07.07.2026
14
ФУҚАРОЛАР ЎЗБЕКИСТОНДА ОММАВИЙ АХБОРОТ ВОСИТАЛАРИ ҲАҚИДА
2026 йил 6 июл куни «Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан аҳолининг оммавий ахборот воситалари фаолияти, ахборот истеъмоли маданияти ҳамда мамлакат ахборот маконида кечаётган жараёнларга муносабатини комплекс ўрганишга қаратилган республика миқёсидаги социологик тадқиқот бошланди.
Бугунги кунда рақамли ахборот муҳитининг жадал ривожланиши, янги медиа платформаларининг кенгайиши, ахборот оқимининг кескин ортиши ва жамоатчилик фикри шаклланишида оммавий ахборот воситаларининг таъсири кучайиб бораётган шароитда фуқароларнинг ахборот олиш манбалари, медиага бўлган ишончи, ахборотни танлаш мезонлари ҳамда медиа саводхонлик даражасини илмий асосда баҳолаш муҳим аҳамият касб этмоқда.
Тадқиқотнинг асосий мақсади мамлакат аҳолисининг оммавий ахборот воситалари фаолиятига муносабатини, ахборот истеъмолидаги замонавий тенденцияларини, турли ахборот манбаларига бўлган ишонч даражасини, ахборотни қабул қилиш ва баҳолаш хусусиятларини, шунингдек, оммавий ахборот воситаларининг жамият ҳаётидаги ўрни ҳақидаги жамоатчилик фикрини ҳар томонлама таҳлил қилишдан иборат.
Социологик тадқиқот доирасида фуқароларнинг мамлакат ва жаҳондаги воқеаларга қизиқиш даражаси, янгиликларни қайси ахборот манбалари орқали кузатиши, телевидение, интернет нашрлари, Telegram каналлари, ижтимоий тармоқлар, YouTube платформалари ва бошқа медиа воситаларидан фойдаланиш хусусиятлари ўрганилади. Шу билан бирга, аҳолининг турли мазмундаги ахборотларга бўлган эҳтиёжи, таҳлилий материаллар, видеорепортажлар, интервьюлар, инфографикалар ва бошқа ахборот форматларига бўлган қизиқиши ҳам баҳоланади.
Тадқиқот дастурида оммавий ахборот воситаларининг жамиятдаги ижтимоий вазифаларига оид қарашлар, сўз эркинлиги ва ОАВ мустақиллиги даражаси, журналистлар учун яратилган шарт-шароитлар, соҳадаги долзарб муаммолар ҳамда уларни бартараф этиш бўйича жамоатчилик таклифларини аниқлашга алоҳида эътибор қаратилган. Шунингдек, фуқароларнинг ёлғон ахборотларга дуч келиш ҳолатлари, уларни ҳаққоний маълумотлардан ажратиш кўникмалари, медиа саводхонлик даражаси ҳамда ахборот хавфсизлигига оид қарашлари чуқур таҳлил қилинади.
Мазкур тадқиқот натижалари мамлакат ахборот сиёсати самарадорлигини баҳолаш, аҳолининг медиа соҳасидаги эҳтиёж ва кутилмаларини аниқлаш, оммавий ахборот воситалари фаолиятини янада такомиллаштириш, ахборот маконида очиқлик ва шаффофликни мустаҳкамлаш, журналистика соҳасини ривожлантириш ҳамда аҳолининг медиа саводхонлигини оширишга қаратилган илмий асосланган таклиф ва амалий тавсиялар ишлаб чиқиш учун муҳим эмпирик манба бўлиб хизмат қилади.


