22

Диққат, Интернет-фирибгарлик: алдов қурбонига айланиб қолманг

Замонавий дунёда Интернет ҳаётимизнинг ажралмас таркибий қисмига айланди. Биз ундан мулоқотда, иш, ўқиш жараёнида ва турли эрмаклар учун фойдаланамиз. Интернет ҳаётимизда бизга жуда асқатади, лекин, шу билан бирга, Интернетда кўплаб хавф-хатарлар ҳам мавжуд, улардан бири фирибгарлик ҳисобланади.

Фирибгарлар фойдаланувчиларни алдаш ва уларнинг шахсий маълумотлари ёки пулларидан фойдаланиш имконини қўлга киритиш учун турли усуллардан фойдаланадилар. Улар сохта сайтлар яратиши, зарарли ҳаволалари бор электрон хатлар юбориши, ўзини банк ёки бошқа ташкилотларнинг ходимлари сифатида таништириши мумкин.

Фирибгарлар ўзларини турли ташкилотлар, жумладан, социологик хизматлар ходимлари сифатида таништириб, телефон қўнғироқларидан, айниқса, тез-тез фойдаланадилар. Улар мукофот ваъда қилиб, сўровда иштирок этишни таклиф қилиши ёки банк картаси рақами ёки шахсий кабинетингиз пароли каби шахсий маълумотларни айёрлик билан қўлга киритишга ҳаракат қилиши мумкин.

Шу муносабат билан “Ижтимоий фикр” РЖФЎМ фуқароларнинг эътиборини социологик хизматлар ходимлари номидан телефон қўнғироқлари билан боғлиқ фирибгарлик ҳолатлари кўпайиб бораётганига қаратади.

Фирибгарни қандай қилиб аниқлаш мумкин?

  • Ҳушёр бўлинг. Сизга телефон орқали қўнғироқ қилиб, ўзини қайсидир ташкилотнинг ходими деб таништирадиган нотаниш кимсаларга ишонманг.
  • Шахсий маълумотларингизни берманг. Ҳеч қачон телефон орқали банк картангиз рақами, шахсий кабинетингиз пароли ёки шу каби ўзингизнинг бошқа махфий, шахсий маълумотларингизни берманг.
  • Ахборотни текширинг. Агар сизга бирор-бир ташкилотдан қўнғироқ қилишса, қўнғироқ қилувчига ишонишга шошилманг. Ташкилотнинг сайтида кўрсатилган расмий телефон рақамига қўнғироқ қилиб, ахборотни текширинг.
  • Ҳаволаларни босманг. Электрон почта ёки нотаниш кишиларнинг хабарлари билан сизга юборилган ҳаволаларни босманг.
  • Антивирус дастурини ўрнатинг. Ўз компьютерингиз ва уяли алоқа телефонингизга сизни зарарли дастурлардан ҳимоя қиладиган ишончли антивирусни ўрнатинг.

 «Ижтимоий фикр” РЖФЎМ қандай тартибда ишлайди?

  • “Ижтимоий фикр” РЖФЎМ телефон, ф2ф (face-to-face - юзма-юз шахсий интервью) ва онлайн сўровларни фақат расман эълон қилинган тадқиқотлар доирасида ўтказади. Бу шуни англатадики:

Тадқиқотнинг олдиндан ишлаб чиқилган дастури мавжуд. Ҳар бир сўровда аниқ мақсад, методология ва саволлар рўйхати бўлади. Тадқиқот методологияси тадқиқот мақсадларига эришиш учун қандай маълумотларни тўплаш кераклигини аниқлайди. Тадқиқот мавзуси ва мақсадларига қараб, тадқиқот ходимлари респондентдан исми, ёши, яшаш жойи, касби ва бошқалар каби шахсий маълумотларни сўраши мумкин. Йиғилган шахсий маълумотлар умумий шаклда қайта ишланади ва учинчи шахсларга берилмайди. Ходимлар тадқиқот иштирокчиларининг шахсий маълумотларини сир сақлайди. Сўровлар беихтиёр ўз-ўзидан ўтказилмайди.

