201

14-феврал Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг туғилган куни

Заҳириддин Муҳаммад Бобур туғилган кун 14-феврал санаси ҳар йили юртимизда адабиёт ва илм-маърифат байрами сифатида кенг нишонланиб келинмоқда. Бобуршунослик соҳасида кўплаб тадқиқотлар, республика ва халқаро миқёсда илмий анжуманлар мунтазам ўтказилмоқда.

Заҳириддин Муҳаммад Бобур 1483 йилнинг 14 февралида Андижонда дунёга келади. Заҳириддин Муҳаммад Бобур — буюк ўзбек шоири, Ўрта аср Шарқ маданияти, адабиёти ва шеъриятида ўзига хос ўрин эгаллаган адиб,  мутафаккир, тарихчи, географ ва давлат арбоби, шунингдек, бобурийлар сулоласи ва салтанати асосчиси темурий шаҳзодадир.

Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳақида сўз борар экан, унинг тарихимизда, адабиётимизда беқиёс ўрин тутганига аҳамият қаратиш лозим. Айниқса, шоирнинг мумтоз шеъриятимизда янгича руҳ – Ватан ва унга бўлган ишқ улуғворлиги йўғрилган шеърлари диққатга сазовордир.

 

Не ерда бўлсанг, эй гул андадур чун жони Бобурнинг,

Ғарибинға тараҳҳум айлагилким, андижонийдир.

 

Толеъ ёқи жонимға балолиғ бўлди,

Ҳар ишники айладим, хатолиғ бўлди.

Ўз ерин қўйиб, Ҳинд сори юзландим,

Ё Раб, нетайин, не юз қаролиғ бўлди.

 

Бобурнинг шеърий мероси кўпқиррали ва бой бўлиб, унинг шеърларида шахсий ҳаёти, атроф-муҳити ва тарихий ҳодисалар акс этилган. Бобур шеъриятининг асосини ишқий-насрий мазмундаги шеърлар ташкил этади. Шоир санъати ўзига хос адабий услуб ва маҳорат, туркий тилнинг ифодалироқ воситалари орқали тасвирланади.

Бобурнинг шеъриятида, инсоннинг ахлоқи ва диний мукаммаллиги масалалари кўтарилган. Шоир инсонни юқориларга кўтариб, унга улкан ҳурмат ила муносабатда бўлади, инсон қадр-қимматини баланд қўяди. Бу ғояларга зид бўлган барча нарсага қарши чиқади. Бобурнинг фикрича, худбинлик, ҳурматталаблик, қизғанчиқлик, манманлик – ноқобил сифатлардир. Шоир одамларга самимий маслаҳатлар беради. Ўзининг рубоийларида инсон қандай қилиб ўзини маънан тарбиялаши кераклиги ҳақида гапиради.

Бобур кенг дунёқараши ва мукаммал ақл-заковати билан Ҳиндистонда Бобурийлар сулоласига асос солиб, бу мамлакат тарихида давлат арбоби сифатида номи қолган бўлса, сержило ўзбек тилида ёзилган «Бобурнома» асари билан жаҳоннинг машҳур тарихнавис олимлари қаторидан ҳам жой олди.

Машҳур “Бобурнома” – буюк темурийлар тарихи (1494-1529 йиллар воқеалари), буюк ҳокимият яратилишидан сўзлайди. Ўзбекистон Фанлар Академияси Шарқшунослик институтида “Бобурнома”нинг 10 дан зиёд қўлёзма нусxалари сақланади. “Бобурнома” форс, голланд, инглиз, француз, турк ва рус тилларига таржима қилинган.