нуфузини ошириш, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида мамлакат Президенти Ш.М.Мирзиёев томонидан қўйилган мақсадларга ишонч билан эришиш даврининг мазмун-моҳиятини ўзида акс эттиради.

Байрам арафасида “Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Марказининг ташаббуси билан “Ўзбекистон: давлат мустақиллигининг 34 йиллиги” мавзусида жамоатчилик фикри сўровининг ўтказилаётгани алоҳида аҳамият касб этади.

Мустақиллик кунини нишонлашга бағишлаб, жамоатчилик фикрининг тадқиқ этилиши фуқароларнинг нуқтаи назарлари ва умидларининг ҳақиқий солномаси бўлади, ушбу сўров натижалари ўзбекистонликлар мамлакатимизнинг мустақиллик йилларида босиб ўтган йўлига қандай баҳо бераётгани, уларнинг мамлакатимиз Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган ислоҳотларга муносабатининг кўзгусига айланади.

Ўзбекистон олдида янги уфқлар очилаётган бугунги кунда халқимизнинг фикри келажакни барпо этишда бош мўлжалга айланмоқда. Кенг кўламли ислоҳотлар ва ўзгаришлар шароитида ўтказилаётган сўров натижалари халқимиз учун ҳақиқатан ҳам энг муҳим бўлган нарсаларни аниқлаб беради, у жамиятнинг реал кутилмалари ҳақидаги қайтар алоқа манзарасини акс эттиради. Бу эса мамлакат раҳбарияти томонидан қабул қилинадиган навбатдаги чора-тадбирлар учун дастуриламал бўлиб хизмат қилади.

Ўтказилаётган тадқиқотда мамлакатимизнинг барча минтақаларида яшовчи кишилар, шаҳар ва қишлоқлар аҳолиси, эркаклар ва аёллар, иқтисодиётнинг давлат ва хусусий секторларида банд бўлган турли миллат ва ижтимоий қатламлар вакиллари, ёшлар, ўрта ва катта ёшдаги фуқаролар  иштирок этадилар.