16.12.2023
175
12-14 декабр кунлари пойтахтимизда Ўзбекистон Фанлар академияси ташкил топганининг 80 йиллик юбилейи кенг нишонланди.
1943 йил 4 ноябрда Ўзбекистон Фанлар академияси ташкил қилинди. Бу йил унинг 80 йиллик юбилейи кенг нишонланяпти. Ўзбекистон илм-фанида Ўзбекистон Фанлар академияси асосий ва улуғ даргоҳ ҳисобланади. Фанлар академияси ушбу, тарих учун қисқа, инсоният ва илм-фан учун улкан бир давр ичида катта ва мураккаб йўлни босиб ўтиб, умумэътироф этилган, жаҳон илмий жамоатчилигининг нуфузи ҳамда ҳурматини қозонган илм-фан марказига айланди.
Ушбу қутлуғ санада Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси 80 йиллиги муносабати билан юртимизда илм-фан соҳасида фаолият олиб бораётган олим ва академиклар, иқтидорли тадқиқотчилар, докторант ҳамда аспирантларни, барча илмий ходимларга табрик йўллади.
Табрикда президентимиз, “Академия тизимида туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Жумладан, унинг таркибида янги илмий ташкилотлар очилиб, тизимдаги муассасалар сони қарийб 1,5 баробар кўпайди. Уларни тўғридан-тўғри давлат бюджетидан молиялаштириш тартиби йўлга қўйилди.
Етакчи олимлар, истеъдодли ёш илмий ходимларнинг фаолияти ва илмий тадқиқотларини қўллаб-қувватлаш, жамиятда илм-фан намояндаларининг обрў-эътибори ва нуфузини ошириш доимо эътиборимиз марказида бўлиб келмоқда. Соҳа вакилларининг иш ҳақи ҳамда докторантларнинг стипендияси 3 баробар, академикларнинг гонорари 2 мартадан зиёд оширилгани, илмий даражага эга илмий ходимларнинг маошига 60 фоизгача устама ҳақ тўлаш тизими жорий этилгани буни тасдиқлайди.
Шунингдек, “Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида илмий ва инновацион фаолият учун замонавий инфратузилмалар яратиш, илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини мустаҳкамлаш бўйича кенг кўламли чора-тадбирларни белгилаб олдик. Хусусан, илм-фанга йўналтириладиган маблағларнинг ялпи ички маҳсулотдаги улушини 2025 йилга қадар 6 марта, 2030 йилгача эса 10 марта оширишни режалаштирганмиз.
Бундай стратегик вазифаларни амалга оширишда биринчи навбатда сизлар каби илм-фан намояндаларининг улкан салоҳиятига таянамиз. Биз юртимиздаги барча олим ва тадқиқотчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва илмий муассасаларнинг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш учун бундан буён ҳам зарур куч ва имкониятларни ишга соламиз”, деган сўзлари барча илм-аҳлини руҳлантирди.
Бугунги кунда Академиянинг учта ҳудудий филиали — Қорақалпоғистон ва Навоий филиаллари, шунингдек, Хоразм Маъмун академияси мавжуд. Шунингдек, академия 40 дан ортиқ илмий бўлимларни, шу жумладан ташкилий жиҳатдан учта бўлимга бирлаштирилган 36 тадқиқот институтини ўз ичига олади: физика, математика ва техника фанлари; кимёвий, биологик ва геофанлар; ижтимоий ва гуманитар фанлар.
Шулар қаторида «Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази доимий равишда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси билан ҳамкорликда “Ўзбекистонда жамоатчилик фикрини ўрганиш ва шакллантиришнинг долзарб муаммолари: усуллар, назария ва амалиёт” доимий халқаро илмий-амалий семинарларини социологик ўқишлар доирасида ўтказиб боради.
Ушбу ҳамкорликдан кўзланган мақсад, янги воқеликлар шароитида Ўзбекистон жамиятининг ривожланиши, замонавий таълимнинг муаммо ва истиқболлари, шунингдек, замонавий дунёда илм-фаннинг ўрни масалалари, жамоатчилик фикри сўровлари - фуқаролик жамиятининг фуқаролар ижтимоий кайфияти ва орзу-умидларини акс эттирувчи ва узатувчи, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига сиёсий соҳада, бизнес, мамлакат ижтимоий ҳаётида тўғри қарорлар қабул қилишда кўмаклашувчи муҳим воситаси ҳисобланади. Жамоатчилик фикрини ўрганишнинг кўп йиллик тажрибаси шубҳасиз бир фактни тасдиқлайди: ижтимоий тизимда инсон роли ва ўрнининг ўсиб бориши билан боғлиқ ҳолда фуқароларнинг фикрини тадқиқ этишнинг ривожланиши яна ҳам долзарблашади, ҳар бир кишининг фикри шунчаки илмий қизиқиш уйғотибгина қолмай, балки истиқболда ижтимоий ривожланишнинг мақсад ва йўналишларини танлашда катта амалий аҳамиятга эга бўлиб боради.
«Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси жамоасини ушбу тарихий ва шарафли сана 80 йиллик юбилейи билан чин дилдан табриклайди, барча илм-аҳлига куч-ғайрат, шижоат, соғлик-саломатлик, хонадонингизга бахт-саодат, ижтимоий ва илмий фаолиятингизга омадлар тилаймиз.