17

Фуқаролар китоб мутолааси ҳақида: қизиқишлар ва афзалликлар

Ҳозирги кунда китоб ўқиш маданияти ва унга бўлган қизиқиш жамиятнинг интеллектуал ривожланишида муҳим аҳамият касб этади. Фуқароларнинг китоб мутолаасига бўлган муносабати, уларнинг афзал кўрган асарлари ва жанрлари ҳақидаги таҳлиллар китобхонлик маданиятининг шаклланишига таъсир кўрсатади.

“Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази томонидан Фуқаролар китоб мутолааси ҳақида: қизиқишлар ва афзалликлар мавзусидаги жамоатчилик фикри сўровини ўтказишни бошлади.

Тадқиқот ўтказишдан мақсад юртдошларимиз ўртасида, турли ёш гуруҳларида китобга бўлган қизиқишларини аниқлаш, юртдошларимиз кўпроқ қайси жанрлардаги китобга қизиқиш билдираётганлигини таҳлил қилиш, шунингдек, электрон китоблар ва аудиокитобларга бўлган талаб қандайлигини аниқлашни ҳам ўз ичига олган.

Бундан ташқари, китобхонлар кўпроқ қайси муаллифларнинг асарларини ўқишлари, мутолаа учун кўпинча қандай жойларни танлашлари, китобхонлар китобларни асосан қаердан олишлари ҳақида фикр мулоҳазаларини ўрганишдан иборат.

Шунингдек, республикамизда китобхонликни кенг тарғиб қилиш мақсадида 2017 йилдан буён “Ёш китобхон” танлови ташкил этилмоқда. Мазкур танлов ёш авлоднинг китобга бўлган қизиқишини ошириш, уларни бадиий ва илмий адабиётга жалб этиш мақсадида ўтказилади.

“Ёш китобхон” танлови фақатгина ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш эмас, балки уларни ижодий ва танқидий фикрлашга ўргатишда ҳам муҳим ўрин тутади. Бу каби тадбирлар жамиятда китоб мутолаасига бўлган қизиқишни кучайтиришга ва маънавий ривожланишга ҳисса қўшади.