229

III Тошкент Халқаро инвестиция форуми

Ўзбекистон пойтахтида жорий йилнинг 2-3 май кунлари Учинчи Тошкент Халқаро инвестиция форуми (ТХИФ) бўлиб ўтмоқда, унда дунёнинг 93 та давлатидан икки ярим мингдан ортиқ хорижий меҳмонлар иштирок этмоқдалар.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Учинчи Тошкент Халқаро инвестиция форумида сўзлаган нутқида  “йилдан-йилга яхши анъанага айланиб бораётган ушбу формат доирасида юртимизда дунёнинг барча қитъаларидан янгидан-янги ишончли ҳамкорларимиз жам бўлмоқда”. “Ўтган уч йил давомида мазкур форум икки ва кўп томонлама ҳамкорликни кенгайтириш, энг долзарб муаммоларни муҳокама қилиш, илғор ғоя ва ёндашувларни ишлаб чиқиш учун самарали мулоқот майдонига айланди”,  деб таъкидлади.

Бугунги кунда мамлакатимизда инвестициялар учун қулай шарт-шароитлар яратиш, иқтисодиётнинг ёқилғи-энергетика, машинасозлик, тоғ-кон саноати, кимё ва енгил саноат, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва бошқа тармоқларига инвестиция лойиҳаларини жалб этишга кўмаклашувчи самарали инвестиция сиёсати амалга оширилмоқда. Халқаро инвестиция ҳуқуқи нормаларига мувофиқ инвестиция қонунчилиги такомиллаштирилмоқда. “Хорижий инвестициялар тўғрисида”; “Инвестиция фаолияти тўғрисида”; “Чет эллик инвесторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кафолатлари ва чора-тадбирлари тўғрисида”; “Қимматли қоғозлар бозорида инвесторларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунлар, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва ҳукумат қарорлари шаклида қабул қилинган бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар унинг асоси бўлиб хизмат қилади.

Муҳим масалалардан бири амалга оширилаётган инвестиция сиёсатининг мамлакатимиз аҳолиси томонидан идрок этилиши, оддий фуқаролар ва бизнес вакиллари ушбу соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини қандай баҳолаши билан боғлиқдир. Фуқароларнинг ишбилармонлик муҳити, тадбиркорлик субъектлари фаолияти учун яратилган шарт-шароитлар тўғрисидаги фикрини ўрганишнинг аҳамияти шундан иборатки, тадқиқот натижалари иқтисодиётни либераллаштириш, қулай инвестиция муҳитини яратиш бўйича амалий чора-тадбирлар ишлаб чиқиш, тадбиркорлар учун имкониятларни кенгайтириш имконини беради. Ишбилармонлик муҳити ҳолатини мониторинг қилиш инвестиция сиёсатини янада самарали амалга ошириш, инвесторларнинг ҳуқуқларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва ишончли ҳимоя қилиш, адолатли рақобат учун кенг имконият ва шарт-шароитлар яратиш, хусусий мулк дахлсизлиги ва суд тизимининг мустақиллигини таъминлаш имконини беради.

Шу боисдан Ўзбекистонда нафақат дунё мамлакатлари билан стратегик ҳамкорликни кенгайтириш ва мамлакатни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан янада ривожлантириш учун инвестиция капиталини жалб этиш, Ўзбекистон томонидан барқарор иқтисодий ўсишга эришиш, аҳоли даромадларини ошириш ҳамда қулай инвестициявий ва бизнес-муҳитни яратишга, балки ушбу соҳада қилинаётган хатти-ҳаракатлар сифатий ва миқдорий кўрсаткичларни яхшилашга ёрдам берадиган мақбул ва самарали бошқарув қарорлари ва воситаларини ишлаб чиқиш мақсадида Ўзбекистон фуқароларига қандай таъсир кўрсатаётганига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. “Ижтимоий фикр” РЖФЎМ мунтазам равишда жамоатчилик фикри сўровларини ўтказиб келмоқда, сўровлар натижалари Ўзбекистон фуқароларининг мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш жараёнлари, ўз фаровонлиги, давлат ҳокимиятининг даъват ва таҳдидларга муносабат билдириш, фуқароларнинг долзарб муаммоларини ҳал қилиш қобилиятини идрок этишининг ижобий динамикасини кўрсатмоқда.

