243

Гендер тенглик

Бугунги кунда гендер тенглиги жинсидан қатъи назар тенг имкониятларни таъминлаш зарурати туфайли кўплаб давлатларнинг сиёсатини акс эттирувчи стратегик муҳим йўналишлардан биридир. Гендер тенглиги инсоннинг муҳим ҳуқуқи бўлиб, унга эришиш инсон тараққиётини таъминлашда муҳим рол ўйнайди ва барқарор ривожланишнинг асосий омили ҳисобланади.

Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш доирасида, шунингдек, БМТнинг 2030-йилгача бўлган даврга мўлжалланган Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга ошириш ва уларга эришиш бўйича изчил ишларни ташкил этиш мақсадида мамлакатимизда гендер тенглигини таъминлаш глобал жараёнларга мувофиқ амалга оширилмоқда. Давлат бошқарувининг юқори лавозимларида хотин-қизларнинг вакиллигини ошириш, гендер тенгсизлигини бартараф этиш, парламент, ҳукумат ва суд тизимида уларнинг сонини кўпайтириш шулар жумласидандир.

Конституциянинг яқинда қабул қилинган янги таҳририда ана шу мақсадларга эришиш учун конституциявий-ҳуқуқий макон яратилиб, гендер тенглигининг ҳуқуқий кафолатлари қайд этилган. Конституциямизнинг 58-моддасида  “Аёллар ва эркаклар тенг ҳуқуқларга эга. Давлат жамият ва давлат ишларини бошқаришда, жамият ва давлат ҳаётининг бошқа соҳаларида аёллар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқ ва имкониятларини таъминлайди” деб кўрсатилган.

Гендер тенглигига эришиш бўйича стратегик кун тартибининг асосий ўринида гендер тадқиқотларини ривожлантириш долзарб мавзу бўлиб қолмоқда, шу муносабат билан “Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази ҳар йили “Фуқаролар мамлакатда гендер тенгликнинг таъминланиши ҳақида” мониторинг тадқиқотини ўтказади.

 

2023-йил 14-ноябрда Марказ томонидан, Фуқаролар мамлакатда гендер тенгликнинг таъминланиши ҳақида телефон орқали сўровни бошлади. Бунда  фуқароларнинг гендер тенглиги масалаларидан хабардорлик даражаси ва муносабатини аниқлаш, жамиятнинг турли жабҳаларида гендер тенглиги бўйича аҳоли фикрини, шунингдек, гендер тенгсизлигининг сабаблари ва уни бартараф этиш йўллари ҳақидаги фикрларни ўрганишга қаратилган.