22.04.2024
249
Жорий йилнинг 20 апрел куни Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети “Социология” кафедраси томонидан “Ижтимоий фикр” Республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати, Ю. Боласоғоний номидаги Қирғизистон миллий университети, Л.Н. Гумилев номидаги Евросиё миллий университети, Тожикистон миллий университети, Қозоқ миллий қизлар педагогика университети билан ҳамкорликда “Замонавий дунёнинг социомаданий манзараси ва ижтимоий тизимлар трансформацияси” мавзусида Халқаро илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди.
Мазкур анжуман халқаро илмий-амалий характерга эга бўлиб, сўнгги йигирма йил ичида янги ижтимоий воқеликка айланган замонавий жамият динамикасини таҳлил қилишга бағишланган.
Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ёшлар, фан, таълим масалалари қўмитаси раисининг ўринбосари, тиббиёт фанлари номзоди., Д.Ғ.Тошмуҳамедова — “Замонавий Ўзбекистон ёшлари ижтимоийлашувининг янги ва анъанавий институтлари” мавзусида маъруза қилдилар.
Конференцияда замонавий дунёда кечаётган ижтимоий трансформациялар жамиятнинг социомаданий манзарасига таъсири омиллари социологик таҳлил этилди. Хусусан, рақамли тараққиёт шароитида ижтимоий институтлар ва жараёнлардаги динамик ўзгаришларнинг минтақавий хусусиятлари назарий-эмпирик тадқиқотлар кесимида муҳокама этилди.
Анжуманда Ю.Боласоғоний номидаги Қирғизистон миллий университети “Социология ва Ижтимоий иш” кафедраси мудири, социология фанлари номзоди, доцент, А.Р.Жусубалиев — “Қирғизистондаги этнодемографик жараёнлар: тарих ва замонавийлик” мавзусида маърузаси билан иштирок этди.
Ушбу конференция доирасида рақамли технологиялар, таълим, иқтисодиёт, миграция, менталитет, ёшлар, оила ва гендер, бандлик, бошқарув, урбанизатсия каби йўналиш ва соҳаларда инновацион технологияларга оид маърузалар тингланди.
Шунингдек, “Ижтимоий фикр” Республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази директори, иқтисод фанлари доктори, Н.Х.Рахимова - “Ижтимоий трансформация шароитларида янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси контекстида жамоатчилик фикрини ўрганишнинг долзарб тенденциялари” мавзусида маъруза билан иштирок этди.
Бугунги кунда глобаллашув шароитида дунё мамлакатлари барча соҳаларда, барқарор тараққиёт йўлида ўзларининг ўринларига эга бўлиб бормоқда. Албатта, бунда ҳар бир давлатнинг табиий ва иқтисодий омиллари билан бирга инсон омили, жумладан, ёш авлодларни тарбиялаш, шарт-шароитлар яратиш, уларнинг интеллектуал салоҳиятидан самарали фойдаланиш муҳим. Давлат ва жамият бошқарувида ҳам, бизнесни тараққий эттиришда ҳам, умуман, барча соҳа ривожида салоҳиятли ёшнинг алоҳида оʻрни бор. Сабаби, улар жамият учун “янги қон” вазифасини оʻтайди. Янгидан-янги ташаббус-ғояларни илгари суриш, замонавий иш юритиш услубларини жорий қилишда замонавий дунёнинг ижтимоий манзараси ва жамият тузилмалари трансформациялашуви масалаларини ўрганиш ва таҳлил этиш алоҳида аҳамият касб этади.
Конференцияда, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси “Бошқарув социологияси ва психологияси” кафедраси мудири, социология фанлари доктори, профессор, М.Б.Бекмуродов — “Янги Ўзбекистонда трансформацион жараёнларнинг инклюзив моҳияти” мавзусида маъруза қилдилар.
Анжуманда Тожикистон Миллий университети Социология кафедраси доценти, социология фанлари номзоди, М.Т.Таваллоев “Замонавий дунёда интегратсиянинг баъзи аспектлари ва уларнинг намоён бўлиши” мавзусида маъруза қилди.
Л.Н. Гумилев номидаги Евросиё миллий университети доценти, социология фанлари бўйича фалсафа доктори PhD, Н.О.Байгабылов “Қозоғистонда аҳолининг фаровонлиги ва қашшоқлиги даражасини баҳоланишнинг эмпирик тадқиқотлари натижалари” мавзусида маъруза қилди.
Қозоқ миллий хотин-қизлар педагогика университети доценти социология фанлари бўйича фалсафа доктори, доцент А.К.Есенгалиева “Авлодлар назарияси доирасида ижтимоий-маданий қадриятларнинг трансформациялашуви” мавзусида маъруза қилинди.
Шунингдек, мазкур конференция орқали халқаро эксперт ва олимлар, соҳа мутахассислари илмий-тадқиқот ишларининг сифати ва самарадорлигини оширилиши, мамлакатларининг илм-фан, маданият ҳамда халқ дипломатияси соҳасидаги тажрибалари ўрганиши амалга оширилди ва илғор технологиялардан фойдаланиш юзасидан тавсиялар ишлаб чиқилди ҳамда ҳамкорликни ривожлантириш бўйича муаммолар ва уларнинг ечимлари бўйича хулоса ҳамда таклифлар берилди.
Конференция давомида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси, 20 га яқин хорижий давлатлардан ҳамкорлар, жумладан Қозоғистон Республикаси Н.Гумилев номидаги Евросиё миллий университети, М.Ауезов номидаги Жанубий Қозогʻистон университети, Ж. Баласагын номли Қирғизистон миллий университети, Тожикистон миллий университети, Қозоқ миллий қизлар педагогика университети, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати, Ўзбекистон халқаро Ислом академияси, Алишер Навоий номидаги Ўзбек тили ва адабиёти университети профессор-ўқитувчилари, амалиётчи мутахассислар, илмий ходимлар, докторантлар, изланувчилар, магистрлар ва талабалар иштирок этди.
Конференция сўнгида хорижий мутахассислар талабаларга махсус семинар-тренинглар олиб борди. Фаол иштирок этган иштирокчилар сертификатлар билан тақдирланди.