20

ТАЪЛИМ ТИЗИМИ: ФУҚАРОЛАР БАҲОСИ, МУАММОЛАР ВА КУТИЛМАЛАР

«Ижтимоий фикр» Республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан Ўзбекистонда таълим тизимининг бугунги ҳолати, мавжуд муаммолар ва фуқароларнинг соҳани ривожлантиришга доир кутилмаларини ўрганишга қаратилган социологик тадқиқот ўтказилмоқда.

Тадқиқотнинг мақсади аҳолининг мактабгача, умумий ўрта ва олий таълим тизимига муносабатини ўрганиш, таълим сифати ва ундан фойдаланиш имкониятларига таъсир кўрсатаётган асосий муаммоларни аниқлаш ҳамда соҳани такомиллаштириш бўйича жамоатчилик фикрини таҳлил қилишдан иборат.

Сўров доирасида таълим муассасаларининг моддий-техник ҳолати, педагог кадрлар билан таъминланганлик ва уларнинг касбий салоҳияти, таълим сифати, хавфсиз ва қулай муҳит, махсус таълим эҳтиёжлари бўлган болалар учун яратилган шароитлар, олий таълимнинг меҳнат бозори талабларига мувофиқлиги, амалий тайёргарлик ва битирувчиларнинг бандлик имкониятлари каби масалалар ўрганилади.

Тадқиқотда педагог касбининг жамиятдаги мақоми ва нуфузи, ўқитувчиларни ижтимоий ва касбий қўллаб-қувватлаш, шунингдек, таълим даражаси, замонавий касбий кўникмалар ва аҳоли моддий фаровонлиги ўртасидаги боғлиқликка оид фуқаролар қарашларига ҳам алоҳида эътибор қаратилади.

Тадқиқот натижалари таълим тизимига нисбатан жамоатчилик баҳосини аниқлаш, фуқаролар учун устувор бўлган муаммо ва эҳтиёжларни белгилаш ҳамда соҳани янада ривожлантиришга қаратилган қарорлар учун зарур социологик маълумотларни шакллантиришга хизмат қилади.

«Ижтимоий фикр» Республика

жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази!