09.02.2024
420
9 февраль – Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллуд топган кун.
Буюк ўзбек шоири, мутафаккир, давлат арбоби Мир Низомиддин Алишер Навоий ҳазратлари 1441 йил 9 феврал куни Ҳиротда таваллуд топган. Алишер Навоий таваллуди муносабати билан ҳар йили 9-феврал куни юртимизда кенг нишонланиб, адабий-маърифий тадбирлар, мушоиралар ўтказилади. Айни кунларда ҳам Алишер Навоий таваллудининг 583 йиллиги чексиз эҳтиром билан нишонланмоқда.
Буюк мутафаккир шоир Алишер Навоий 10-12 ёшларидан шеър ёза бошлаган. Тарихчи Хондамирнинг ёзишича, ёш Алишер Навоийнинг истеъдодидан мамнун бўлган мавлоно Лутфий, унинг:
Оразин ёпқaч, кўзумдин сочилур ҳар лаҳза ёш,
Бўйлаким, пайдо бўлур юлдуз, ниҳон бўлғач қуёш
матлаъли ғазалини тинглаб: «Агар муяссар бўлса эди, ўзимнинг ўн икки минг форсий ва туркий байтимни шу ғазалга алмаштирардим...» деган.
Алишер Навоий 15 ёшида шоир сифатида кенг танилган. Шеърларини туркий (Навоий тахаллуси билан) ва форсий (Фоний тахаллуси билан) тилларида ёзган.
Алишер Навоийнинг бебаҳо адабий ва илмий меросида достонлари, девонлари, форсий тилдаги шеърий мероси, илмий-филологик, насрий ва тарихий асарлари мавжуд.
Алишер Навоийнинг ўзбек тилида яратган шеърий мероси асосан "Хазойин ул-маоний" девонига жамланган. Асар 4 қисмдан иборат. "Хазойин ул-маоний" инсон боласининг мураккаб ва юксак тафаккури ҳамда беҳисоб ҳис-туйғулари билан боғлиқ мингларча шеър ва ўнларча шеър турларини ўз ичига олган мажмуа бўлиб, Шарқ адабиёти тарихида ноёб ҳодисадир.
Навоий ижодининг юксак чўққиси “Хамса” асаридир. Унинг яратилиши туркий халқлар адабиётида муҳим воқелик бўлган. Шоир биринчилардан бўлиб, туркий тилда тўлиқ “Хамса” яратди ва шу билан туркий тилда кўламдор асар ёзиш мумкинлигини исботлаб берди.
Алишер Навоий асарларида ХV аср ижтимоий ҳаётининг турли жиҳатларига тааллуқли мавзулар кўтарилган бўлиб, давлат бошқаруви, замонавий ҳаёт ва халқларнинг келажаги, ахлоқ, дин ва фан, таълим ва маданият масалалари кенг ёритилган. Алишер Навоийнинг асарларида олийжаноблик, сахийлик, адолат, сабр-тоқат ва қийинчиликларга дош бериш қобилияти тараннум этилади. Душманлик, ҳасад, нафрат, ёвузлик, хасислик, очкўзлик, ёлғон ва бошқа салбий инсоний фазилатлар қораланади. Навоий комилликка интилишга, эзгу ишлар билан яшашга ундаган ҳолда, шундай таъкидлайди: инсонни ташқи кўриниши, бойлиги ёки миллати билан эмас, балки унинг хатти-ҳаракатига қараб баҳолаш керак.
Атоқли давлат ва жамоат арбоби Алишер Навоий қаламига мансуб, юксак маҳорат ва бетакрор сўз санъати оҳангида яратилган, улкан тарбиявий аҳамиятга эга бўлган бебаҳо ижод намуналари асрлар оша ўз мазмун ва моҳиятини йўқотмай, улкан маънавий мерос ва адабиётимиз гултожига айланган.
Алишер Навоий ижоди ўзбек ва жаҳон адабиёти классиги сифатида бутун дунёга машҳур, унинг асарлари кўплаб тилларга таржима қилинган, турли мамлакатлардаги кўчалар ва боғлар унинг номи билан аталган, шоир меросига ҳурмат ва Ўзбекистон билан дўстлик белгиси сифатида унга ёдгорликлар ўрнатилган.
Улуғ бобомиз хотирасини эъзозлаш, унинг ижодий меросини ўрганиш, келгуси авлодларга етказиш ҳар бир фуқаронинг муқаддас бурчидир!