  • Ўтказилаётган тадқиқотлар ҳақидаги ахборотлардан фойдаланиш имкони мавжуд. “Ижтимоий фикр” РЖФЎМ Марказ томонидан амалга оширилаётган лойиҳалар ҳақида жамоатчиликни хабардор қилишга ҳаракат қилади. Бу расмий сайт, пресс-релизлар ёки бошқа алоқа каналлари орқали амалга оширилиши мумкин.
  • Сўров ўтказаётган ходимлар идентификацияланади. Сўров (айниқса, телефон ва юзма-юз сўровлар) ўтказаётган ходимларда ўзларининг “Ижтимоий фикр” РЖФЎМга тегишли ходим эканлигини тасдиқлаш имкони бўлади. Улар ўзининг хизмат гувоҳномаси рақамини, ўтказилаётган тадқиқот номини айтиши ва текшириш мумкин бўлган бошқа маълумотларни тақдим этиши мумкин.
  • «Ижтимоий фикр” РЖФЎМнинг алоқа маълумотларидан барчанинг фойдаланиш имкони мавжуд. «Ижтимоий фикр” РЖФЎМнинг расмий сайтида доимий алоқа маълумотлари, жумладан, телефон рақамлари ва ташкилот манзили кўрсатилган. Исталган киши ташкилот билан боғланиши, ўтказилаётган сўровнинг ҳақиқийлиги ёки қўнғироқ қилувчининг шахсини аниқлаб, ишонч ҳосил қилиши мумкин.

«Ижтимоий фикр” РЖФЎМнинг номини рўкач қиладиган фирибгарлар қурбонига айланмаслик учун эътибор қаратиш лозим бўлган асосий жиҳатлар:

  • Шубҳали саволлар: Агар сўров давомида сизга шахсий молиявий маълумотларингиз (банк картаси рақами, PIN-код, CVV-код), паспорт, ЖШШИР(жисмоний шахснинг шахсий идентификацион рақами) ва бошқа махфий маълумотларингизга оид саволлар берилса, бу сизни ҳушёр торттириши керак. «Ижтимоий фикр” РЖФЎМ ҳеч қачон бундай маълумотларни сўрамайди.
  • Шошилтириш ва босим: Фирибгарлар кўпинча берилаётган ахборотни ўйлаб кўриш ва текширишга сизнинг вақтингиз бўлмаслиги учун шошилинч вазиятни яратишга ҳаракат қилишади. Улар сизни жавоб беришга шошилтириши, аллақандай оқибатлар билан таҳдид қилиши мумкин. Бундай ҳолларда сиз хотиржам бўлишингиз лозим ва ҳар қандай вазиятда ҳам ҳеч қандай шахсий маълумотларни зинҳор бермаслигингиз керак.
  • Маълумотларнинг мос келмаслиги: қўнғироқ қилувчининг сизга тақдим этган маълумотларини “Ижтимоий фикр” РЖФЎМ расмий сайтидаги маълумотлар билан солиштиринг. Телефон рақамлари, тадқиқотларнинг номларига эътибор беринг. Ҳар қандай номувофиқликлар ҳам сизни ҳушёр торттириши керак.
  • Шубҳалар - текшириш учун баҳона: Агар сизда қўнғироқ қилувчи ёки сўровнинг ҳақиқийлигига заррача бўлса-да, шубҳа пайдо бўлса, Марказнинг расмий сайтида кўрсатилган телефон рақамлари орқали бевосита “Ижтимоий фикр” РЖФЎМ билан боғланишга ҳеч тортинманг. Фирибгарларнинг қурбонига айланишдан кўра, маълумотларни текширишга озгина вақт сарфлаш яхшироқ эканлигини унутманг.

Ёдингизда тутинг, ҳушёрлик ва эҳтиёткорлик фирибгарликка қарши курашишда сизнинг асосий иттифоқчиларингиз ҳисобланади. Нотаниш кишиларга ишонманг, маълумотларни текширинг ва ўз шахсий маълумотларингизни берманг.

Агар сиз фирибгарлик қурбонига айлансангиз:

Агар сиз фирибгарлик қурбонига айлансангиз, дарҳол ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига мурожаат қилинг.

Ёдингизда тутинг:

Доимо ҳушёр ва эҳтиёт бўлинг, нотаниш кишиларга ишонманг ва ўз шахсий маълумотларингизни уларга зинҳор берманг.