20.12.2023
252
КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ БИРГАЛИКДА
2023 йил 19 декабрь куни Ўзбекистон пойтахтида коррупцияга қарши курашиш бўйича Халқаро мукофотни топшириш маросими бўлиб ўтди. Тошкентдаги Конгресс марказида 40дан ортиқ давлат делегациялари, шунингдек, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти вакиллари тўпланишди. Мукофотланганларга юксак мукофотларни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва ушбу нуфузли мукофот асосчиси ҳисобланган Қатар Давлати Амири шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний топширдилар.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Коррупцияга қарши курашиш бўйича халқаро мукофотни топшириш маросимида сўзлаган нутқида қайд этдики, “коррупция бутун инсониятга, барча жамиятлар асосига, иқтисодий тараққиётга зарба берадиган, қонун устуворлигини бузадиган ва халқнинг давлат сиёсатига ишончини кескин сусайтирадиган, демократик институтлар ривожига тўсқинлик қиладиган хатарли таҳдиддир ва у барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш борасидаги режаларимизга ҳам жиддий путур етказади”.
Давлатимиз раҳбари “коррупцияга қарши курашиш ҳар бир соф виждонли инсоннинг, демократик жамият ва давлатнинг муқаддас бурчидир”, деб таъкидлади.
Сўнгги йилларда мамлакатимиз “Transparency International” индексида 42 поғонага кўтарилди, 2030 йилга қадар мазкур рейтингда Ўзбекистоннинг ўрнини яна 50 поғонага яхшилаш мақсади қўйилган.
Давлатимиз Раҳбари “Демократик ислоҳотлар ортга қайтмас тус олган Янги Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш борасида ҳам катта режа ва вазифаларни ўз олдимизга қўйганмиз”, деб таъкидлади.
Бугунги кунда мамлакатимизда давлат ва жамият қурилишининг барча соҳаларида коррупцияга қарши курашишни таъминлаш, коррупцияни келтириб чиқарувчи омилларнинг олдини олиш ва уларга барҳам бериш масалаларига устувор аҳамият қаратилмоқда. Коррупциянинг олдини олиш тизимини жорий этиш бўйича изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда, давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятида очиқлик, ошкоралик ва шаффофликни таъминлаш орқали давлат бошқарувида жамоатчилик назоратини амалга ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратилмоқда.
Ўзбекистонда давлат органлари, ташкилотлари ва фуқаролик жамияти институтларининг коррупцияга қарши курашиш чора-тадбирлари самарадорлигини ошириш, жамият ҳаётининг барча жабҳаларида коррупциянинг олдини олиш, жамиятда коррупциянинг барча кўринишларига нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Коррупцияга қарши курашишда коррупция хавф-хатарларини аниқлаш ва тизимли таҳлил қилиш ҳамда уларни юзага келтирувчи омилларни бартараф этиш учун масъул бўлган Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг ташкил этилиши муҳим қадам бўлди. Давлат ҳокимияти органлари ва йирик тадбиркорлик субъектларида коррупцияга қарши ички назорат бўлинмалари фаолияти йўлга қўйилмоқда. Рақамли технологиялар имкониятларидан кенг фойдаланган ҳолда кўплаб соҳаларда коррупция ва суиистеъмолликнинг олдини олишга қаратилган самарали механизмлар жорий этилмоқда.
Коррупцияга қарши курашишнинг энг мураккаб масалаларидан бири унинг ўлчови билан боғлиқ. Коррупция ўлчовининг аҳамияти шундан иборатки, у энг кўп коррупциялашган соҳа ва институтларни, коррупцияга сабаб бўлаётган омилларни аниқлаш; ушбу омилларни зарарсизлантириш ва коррупция кўламини минималлаштириш бўйича амалий чора-тадбирлар ишлаб чиқиш имконини беради. Коррупция ўлчовининг ўзи коррупцияга қарши курашиш сиёсатини амалга оширишнинг кучли воситасидир: тадқиқотлар натижалари жамият эътиборини коррупция хавфига жалб қилади ва кучайтиради ҳамда давлат институтларига босим ўтказишига ёрдам беради. Коррупцияни ўлчаш орқали мониторинг қилиш коррупцияга қарши чора-тадбирларни янада самарали амалга оширишга ёрдам беради. Шу боисдан Ўзбекистонда нафақат коррупцияга қарши курашишга, балки унга қарши курашишда тегишли ва самарали бошқарув қарорлари ва дастакларини ишлаб чиқиш мақсадида унинг жамият ҳаётининг энг муҳим ижтимоий-иқтисодий соҳаларида ривожланиш даражасини ўлчашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Коррупция масалалари бўйича жамоатчилик фикрини ўрганиш доимий асосда амалга оширилиб, унинг натижаларидан коррупцияга қарши курашиш фаолиятини такомиллаштириш жараёнида фойдаланилмоқда.
“Ижтимоий фикр” РЖФЎМ коррупцияга қарши курашишнинг таҳлилий базасини мустаҳкамлаш бўйича саъй-ҳаракатларни кучайтирмоқда, жумладан, улар алоҳида тармоқларда коррупциянинг кўлами ва шаклларини аниқлашга қаратилган, шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг коррупцияга қарши курашиш самарадорлиги тўғрисида аҳолининг фикр ва тасаввурларини тўплаш ва таҳлил қилиш мақсадида тадқиқотлар ва жамоатчилик фикри сўровларини ўтказишни қамраб олади.
