18.04.2025
33
Ўзбекистонда ёшларнинг бандлигини таъминлаш, меҳнат бозорида уларнинг муносиб ўрнига эришишини қўллаб-қувватлаш, таълим жараёни билан меҳнат соҳаси ўртасида самарали интеграцияни таъминлаш давлат сиёсатида устувор йўналишлардан бири ҳисобланади. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ–616-сонли “Аҳоли бандлигини ошириш ва меҳнат органлари фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида аҳолининг, айниқса ёшларнинг меҳнатга жалб этилишини таъминлаш учун институционал ва ташкилий чора-тадбирлар белгиланган.
Шу муносабат билан, 2025 йил 18 апрел куни Ўзбекистон Миллий университетида ўтказилган меҳнат ярмаркасида “Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази ҳам фаол иштирок этди. Тадбирнинг мақсади – талабалар ва битирувчи мутахассисларни меҳнат бозорига тайёрлаш, уларни соҳага мувофиқ иш ўринлари билан таништириш, шунингдек, илмий-тадқиқот ва “Ижтимоий фикр” марказидаги бўш иш ўринлари учун истиқболли ёш кадрлар салоҳиятини аниқлашдан иборат бўлди.
Марказ мутахассислари томонидан иштирокчиларга социологик тадқиқот жараёнлари, жамоатчилик фикрини ўрганиш методологияси, соҳадаги амалиёт ва стажировка имкониятлари ҳақида батафсил маълумотлар берилди. Ярмарка доирасида талабалар билан очиқ мулоқотлар ўтказилиб, уларнинг касбий қизиқишлари, жамиятга муносабати, меҳнатга тайёргарлиги ва фаол фуқаролик позициясига эга бўлиш салоҳияти ўрганилди.
Мазкур тадбир мамлакатимизда олиб борилаётган “Ёшлар — Янги Ўзбекистон келажаги” ғояси доирасидаги давлат сиёсатига ҳамоҳанг бўлиб, таълим муассасалари ва давлат ташкилотлари ўртасида самарали ҳамкорликни мустаҳкамлаш, инсон капиталини юксалтириш, соғлом фуқаролик жамиятини шакллантиришга хизмат қилади.
“Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш марказининг бу каби тадбирлардаги иштироки ёшлар билан тўғридан-тўғри мулоқотни йўлга қўйиш, уларнинг фикри ва муносабатларини ўрганиш ҳамда бу орқали давлат бошқаруви қарорларини илмий асосда шакллантириш имконини яратади. Шунингдек, меҳнат ярмаркалари орқали фуқароларнинг социологик маданиятини ошириш, уларни ижтимоий жараёнларда фаол иштирок этишга ундаш борасида муҳим илмий-амалий механизм шаклланади.