15

“Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан “Фуқаролар миллатлараро муносабатлар тўғрисида” мавзусида социологик сўров ўтказишни бошлади.

Мазкур сўров ўтказишдан мақсад Ўзбекистон фуқаролари ўртасида миллатлараро муносабатлар ҳолати ва уларга нисбатан шахсий муносабатни ўрганиш, жамиятдаги толерантлик даражаси, мулоқот маданияти, фуқароларнинг этник муҳитдаги ўзини тутиш эркинлиги ва давлат сиёсатига бўлган ишончини ўрганишдан иборат.

Сўровда иштирок этувчи фуқаролар мамлакатдаги миллатлараро муносабатларни қандай баҳолашлари, ўтган йил давомида бу муносабатлардаги ўзгаришларни, жамиятда ўзларини миллий, маданий ва тил нуқтаи назаридан қай даражада эркин ҳис қилишлари ҳақида фикр мулоҳазаларини билиш, ҳамда ахборот муҳити таъсирини ўрганиш мақсадида респондентлардан интернет ва ижтимоий тармоқларда миллатлар ўртасидаги адоватни қўзғатувчи ахборотларга дуч келганлик ҳолатлари ҳам сўралиш кўзда тутилган. Ушбу маълумотлар орқали мамлакатдаги ахборот хавфсизлиги ва ижтимоий барқарорлик даражаси ҳақида тасаввур ҳосил қилиш мумкин бўлади.

Шунингдек, респондентларга давлат томонидан миллатлараро тотувликни таъминлашга қаратилган сиёсатни қанчалик самарали деб баҳолашлари, шу йўналишдаги муваффақият ва муаммоларни қандай қабул қилишлари каби фикрларини билишдан иборат.

Ушбу тадқиқот жамиятда бағрикенглик, миллий ҳамжиҳатлик ва фуқаролик бирдамлигини янада мустаҳкамлаш, давлат сиёсатида реал жамоатчилик кайфиятини ҳисобга олган ҳолда янгича ёндашувларни ишлаб чиқиш учун мустаҳкам илмий-амалий асос яратади.