Марказ томонидан ўтказилган кенг кўламли тадқиқот коррупция феноменини чуқурроқ англаш, коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини ошириш, коррупциянинг давлат ва жамият ҳаётига салбий таъсирини камайтиришга қаратилган самарали антикоррупция дастурларини ишлаб чиқишга ёрдам беради.
Мамлакат фуқароларининг тадқиқот давомида олинган фикрига кўра, агар фуқароларнинг ҳуқуқий маърифати ва оммавий ахборот воситаларида коррупцион хулқ-атворнинг сабаблари, шартлари, кўлами ва ижтимоий оқибатлари билан боғлиқ долзарб масалаларни очиқ муҳокама қилиш асосида қадриятларнинг тубдан бошқача тизими шакллантирилса, жамиятда коррупция даражасини камайтириш имкони бор. Жамиятда ижтимоий хулқ-атворнинг ягона тўғри шакли сифатида фуқароларда коррупцияни ичдан рад этиш муносабатини шакллантириш зарур. Жамиятда коррупцияни қатъиян рад этиш муҳитини шакллантириш керак. Фуқаролик, ҳуқуқий, сиёсий маданият ва маълумот даражаси юқори бўлган фаол, эркин, масъулиятли шахсларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш жуда муҳим, чунки коррупция минималлаштириладиган ҳуқуқий, самарали давлат қуришдаги навбатдаги муваффақиятлар аҳолининг прогрессив қисми бўлган фаол инсон сифатида уларга боғлиқ. Айнан жамиятнинг ўз фуқаровийлигини англаши мамлакатда коррупцияга қарши фаол фаолият юритиш учун зарур бўлган ижтимоий салоҳиятни шакллантиришнинг ҳал қилувчи омилидир.
Тадқиқот натижаларига кўра, коррупцияга қарши курашиш бўйича навбатдаги ишлар юзасидан таклиф ва йўналишларни шакллантириш, хусусан, хизматлар кўрсатиш учун зарур бўлган вақтни максимал даражада қисқартириш лозим кўринади, чунки уларнинг давомийлиги кўпинча фуқароларни коррупцион келишувга ундайдиган омил ҳисобланади. Шунингдек, хизматлар кўрсатиш тартиб-таомилларини имкон қадар соддалаштириш, уларни шаффоф ва фуқаролар томонидан назорат қилинадиган ҳолга келтириш зарур. Фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари бузилиши эҳтимолининг олдини олиш, ҳеч қандай суиистеъмолликка йўл қўймаслик мақсадида бугунги кунда ҳисоб-китоб ва ҳисоботни юритиш ҳужжатлари ва маълумотномаларининг бутун бир тизими яратилди. Аммо, афсуски, бу коррупцияга нисбатан умуман тўсиқ эмас, балки унинг ривожланиши учун қулай шарт-шароитлар бўлиб қолди. Ушбу бюрократик тўсиқларни четлаб ўтиш учун жиноий эҳтиёж юзага келади ва айрим шахсларнинг ўз хизмат мавқеидан фойдаланишга тайёрлиги бунга жавоб бўлади.
Мамлакат аҳолисининг кенг қатламлари ўртасида коррупцияга мутлақо муросасизликни ривожлантириш учун маърифий ишлар кўлами ва сифатини сезиларли даражада ошириш зарур. Коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш мавзусидаги маълумотлар мунтазам равишда барча оммавий ахборот воситаларида эълон қилиниши керак, фуқароларни коррупцион муносабатларга жалб қилиш хавфи юқори бўлган ташкилот ва идораларда коррупционер мансабдор шахсларга қарши курашиш бўйича плакатлар, буклетлар, флайерларни жойлаштириш, айниқса, муҳимдир.
Бунда маҳаллий ҳамжамиятлар, маҳаллалар етакчилари, жамоат арбоблари ва дин пешволари, ижодкор зиёлилар вакилларини коррупцияга қарши тарғибот-ташвиқот ишларига ўргатиш ва кенг жалб этиш муҳим аҳамиятга эга.
Тадқиқот шуни кўрсатмоқдаки, мамлакатимиз фуқароларининг аксарияти коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларнинг коррупцияга олиб келаётган сабаб ва шарт-шароитларнинг олдини олиш, аниқлаш ва уларга чек қўйишга қаратилган чора-тадбирларни ижобий баҳоламоқда.
Ўтказилган тадқиқот натижалари давлатнинг коррупцияга қарши курашиш стратегияси ва жамият ҳаётидан бу балони бартараф этиш чора-тадбирлари аҳоли томонидан қўллаб-қувватланаётгани ва маъқулланаётганидан далолат беради. Аксарият сўров иштирокчиларининг фикрича, мамлакатимизда коррупцияга қарши амалга оширилаётган курашиш стратегияси коррупция учун зарур шарт-шароитларни бартараф этиш, коррупция хавфини аниқлаш ва минималлаштириш, коррупцияга қарши кенг кўламли маърифат ва аҳоли ўртасида коррупцияга қарши маданиятни шакллантириш йўли билан коррупция даражасини тубдан қисқартиришга қодир.