Мамлакатимизда тинчлик-осойишталик ва барқарорликнинг таъминланаётгани Ўзбекистон инвестициявий салоҳиятини ривожлантиришда алоҳида аҳамият ва жозибадорлик касб этади, бу аҳоли ўртасида ўтказилаётган доимий сўровлар натижалари билан ҳам таъкидланмоқда. «Ўзбекистон-2030» стратегияси доирасида давлат ва жамиятнинг барқарор ривожланишини таъминлаш, мамлакатнинг инвестициявий салоҳиятини ривожлантириш ва аҳоли фаровонлигини оширишга хизмат қилувчи кенг кўламли, узоқ истиқболга мўлжалланган ислоҳотлар амалга оширилмоқда,  мамлакатимиз фуқароларининг аксарияти бугунги кунда тинч ва осойишта ҳаётимиз таъминлангани, ноқонуний хуружлардан аҳоли хавфсизлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани, ижтимоий низо ва фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, жамиятда бағрикенглик, дўстлик ва инсонпарварлик ҳукм сураётгани энг муҳим ютуқлардандир, деб ҳисоблайди. Сўров иштирокчиларининг ишончи комилки, дунёнинг кўплаб нуқталарида қуролли тўқнашувлар, фуқаролик урушлари ва қарама-қаршиликлар барҳам топмаётган бир пайтда давлатимиз учун мунозарали масалалар бўйича конструктив музокаралар олиб бориш ва ҳар қандай даражадаги қарама-қаршиликларни юзага келишининг дастлабки босқичидаёқ ҳал этиш алоҳида аҳамиятли ютуқ ҳисобланади.

«Ўзбекистон-2030» стратегиясини амалга ошириш доирасида иқтисодий соҳада олиб борилаётган ва ташқи савдо, солиқ ва молия сиёсатини эркинлаштириш, фойдаланилмаётган иқтисодий салоҳиятни ривожлантириш учун ташқи инвестицияларни жалб этиш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва бизнесни ривожлантириш, тайёр маҳаллий маҳсулотлар экспортини кўпайтириш, қишлоқ хўжалиги соҳасини қўллаб-қувватлаш, газ конларини ўзлаштириш, электр ва газ тармоқларини модернизация қилиш, минтақаларнинг жадал ривожланишини таъминлаш, улар ўртасидаги иқтисодий нотенгликни камайтириш, барча туман ва шаҳарларни мутаносиб равишда ривожлантиришга қаратилган ислоҳотлар сўралган респондентлар орасида юксак эътирофга сазовордир. Мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш ва ҳимоя қилиш, фаол фуқаролик жамиятини шакллантириш борасида тизимли ишлар амалга оширилаётгани, шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқларни таъминлаш соҳасида аниқ мақсадли чора-тадбирлар амалга оширилаётгани тадбиркорлик ва бизнесни ривожлантиришда алоҳида аҳамият касб этмоқда. Тадқиқотлар инсон манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасида эришилган натижаларга мамлакат аҳолиси томонидан юксак баҳо берилаётганидан далолат беради. Мамлакатимизда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотлар жамиятда ижобий идрок этилмоқда, фуқаролар янги Конституциянинг қабул қилинишини мамлакатимизнинг демократик, иқтисодий ва ижтимоий тараққиёт йўлидан боришини таъминлайдиган улкан тарихий аҳамиятга эга воқеа, деб ҳисоблайдилар. Фуқаролар сўнгги йилларда халқаро муносабатларнинг тенг ҳуқуқли иштирокчиси сифатида мамлакатимизнинг мавқеи ва роли хавфсизлик, савдо-иқтисодий, сув, энергетика, транспорт ва маданий-гуманитар соҳаларда сезиларли даражада ошганини таъкидладилар. Мамлакатимиз яқин хориждаги анъанавий ҳамкорлари билан ҳамкорликни нафақат кенгайтириб, чуқурлаштирмоқда, балки янги алоқалар ўрнатмоқда, уларнинг географиясини кенгайтирмоқда. Респондентларнинг фикрича, кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда замонавий даъват ва таҳдидларга қарши курашиш мақсадида мамлакатимизнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти, Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги каби халқаро ташкилотлар фаолиятидаги фаоллиги кучайиб бораётгани алоҳида аҳамиятга эгадир.

РЖФЎМ томонидан олиб борилган тадқиқотлар шуни тасдиқлайдики, Ўзбекистон фуқаролари давлатнинг инвестиция сиёсатини ва Ўзбекистоннинг яқин ва узоқ хориж давлатлари билан самарали иқтисодий ҳамкорлиги учун шарт-шароитлар яратишга, кенг, очиқ, ўзаро манфаатли ҳамда тенг ҳуқуқли ҳамкорлик ва стратегик шериклик муносабатларини шакллантиришга қаратилган чора-тадбирларни умуман ижобий баҳолайди.

Сўров натижалари Ўзбекистон фуқароларининг мамлакатимизни жаҳоннинг иқтисодиёти барқарор ўсиб бораётган етакчи давлатлари қаторига олиб чиқишга қодир инвестицион салоҳиятини ошириш бўйича ижобий орзу-умидларидан далолат беради.