26

СЎЗ — ЖАМИЯТНИ ЎЗГАРТИРИШДАГИ ЭНГ КАТТА КУЧ.

ЮНЕСКО ташаббуси билан 1993 йилдан бери ҳар йили 3 май куни дунё бўйлаб Бутунжаҳон сўз эркинлиги куни сифатида нишонланади. Бу сана — жамиятда фикрлар хилма-хиллигини таъминлаш, ахборот шаффофлиги ва холис журналистик фаолиятни қўллаб-қувватлашнинг рамзий ифодасидир.

Сўз эркинлиги фақатгина ҳуқуқ эмас, балки жавобгарлик, ахлоқ ва онгли фаолликни ҳам назарда тутади. Бу принцип фуқаролик жамиятининг барқарорлиги, давлат фаолиятининг очиқлиги ва инсон қадрининг кафолати сифатида намоён бўлади.

Юртимизда сўз эркинлигини таъминлаш, ОАВ фаолиятини эркин ва мустақил равишда йўлга қўйиш, ахборот маконида юксак маданият ва масъулият муҳитини шакллантириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, ОАВ ва блогерлар учун яратилаётган ҳуқуқий, технологик ва таълимий шароитлар сўз эркинлигининг ҳуқуқий кафолатларини мустаҳкамламоқда.

Айни пайтда, жамоатчилик фикрини тизимли ва илмий асосда ўрганиш орқали сўз эркинлигига бўлган ижтимоий муносабатни чуқур таҳлил қилиш муҳим аҳамият касб этмоқда. Шу маънода, “Ижтимоий фикр” Республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан ўтказиб келинаётган социологик сўровлар натижалари шундан далолат берадики, аҳолининг аксар қисми фикр билдириш эркинлигини жамият тараққиётининг асосий шартларидан бири сифатида баҳоламоқда.

Фуқаролар ахборот манбаларининг холислиги ва давлат идораларининг оммавий коммуникациялар билан ҳамкорлигини юқори баҳоламоқда. Хусусан, ёшлар орасида интернет ва рақамли медиа манбаларига ишончнинг ортиши жамиятнинг ахборот саводхонлиги даражасини англатади.

Сўз эркинлиги — фақатгина журналист ёки блогер учун эмас, ҳар бир онгли фуқаро учун ҳам масъулиятдир. Ҳақиқатни излаш, холис ахборотни тарқатиш ва нотўғри маълумотга қарши туриш ҳар биримиздан ахлоқий позиция талаб этади.

3 май кунини нишонлаш — бу ҳақиқатни ҳимоя қилиш, адолатни ёритиш ва фикрлар хилма-хиллигини эътироф этиш демакдир.